Жаҳон | 12:55 / 03.08.2024
6856
15 дақиқада ўқилади

Дунёга машҳур Ferrari – пойгачи ташкил этган компания қандай ривожланганди?

Бугун дунёдаги энг қиммат ва ҳашаматли автомобилларнинг аксарияти Италияда ишлаб чиқарилади. Жумладан, Bugatti, Pagani, Alfa Romeo, Maserati ва Lamborghini автомобиллари Апенин яриморолида жойлашган корхоналарда тайёрланади. Улар орасида Ferrari ҳам бор ва унинг автомобилларини дунёнинг энг бой ва таниқли одамлари махсус буюртма бериб сотиб олишади.

Фото: Anadolu Agency

Ferrari тарихи 1930-йиллар охирига бориб тақалса-да, компания ўзининг илк автомобилини Иккинчи жаҳон урушидан кейин ишлаб чиқарган.

Ferrari компаниясини пойгачи Энцо Феррари ташкил этган. Бу шахс 1920-йиллар бошларида Италиядаги Алфа-Ромео компанияси автомобиллари билан пойгаларда қатнашарди. Бўш вақтларида шу компания автомобилларини сотиш билан шуғулланарди.

1929 йилда молиявий қийинчиликлар туфайли Алфа-Ромео компанияси автомобиллар пойгаларида иштирок этишни тўхтатади. Шунда чорасиз қолган Энцо ўзининг пойга жамоасини ташкил этади ва унга “Скудерия Феррари” деб ном беради. Жамоа пойгаларда Алфа-Ромео автомобиллари билан қатнашишда давом этади.

1939 йилда Энцо Алфа-Ромео компанияси билан алоқаларини бутунлай узади ва Auto Avio Costruzioni номи билан ўз компаниясини ташкил этади. У ўз автомобилларини ишлаб чиқаришни хоҳларди. Бироқ бу осон эмасди.

Энцо ўз фаолиятини авиация двигателларини ишлаб чиқаришдан бошлайди. У пайтларда самолётлар жуда кичик бўлиб, уларга ихчам двигателлар ўрнатиларди.

Энцо Феррари ёшлигида
Фото: alamy.com

Иккинчи жаҳон урушида Италия нисбатан тинч эди. Мамлакатга Ҳитлернинг иттифоқдоши Муссолини раҳбарлик қилар, лекин италияликлар немисларга ўхшаб актив уруш олиб бормасди.

Ана шундай шароитда Энцо уруш тугагунча турли ускуналар тайёрлаб туришга мажбур бўлади. У ўзининг биринчи автомобилини урушдан сўнг 1947 йилда ишлаб чиқаради. Бу 125 S пойга автомобили эди.

Орадан бир йил ўтгач, Энцо Ferrari 166 Inter автомобилини тайёрлади. Ўша йилдан бошлаб Ferrari автомобиллари пойгаларда қатнаша бошлайди ва бир неча марта ғалаба қозонади.

1950 йилда America русумидаги автомобиллар ишлаб чиқарилади. Ўша йили илк бор Формула-1 пойгалари ташкил этилади ва унда Ferrari автомобиллари ҳам қатнашади.

1953 йилда компания Ferrari 250 автомобилини ишлаб чиқара бошлайди. Бу автомобил ўз кўриниши ва имкониятлари билан бошқа кўплаб автомобиллардан устун эди.

1950-йиллар бошларида Ferrari компанияси ҳали унча оммалашмаган эди. 1954 йилда Ferrari компанияси 200 та оддий ва 250 дона пойга автомобиллари ишлаб чиқаради.

1956 йилда Энцо Феррарининг ўғли Алфредо “Дино” Феррари 24 ёшида вафот этади. У V-6 двигателлари ва Ferrari Dino ва Fiat Dino автомобиллари лойиҳасини яратганди.

Энцо Феррари ўғли Алфредо Дино Феррари билан
Фото: libero.it

Ўғлининг эрта ўлими Энцо Феррарига жуда қаттиқ таъсир қилади. Бироқ кўп ўтмай у ўзини қўлга олади ва компанияни ривожлантиришда давом этади.

