Шаҳарчани бутунлай вайрон қилган ҳалокат: Канадада Франция ҳарбий кемаси қандай портлаганди?
107 йил аввал Канадада Франция ҳарбий кемаси Норвегия кемаси билан тўқнашиб кетади. Французларнинг кемасида бўлган ўқ-дори ҳамда портловчи моддалар портлайди ва яқин атрофдаги шаҳарчани текислаб юборади.
1917 йил. Ҳали Биринчи жаҳон уруши давом этаётганди. Бир томонда Антанта ҳарбий иттифоқига бирлашган Британия, Франция ва Россия, бошқа томондан Германия, Австрия-Венгрия империялари бир-бирига қарши жанг қиларди.
1917 йил октябрда Россияда давлат тўнтариши уюштирилади. Ўзларини «советлар» деб атаган жиноий тўда халқни ўз томонига оғдиради ва муваққат ҳукуматни ағдариб ташлайди.
Шундан сўнг советлар Биринчи жаҳон урушидан чиққанини эълон қилади ва «душман» Германия билан сулҳ тузади. Бошқалар эса урушни давом эттиради.
Гарчи Россия «ўйиндан чиққан» бўлса ҳам бу Британия ва Францияга Германия устидан ғалаба қозонишга халал бермайди.
Ҳар икки давлат қўшинлари 1917 йил охиригача Германия армиясини Нидерландия ва Белгия ҳудудидан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлишади. Германиянинг мағлуб бўлиши ойдинлашиб қолади.
Ана шундай вазиятда Канада ҳудудида Антанта давлатлари учун АҚШдан ёқилғи ва портловчи моддалар олиб келаётган кема бошқа бир кемага урилиб портлаб кетади.
Ҳодиса
1917 йил 3 декабр куни Биринчи жаҳон урушидан вайрон бўлган Белгия аҳолиси учун Ню Йоркдан ҳуманитар ёрдам юклаган Норвегиянинг «SS Imo» кемаси Канаданинг Ҳалифакс портига киради.
Бу порт Янги Шотландия провинциясида жойлашган бўлиб, уни Бедфорд-Бэйсин бўғози сувлари ювиб туради. Кема Ҳалифакс портида бўш жойига кўмир ортиши ва 5 декабр куни йўлга чиқиши керак эди.
Кўмир кечикиб келади ва уни юклагунча кема йўлга чиқишга кечикади ва яна бир кун қолади. 6 декабр куни «SS Imo» йўлга чиқишга ҳозирланаётган пайтда портга Франциянинг «Монблан» ҳарбий кемаси яқинлашади.
«Монблан» ҳам Ню Йоркдан қайтаётган эди ва унга Франция армияси учун ўқ-дори, ёқилғи ва бош маҳсулотлар ортилганди.
Франция кемасининг узунлиги 97,5 метр, эни 13,6 метр, юк кўтариш қуввати 3 121 тонна эди. Ўшанда унга:
- 2300 тона тринитрофенол (пикрин кислотаси);
- 200 тонна тротил;
- 10 тонна пироксилин портловчи моддаси;
- 35 тонна бензол юкланган эди.
Кема Атлантика океанидан сузиб ўтишдан аввал ёқилғи ва матросларга озиқ-овқат олиш учун сўнгги манзил сифатида Ҳалифакс портига кираётганди.
6 декабр куни тонгда «Монблан» иккинчи бўлиб Ҳалифакс портига кира бошлайди. Кўмирни юклаб бўлган «SS Imo» эса портдан чиқиш учун ҳаракатга келади.
Шу пайтда Америкага тегишли «SS Clara» кемаси Бедфорд-Бэйсин бўғозига нотўғри томондан киради. Буни кўрган «SS Imo» капитани тўқнашувдан қочиб кемани ёнроққа олишга қарор қилади.
Ана шу пайтда «SS Imo» кемаси «Монблан»га яқин келиб қолади. Вазият шу даражага етадики, ҳатто ҳар икки кема штурвалини бошқа томонга бурса ҳам тўқнашиши аниқ эди.
«Монблан» капитани зарба кучсизроқ чиқсин, дея кемани олиб қочишга уринади. Ҳар икки кемада бўлганлар палубада туриб «SS Imo» ва «Монблан»нинг ўзаро тўқнашишини кутишарди.
Ўшанда ҳеч кимнинг хаёлига бир неча дақиқадан сўнг даҳшатли ҳодиса юз бериши мумкинлиги келмасди. Матрослар кемалар енгил тўқнашади ва кейин йўлда давом этамиз, деб ўйлашганди.
«Монблан» капитани биринчи уринишда кемани тўқнашувдан олиб қочади ва икки кема ёнма-ён туриб қолади. Иккинчи тўлқинда «SS Imo» барибир «Монблан»га урилади.
«SS Imo» капитани бир-бирига тегиб қолган кемаларни ажратиш учун уни ортга юрғизади. Шу пайтда темир ишқаланиб учқун чиқади ва «Монблан»даги бочкада бўлган бензолга ўт кетади.
Портдагилар «Монблан» капитани ва матросларидан зудлик билан кемани тарк этишни сўрашади. Бироқ улар ўз ўрнида қолади.
Шу пайтда «Монблан»га портловчи моддалар ҳам ортилганидан хабари бўлмаган атрофдаги кемалар ёнғинни ўчиришга ёрдамга келади. Бироқ бунинг иложи бўлмайди. Кемалар ортга қайтишади.
Портлаш
Ёнғин соат 8:45 да бошланган бўлса, соат 9:04 да олов портловчи моддалар ортилган бўлимга етиб боради ва жуда кучли портлаш содир бўлади.
