Истанбул: расмийлар бош майдондаги норозилик намойишини тарқатиб юборди
Турк полицияси марказий Тақсим майдонида 1 май кунига бағишланган навбатдаги митингни кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида тарқатиб юборди. Оммавий ахборот воситалари намойишчилар ва полиция ўртасидаги оммавий муштлашувлар ҳақида ёзмоқда. 200 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.
Туркия полицияси 1 май, чоршанба куни Истанбулдаги Тақсим майдонида ўтказилган намойишни тарқатиб юборди. CNN Türk медиа-компанияси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўздан ёш оқизувчи газ ишлатиб, намойишчиларни тарқатиб юбориши акс этган тасвирларни эълон қилди. Қайд этилишича, хавфсизлик кучлари Сарачан туманидан Тақсим майдонига борадиган йўлни бир неча километр ортдан тўсиб, ўн минглаб полициячилардан фойдаланган ва шу орқали бир неча мудофаа чизиғини ташкил қилган. Расмийлар маршнинг тарқатиб юборилишини «хавфсизлик нуқтайи назари» билан изоҳлади.
ОАВ маълумотларига кўра, кордонларни ёриб ўтишга уриниш чоғидаги тўқнашувлар чоғида намойишчилар ва полиция ўртасида жанжал келиб чиққан. 200 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. Биргина Бешиктош туманида полиция камида 30 нафар намойишчини ушлади. Оломон: «Тақсимни тақиқлаб бўлмайди», деб ҳайқирган, дея хабар берди AFP журналисти воқеа жойидан.
Тақсим рамзий маънога эга
Истанбул марказидаги Тақсим майдони касаба уюшмалари ва мухолифат учун рамзий аҳамиятга эга: фаоллар у ерда 1977 йил 1 май воқеалари хотирасига митинг ўтказиш ниятида эди. Ўша куни снайперлар Тақсим майдонида 500 мингга яқин одам қатнашган намойишни ўққа тутган. Отишма натижасида, турли манбаларга кўра, 34 нафардан 42 нафаргача одам ҳалок бўлган, 220 киши жароҳатланган.
Майдон мухолифат намойишлари рамзига ҳам айланган: 2013 йилда бу ерда Тақсим майдони ёнида жойлашган Тақсим Гези паркидаги қурилишига қарши ҳукуматга қарши намойишлар бошланган. Улар Туркиянинг ўша пайтдаги бош вазири ва амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга қарши умуммиллий намойишларга айланиб кетди. Намойишларни бостиргандан кейин Туркия ҳукумати Тақсим майдонида ҳукуматга қарши йиғинлар ўтказишни тақиқлади.
Суд тақиқни ҳуқуқларнинг бузилиши деб топди
2023 йил охирида Туркия Конституциявий суди Тақсим майдонида намойиш ўтказишни тақиқлаш тинч йиғилиш ҳуқуқини бузади, деган қарорга келди. Туркия мухолифати етакчиси Ўзғур Ўзел тақиқни шармандалик деб атади ва Конституциявий суд қарорлари мажбурий эканлигини таъкидлади. Amnesty International ноҳукумат ташкилоти ҳам Конституциявий суд қарорига таяниб, тақиқни бекор қилишга чақирди.
AFP хабарига кўра, 2024 йил 1 май куни Ўзғур Ўзел Истанбул ҳокими Акром Имомўғли ва турк касаба уюшмалари вакиллари ҳамроҳлигида Сарачан туманидаги шаҳар ҳокимиятида бўлган. «Тақсим озод бўлгунга қадар курашни давом эттирамиз» деди Ўзел.
Мавзуга оид
14:03 / 11.12.2024
Оммавий тартибсизликлар ташкил қилишга тайёргарлик кўрганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда
07:51 / 07.12.2024
Тбилисида махсус кучлар намойишчиларни сув пуркагичлар билан тарқатиб юборди
09:10 / 04.12.2024
Гуржистонда полиция парламент биноси яқинида намойишчиларни тарқатмоқда
09:06 / 03.12.2024