1960 йилда Societa Esercizio Fabbriche Automobili e Corse (SEFAC) компанияси ташкил этилади. Бу пайтга келиб Ferrari ўз маҳсулотларининг 40 фоизини Америкага экспорт қилаётганди.

Ўша пайтларда компания Ferrari 250 GTE, Ferrari 330 GT, Ferrari Berlinetta Lusso, Ferrari Daytona каби автомобилларни ишлаб чиқарарди.

Шунингдек, ўша пайтларда компаниянинг энг муваффақиятли лойиҳаларидан бири Ferrari 250 GTO автомобиллари ишлаб чиқарилган.

1960-йилларнинг иккинчи ярмида савдо ҳажми кескин пасайиб кетади. Масалан, 1969 йилда Ferrari бор-йўғи 619 дона автомобил сотади холос.

1969 йил Энцо Феррари Ferrari компаниясига тегишли акцияларнинг 50 фоизини Италиядаги йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси бўлган Fiat компаниясига сотади.

1962 йилда ишлаб чиқарилган Ferrari 250 GTO. Бу русумдаги машиналар ҳозир бир неча ўн млн долларга баҳоланади.
Фото: autoblog.it

Қолган 50 фоиз акция ва пойга автомобиллари ишлаб чиқарувчи бўлим назорати Энцонинг ўзида сақланиб қолади.

Шундан сўнг Fiat компанияга катта миқдорда сармоя киритади ва ишлаб чиқаришни кенгайтиради. 1970 йилда Ferrari 1000 дона қимматбаҳо автомобил ишлаб чиқарган бўлса, бу кўрсаткич 1970-йилларнинг иккинчи ярмида 2000 донага етади.

1988 йилда Ferrari асосчиси Энцо Феррари 90 ёшида вафот этади. Шундан сўнг Fiat компания акцияларининг яна 40 фоизини сотиб олади ва ўз улушини 90 фоизга етказади.

Энцо Феррари ўлимидан аввал ишлаган энг охирги лойиҳаси Ferrari F40 автомобили эди.

Ислоҳотлар

1992 йилда Лука Кордеро ди Монтедземоло Ferrari компанияси директори этиб тайинланади. У бу вазифада 2014 йилгача ишлайди. Лука ишни эски русумдаги автомобилларни ишлаб чиқаришни тўхтатиш ва янги русумларни тайёрлашдан бошлайди.

Жумладан, унинг даврида 9 та янги русумдаги авиомобилларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Улар орасида нисбатан бироз арзон бўлган ва нархи 166 минг доллардан бошланадиган Ferrari 355 автомобили ҳам бор эди.

Ferrari 355  автомобили
Фото: carsandtuning.org

1997 йилда Fiat Ferrari компаниясини яна бир қимматбаҳо спорт автомобиллари ишлаб чиқарувчи Maserati билан бирлаштиради. 2005 йилда ҳар икки компания яна алоҳида қилинади.

2014 йилда Fiat Chrysler Automobiles NV (FCA) компанияси Ferrari’ни алоҳида компанияга айлантириш ҳақида эълон қилади. 2015 йил сентябр ойида Нидерландияда Ferrari’нинг 100 фоиз акцияларига эгалик қилувчи Ferrari N.V. ҳолдинг компанияси рўйхатга олинади.

Шундан сўнг ҳолдинг компания акциялари аввалига Ню-Йорк, кейин Италия ва бошқа фонд биржаларига чиқарилади. Бугунги кунда Ferrari N.V. ҳолдинг компаниясининг 24 фоиз акцияси Анеллилар оиласига, 10 фоиз акцияси Пиеро Феррари ва 6 фоизи Американинг BlackRock инвестиция компаниясида. Қолгани бошқаларда.

Ҳозирда компания директорлар кенгаши раҳбари ва президенти Жонн Элканн. У шунингдек Exor ва Stellantis компаниялари директорлар кенгашига ҳам раҳбарлик қилади. Пиеро Феррари эса компания вице-президенти ҳисобланади. Бенедетто Виня эса компания бош директори ҳисобланади.