Оқибатда, кема парча-парча бўлиб кетади ва ундаги барча ҳалок бўлади. Портлаш туфайли пайдо бўлган олов тўлқини 1 км радиусгача етиб боради ва 160 гектар майдонда ҳеч нарса қолмайди.
Портлаш эпицентридан 2,6 км масофада жойлашган барча бинолар батамом вайрон бўлади, одамлар иссиқ тўлқинда куйиб ҳалок бўлади. Ричмон шаҳри олов ичида қолади ва ёнғин бир неча кун давом этади.
Бедфорд-Бэйсин бўғозида ва Ҳалифакс портида турган кемаларда очиқда турган барча матрослар ва бошқа одамлар ҳалок бўлади. Шу жумладан, «SS Imo» кемаси капитани ва матрослари ҳам.
Портлаш эпицентридаги ҳарорат +5000 даражага чиқиб кетади. Ҳодиса содир бўлган пайтда тутун 3600 метр баландликка кўтарилади.
Портлаш оқибатида жами 2 мингга яқин одам ҳалок бўлади ва 900 киши жароҳатланади. 2 минг киши бедарак йўқолади. Портлаш содир бўлган заҳоти 1600 киши ўлади. Бир неча кун давомида жароҳатланганлардан 300 киши вафот этади.
Ўша пайтда Ҳалифакс шаҳрида учта мактаб бўлган ва уларда 500 нафар атрофида бола ўқиган. Мактаблар портга яқин жойлашганди. Шу сабабли портлашда ўқувчиларнинг 11 нафари тирик қолади, холос.
Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми порт яқинидаги шакар ва қоғоз ишлаб чиқарувчи корхоналар ишчилари бўлган. Шунингдек, кўчада, очиқда юрганларнинг барчаси ҳалок бўлади.
Ричмон шаҳридаги темирйўлда хизмат қилаётган 55 нафар темирйўлчи олов тўлқини туфайли ҳалок бўлади. Деворлари ёғочдан бўлган 500 та вагон ёниб кетади.
Умумий ҳисобда галифаксда 1630 та уй батамом қулаб тушади. 12 мингта уй жиддий шикастланади. Кейинчалик, портлаш етказган зарар миқдори 35 млн Канада долларига тенг экани маълум бўлади.
Аслида, қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин эди. Ўша куни «Монблан»да ёнғин содир бўлаётгани ҳақида эшитган темирйўл диспетчери Патрик Коулман Сент-Жон шаҳридан Ричмонга келаётган поезд машинистига тўхташ буйруғини беради. Шу тариқа поездда бўлган 300 дан ортиқ одамнинг жони асраб қолинади.
Патрик Коулманнинг сурати 2004 йилда Канада темирйўлларининг шон-шараф музейига қўйилади. 2018 йилда Ҳалифакс-Дартмут йўналишида қатнайдиган паромга унинг исм-шарифи берилади.
Суриштирув ва суд
Портлаш ҳамма ёқни вайрон қилар экан, аввалига кўпчилик бу ишни немислардан кўради. Ҳатто айрим газеталар бу ҳақда мақолалар ҳам чоп этишади.
Ҳодисадан сўнг Ҳалифаксда бўлган барча немис миллатига мансуб инсонлар ҳибсга олинади. Шунингдек, «SS Imo» кемаси капитани немисларга «сотилган» деган миш-мишлар ҳам тарқалади.
Полиция шифохонада даволанаётган капитанни ҳибсга олади. Тинтув пайтида унинг ёнидан тушунарсиз тилда ёзилган мактуб топишади.
Бироқ шубҳалар ўринсиз бўлиб чиқади. Текшириб кўрилганда мактуб норвег тилида ёзилгани аниқланади. Капитан қўйиб юборилади.
1918 йил 4 феврал куни суд айбдорларга ҳукм ўқийди. Унга кўра, «Монблан» капитани, лоцмани, Ҳалифакс порти бошқарувчиси айбдор деб топилади.
Кейинроқ аппеляция судида айбланувчилар оқланади. Бироқ энди «Монблан» ва «SS Imo» кемалари тегишли бўлган томонлар товон пулини ким тўлаб бериши масаласида судлаша бошлайди.
Охир-оқибат Канада Олий суди ҳар икки томон ҳалокатда бирдай айбдорлиги ва товон пулини тенг бўлиб тўлаши ҳақида ҳукм чиқаради. Бироқ Франция ҳукумати бу ҳукмни тан олмайди.
2003 йилда Канадада Ҳалифаксда содир бўлган ҳалокат ҳақида сериал ишланади. Ўша ҳалокатнинг сўнгги гувоҳи 2013 йилда 98 ёшида вафот этади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
Трампга Гренландия нима учун керак?
Жаҳон | 10:56 / 11.01.2025
Келгуси ҳафта боши учун об-ҳаво прогнози эълон қилинди
Ўзбекистон | 10:52 / 11.01.2025
Суриядаги кутилмаган инқилобдан буён бир ой ўтди. Нималар ўзгарди?
Жаҳон | 18:45 / 10.01.2025
Покистоннинг Афғонистонга зарбалари: “Теҳрике Толибон” қандай ҳаракат?
Жаҳон | 18:00 / 10.01.2025
Мавзуга оид
21:31 / 10.01.2025
“Трамп безори, Маск эса тентак” – канадаликлар АҚШ таркибида бўлишни хоҳлайдими?
17:27 / 09.01.2025
Империалист Трамп: у ҳам худди Путиндек қўшниларнинг ерларига кўз олайтирмоқда
16:16 / 09.01.2025
Канада, Дания ва Панамадагилар Трампнинг ҳудудий даъволари бўйича қандай фикрда?
10:30 / 08.01.2025