Фото: onedio.com

Компаниянинг кўрсаткичлари

2008 йилда компания 6 662 дона автомобил ишлаб чиқариб, сотган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 13 663 донани ташкил этган. Бундан ташқари, компания нафақат ўз автомобилларига, Maserati автомобилларига ҳам двигателлар тайёрлаб берган.

2023 йилда Ferrari компаниясининг даромади 5,97 млрд долларни ташкил этган. Унинг 40 фоизи Европа, Яқин Шарқ ва Африкада, 28 фоизи Америка қитъаси, 11 фоизи Хитой, Тайван ва Ҳонгконг, 17 фоизи Осиё-Тинч океани минтақасидаги савдолардан олинган.

Дунё бўйлаб сотилаётган нархи 200 минг доллардан бошланадиган қимматбаҳо автомобилларнинг 25 фоизини Ferrari тайёрлайди. Америкада бу кўрсаткич 20 фоизни, Хитойда эса 40 фоизни ташкил этади.

Компания Формула-1 пойгаларида қатнашувчи автомобилларини Scuderia Ferrari деб номланган алоҳида бўлимида ишлаб чиқаради. Ferrari автомобиллари Формула-1 мусобақаларида 15 марта чемпион бўлган, 16 марта Конструкторлар кубогида ғалаба қозонган.

Феррари Формула-1 мусобақаларида
Фото: alamy.com

Феррарининг энг машҳур русумлари

Ferrari 125 S, 1947 йил. Ferrari 125 S Энцо Феррарининг ўз бренди остида ишлаб чиқарган биринчи автомобили ҳисобланади. Бу автомобилга Феррари томонидан ишлаб чиқарилган, 12 цилиндрли 118 от кучига эга двигател ўрнатилганди.

Ferrari 250 GTO, 1962 йил. Ferrari 250 GTO автомобиллари 1962-1964 йилларда ишлаб чиқарилган. У Халқаро автомобил федерацияси чемпионатида 1962, 1963, 1964 йилларда ҳажми 2 литрли двигателлар орасида конструкторлар кубогини қўлга киритади.

Ушбу автомобилдан компания 36 дона (бошқа манбаларда 39 дона) ишлаб чиқарилган. Бундан бир неча йил аввал 1963 йилда ишлаб чиқарилган Ferrari 250 GTO 52 млн долларга сотилди ва дунёдаги энг қиммат автомобил номини олди. Чунки унгача биронта автомобил бунча нархга сотилмаган эди.

1968 йилда ишлаб чиқарилган Ferrari 365 GTB/4 Daytona
Фото: carjager.com

Ferrari 365 GTB/4 Daytona, 1968 йил. Ferrari 365 GTB/4 Daytona автомобили 1968-1973 йиллар оралиғида ишлаб чиқарилган. Бу автомобил икки эшикли ва икки ўриндиқли бўлиб, унга 352 от кучига эга бўлган 4,4 литр ҳажмга эга двигател ўрнатилган.

Ушбу автомобилдан Америкада суратга олинган Майами полицияси сериалида фойдаланишади. Шундан сўнг унга америкаликлардан кўплаб буюртмалар тушади. Шу тариқа, Ferrari 365 GTB/4 Daytona Феррари автомобилларининг АҚШда оммалашишига сабабчи бўлади.

Ferrari Dino 246 GT/GTS, 1969 йил. Феррари компанияси Ferrari Dino туркумига кирувчи автомобил русумини илк бор 1956 йилда ишлаб чиқарган. Кейинчалик унинг бир нечта русумлари тайёрланади.

Энцо Феррари 1956 йилда 24 ёшида вафот этган ўғли Алфредо “Дино” Феррари шарафига бу турдаги автомобилларни Ferrari Dino деб номлаган эди.

Ferrari Dino 246 GT/GTS русумли автомобиллар 1969-1973 йиллар давомида ишлаб чиқарилган. Ушбу автомобилга 2,4 литр ҳажмли, 195 от кучига эга бўлган двигател ўрнатилган.

Ferrari Dino 246 GT/GTS автомобилларидан жами 3 569 дона тайёрлаб сотилган. Бу автомобил нархи бироз арзон сотилгани учун ҳам унга харидор кўп бўлган.

Ferrari F40
Фото: alamy.com

Ferrari F40, 1987 йил. 1987 йил компания ўзининг 40 йиллик юбилейига совға сифатида Ferrari F40 русумини тайёрлайди. Ўша пайтда бу автомобил қимматбаҳо спорт автомобиллари орасида энг яхшиси бўлган.

Ferrari F40 автомобиллари 1987 йилдан 1992 йилгача ишлаб чиқарилган. Бу русум Энцо Феррари томонидан тайёрланган сўнгги лойиҳа эди. Ferrari F40 автомобили чиқарила бошлангандан бир йил ўтиб у 90 ёшида вафот этади.

Икки эшикли ва икки ўриндиқли бўлган бу автомобилдан аввалига 400 дона ишлаб чиқариш режа қилинади. Бироқ талаб ошиб кетгани учун компания ундан жами 1 315 дона тайёрлаган. Бугун гарчи эски бўлса ҳам Ferrari F40 автомобиллари ўртача 1 млн доллар нархланади.

Ferrari F355, 1994 йил. Ferrari F355 1994-1999 йиллар оралиғида ишлаб чиқарилган бўлиб, у компания автомобиллари орасида энг чиройлиси ҳисобланади.

Икки эшикли ва икки ўриндиқли мазкур автомобилга талаб жуда юқори бўлган. Феррари ундан жами 11 273 дона тайёрлаб сотган.

Ferrari F399, 1999 йил. Рўйхатимиздаги бошқа русумлардан фарқли равишда Ferrari F399 пойга автомобили бўлган. 1980-йиллардан бошлаб Феррари Формула-1 пойгаларида муваффақиятли қатнаша бошлайди.

Бироқ жамоа аъзолари шахсий ҳисобда чемпион бўла олмаётганди. 1995 йилда Феррари жамоасига германиялик Михаэл Шумахер келади.

1998 йилда Ferrari F300, 1999 йилда Ferrari F399 болидлари билан иккинчи ўринни эгаллаган спортчи ниҳоят 2000 йилда чемпион бўлади ва шундан сўнг бир неча йил давомида у F399 автомобили билан ғолибликни ҳеч кимга бермайди.

Ferrari Enzo
Фото: istockpro.com

Ferrari Enzo, 2002 йил. Ferrari Enzo автомобили 2002-2004 йилларда ишлаб чиқарилган. Бу русумнинг номи Феррари асосчиси Энцо Феррари номига қўйилган бўлиб, ундан жами 400 дона тайёрланган.

Мазкур автомобилга 6 литр ҳажмга эга 660 от кучига тенг двигател ўрнатилган. Ferrari Enzo илк ишлаб чиқарилган пайтларида 700 минг долларга нархланган. Ҳозир эса улар 2 млн долларга қимматлаган.

Ferrari 458 Speciale, 2013 йил. Ferrari 458 Speciale автомобили 2013-2015 йилларда ишлаб чиқарилган. Икки эшикли ва икки ўриндиқли бу автомобилга 4,5 литр ҳажмли, 605 от кучига эга бўлган двигател ўрнатилган.

Ушбу автомобил ҳам компаниянинг муваффақиятли лойиҳаларидан бири бўлиб, ундан 1 309 дона тайёрлаб, сотилган. Ferrari 458 Speciale Феррари томонидан ишлаб чиқарилган атмосфера двигатели билан жиҳозланган сўнгги русум ҳисобланади.

Ferrari LaFerrari
Фото: alamy.com

Ferrari Laferrari. Ferrari Laferrari автомобиллари 2013-2018 йиллар оралиғида ишлаб чиқарилган. 2013-2016 йилларда 500 дона купе, 2016-2018 йилларда 210 дона Aperta кўринишида Ferrari Laferrari тайёрланган.

Икки эшикли ва икки ўриндиқли гиперкарга 963 от кучига эга бўлган двигател ўрнатилган. Ferrari Laferrari экологик жиҳатдан жуда “тоза” автомобил ҳисобланади.

У 1 км масофага ҳаракатланганда атмосферага бор-йўғи 545 грамм заҳарли чиқинди чиқаради. Маълумот учун, Ferrari Enzo автомобили атмосферага бундан икки баробар кўп заҳарли газ чиқарган.

Бугунги кунда Ferrari Laferrari автомобилларининг энг арзони 1 млн долларга баҳоланади.

Таниқли мижозлар

Дунёнинг бой ва таниқли кишилари, машҳур спортчилар Ferrari компанияси мижози ҳисобланади. Жумладан, футболчи Златан Иброҳимович, Формула-1 пойгачилари Люис Ҳэмилтон, Фелипе Масса, таниқли актёрлар Киану Ривз, Роберт Дауни кабилар Ferrari’нинг турли русумларига эгалик қилишади.

Залатан Иброҳимович Феррари автомобили билан
Фото: naslovi.net

Бундан ташқари, футбол юлдузлари Криштиану Роналду, Лионел Месси ва бошқаларда ҳам бир нечтадан Ferrari автомобиллари бор. Лионел Мессида Ferrari F430 бор эди. У 36 млн доллар эвазига 1957 йилда ишлаб чиқарилган Ferrari 335 S Spider Scaglietti автомобилини ҳам харид қилади.

Месси сотиб олган автомобилда пойгачи Стирлинг Мосс 1958 йилда Кубада ўтказилган Формула-1 пойгаларида ғолиб чиққан. Маълумотларга кўра, ўшанда аукционда Мессига Криштиану Роналду рақиблик қилган.

Роналдуда учта Ferrari бор. Улардан энг қимматини футболчи 2,35 млн долларга сотиб олган.

Месси 36 млн долларга сотиб олган Ferrari 335 Sport Spider Scaglietti
Фото: worldcarfans.com

Қора рўйхатдагилар

Ferrari компаниясида қора рўйхат бор ва унга Ferrari автомобилларини танқид қилган шахслар киритилади. Бундай шахсларга қанча пул таклиф қилишидан қатъи назар компания автомобиллари умуман сотилмайди.

Улардан бири машҳур Ҳолливуд актёри Николас Кейж ҳисобланади. У ўзи эгалик қиладиган Ferrari автомобилини компаниядан рухсат олмасдан реклама ролигида ишлатгани учун қора рўйхатга киритилган.

Шунингдек, рўйхатда боксчи Флойд Мейвезер ҳам бор. У ўзидаги Ferrari автомобилини фирибгарлик йўли билан сотишга урингани учун рўйхатга тиркалган.

Флойд Майвезер Феррари ва Мерседес автомобиллари билан
Фото: clicrbs.com.br

Таниқли рэпер 50 Cent ва Жастин Бибер Феррари автомобиллари ҳақида салбий гаплар гапиришгани учун қора рўйхатга тушишган.

Компания бугун

2023 йилда Ferrari компанияси 13 663 дона машина сотган ва 5,97 млрд даромад қилган. Шундан 1,26 млрд доллар соф фойда бўлган. Шу тариқа компания биринчи марта соф фойдасини млрд доллардан ошира олган.

2022 йилга қараганда ўтган йил Ferrari даромади 17 фоизга, соф фойда эса 34 фоизга ошган. 2023 йилда сотилган автомобилларнинг ярми гибрид автомобиллар бўлган.

Жорий йилда компания илк марта электромобил ишлаб чиқарувчи бўлимни ишга туширишни режалаштирган. Шунингдек, 2024 йилда компания даромади 6,5 млрд доллардан ошиши прогноз қилинган.

2023 йилда компания капитализацияси 74,2 млрд активлари эса 8 млрд долларни ташкил этган. Компания корхоналарида 5 мингдан ошиқ одам меҳнат қилмоқда.

Феррари автомобиллари йиғиладиган завод
Фото: bhaskar.com

Компаниянинг асосий йиғув корхоналари Маранеллода жойлашган. Шассилари эса Моденадаги заводда тайёрланади. Феррари штаб квартираси ҳам Маранеллода. Бу шаҳарда асосий офисдан ташқари, Формула-1 пойгаларида қатнашувчи жамоа офиси ҳамда музей жойлашган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид