Жаҳон | 13:59 / 10.12.2024
5169
9 дақиқада ўқилади

Сурияда бўшатилаётган қамоқхоналар, Исроилнинг Сурия шаҳарларига ҳужуми ва Россиядаги мигрантнинг ўртача портрети — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Сурияда қамоқхоналар бўшатилмоқда

Башар Асад режимини йиқитган исёнчилар Telegram каналида Башар Асад режими даврида армияга чақирилган барча аскарлар учун амнистия эълон қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Исёнчилар Асад режими ағдарилгандан сўнг Дамашқ яқинидаги «Саиднайя» қамоғидаги маҳбусларни озод қилишди. Amnesty International маълумотларига кўра, бу қамоқхонада 2011 йилдан буён Асадга қарши чиққан минглаб инсонлар сақланган, уларнинг 13 мингдан ортиғи қатл қилинган.

NBC News тасдиқлаган видеоларда маҳбуслар қувонч билан озодликка чиққани акс этган. Бир видеода болалар, хотин-қизлар озодликка чиққан пайтда хурсандчилик қилгани кўринади.

BBC ва Daily Mail маълумотига кўра, қамоқхона ер остидаги яширин камераларига эга бўлган. Бу камераларни аниқлаш учун ҳозирда 5 та қутқарув гуруҳи иш олиб бормоқда. Улар уч ёки тўрт қават ер остида бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Сурия мухолифатини қўллаган Туркия

Reuters маълумотларига кўра, Сурия мухолиф гуруҳлари ярим йил аввал Туркияни ҳукуматга қарши кенг кўламли ҳужум режалари ҳақида хабардор қилган ва Анқара томонидан уларнинг режаларига «сукутли розилик» олинган деб ҳисоблаган. АҚШ эса бу маълумотдан бехабар эканини маълум қилди.

Туркиянинг «Hürriyet» газетаси маълумотларига кўра, Анқара Сурияда уч асосий устувор йўналишни белгилаган:

  • Суриянинг янги тузуми учун ўтиш жараёнини таъминлаш;
  • РПК ва YPG’га қарши кураш;
  • суриялик қочқинларни ўз юртига қайтариш.

Туркия мухолифатга ҳар томонлама ёрдам беришда давом этишини ва Сурияда инсон ҳуқуқлари, адолат ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган янги тузум қуриш учун ўтиш маъмурияти ташкил этилишини эълон қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Суриянинг ҳудудий яхлитлигини асосий шарт сифатида кўрсатиб, бу мамлакат тақдирига фақат сурияликлар қарор қилишини таъкидлади. У Туркиянинг Сурия ҳудудига ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, балки терроризмга қарши кураш мақсадида ҳаракат қилаётганини айтди.

WP хабарига кўра, собиқ президент Башар Асад Америка санкцияларини босқичма-босқич бекор қилиш эвазига Эрон билан ҳамкорлик қилишни тўхтатиш таклифини рад этган. Шунингдек, у Эрдўған билан муносабатларни нормаллаштириш ва қочоқларни қайтаришга қаратилган келишувга ҳам рози бўлмаган. Бу эса унинг ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган омиллардан бири бўлган.

Вазиятдан фойдаланаётган Исроил

Исроил қуролли кучлари 1973 йилдан буён илк бор қуролсизлантирилган ҳудудни кесиб ўтиб, Сурия ҳудудига кирди. Қўшинлар стратегик аҳамиятга эга бўлган Аш-Шайх тоғида ва бошқа нуқталарда позицияларни эгаллади. Бу ҳаракат чегара хавфсизлигини таъминлаш учун амалга оширилган, дейилади The New York Times хабарида.

Исроил ҳаво кучлари Суриядаги ҳарбий объектларга ҳужум уюштирди. Улар орасида кимёвий қурол захиралари, радарлар, ракета тизимлари ва ҲҲҲ қурилмалари бор. Жўлан тепаликларидаги Қунейтра музофотидаги бир нечта қишлоқда комендантлик соати жорий этилди.

Шунингдек, Исроил кучлари Дамашқ, Тартус ва Латақия портларига ҳам ҳужум қилди. Сурия армияси томонидан «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» қуролли гуруҳга топширилган вертолётлар ҳам йўқ қилинган.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Жўлан тепаликлари Исроилнинг ажралмас қисми эканлигини таъкидлади. Жўлан тепаликлари стратегик ҳудуд бўлиб, уни назорат қилиш ҳарбий афзалликларни белгилайди. Шунингдек, бу ҳудуд Исроилни тоза ичимлик сув билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

2019 йил маълумотларига кўра, Исроил назоратидаги Жўлан тепаликларида тахминан 40 минг киши яшаган, шуларнинг ярми этник яҳудийлардир. Исроил асли Сурияга тегишли бу ҳудудни 1967 йилдан бери назорат қилиб келмоқда, бу эса Сурия ва Исроил ўртасида узоқ йиллик зиддиятларнинг марказий нуқтасига айланган.

Россиянинг Суриядаги йўқотишлари

2015 йилдан 2024 йилгача Суриядаги ҳарбий операциялар давомида Россия ўзининг элитали бўлинмалари, жумладан, махсус операциялар бўйича кучлар, ФСБ махсус бўлинмалари, разведкачилари ва ҳарбий учувчилардан иборат 543 нафар ҳарбий хизматчиси ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ходимларини йўқотган.

Масалан, очиқ манбаларга кўра, махсус операциялар бўйича кучларнинг 15 нафар аскар ва офицери ҳалок бўлган. Шунингдек, ФСБнинг камида етти нафар махсус бўлинма офицери, жумладан, дунёдаги энг кучли антитеррор бўлинмаларидан бири ҳисобланган «Алфа» гуруҳи ходимлари ҳам қурбон бўлган.

Аниқ йўқотишлар сони юқори бўлиши мумкин, чунки мавжуд маълумотлар тўлиқ эмас. Россия расман Сурияда 116 нафар ҳарбий хизматчисининг ҳалок бўлганини тан олган, бу ҳақда сўнгги баёнот 2019 йил баҳорида Россия Мудофаа вазирлиги томонидан берилган.

Россия ҳужумини қайтараётган Украина

WSJ маълумотига кўра, куз ойларида Россия Украинага қарши ҳужумларни уч баравар оширган.

Сентябрдан ноябргача 2024 йилда қўшни мамлакат ҳудудига 6000 дан ортиқ ракета ва дронлар учирилди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг ёзидаги ҳужумлардан уч марта, 2023 йил кузидаги ҳужумлардан эса тўрт марта юқори.

Анализга кўра, Россия томонидан қўлланган узоқ масофага учувчи қуролларнинг 92 фоизини дронлар ва чалғитувчи қурилмалар ташкил этган. Украина ҳаво ҳужумларига қарши мудофаа кучлари октябр ойида ушбу қурилмаларнинг 93 фоизини тўхтатиб қолган.

Бироқ Россия учирган баллистик ва гипертовушли ракеталардан фақат 8 фоизи йўқ қилинган.

Россиядаги мигрантнинг ўртача портрети

Таҳлилчилар 2024 йилда Россияда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ўртача муҳожир профилини аниқладилар. У — 28 ёшли, уйланган, Ўзбекистондан келган, Москва ёки Москва областида истиқомат қилувчи эркак.

Тадқиқот натижаларига кўра:

  • Ўзбекистондан келган муҳожирлар – 55 фоизни, тожикистонликлар 39 фоизни ташкил этган. Қолгани Арманистон, Қирғизистон, Беларус ва Қозоғистондан келган.
  • Мигрантларнинг ўртача ёши – 28 ёш (18–37 ёш оралиғида).
  • Уларнинг 51 фоизи уйланган, 28 фоизи ҳеч қачон оила қурмаган. 5 фоизи ажрашган, 3 фоизи – бева.
  • 83 фоиз мигрант иш патентини ҳар ой тўлайди. 47 фоизи патентга даромадининг 10 фоизи ёки ундан камини сарфлайди.
  • 67 фоиз меҳнат муҳожирлари оиласига ҳар чоракда пул юбориб туради, 41 фоизи бутун даромадининг ярмидан кўпини юборади.
  • 47 фоиз мигрантлар яшаш учун даромадининг 10 фоизи ёки ундан камроғини сарфлайди. Уларнинг 59 фоизи метро, 41 фоизи автобусдан фойдаланади. 54 фоизи транспортга ойига 1500 рублдан кўпроқ пул сарфлайди.
  • 44 фоизи озиқ-овқат учун даромадининг 10 фоизигача, 26 фоизи 11–20 фоизини сарфлайди.
  • 52 фоиз мигрантлар ҳеч қачон кўнгилочар тадбирларда иштирок этмайди.
  • 53 фоизи ҳеч қачон тиббий ёрдамга мурожаат қилмайди, 55 фоизи эса тиббий хизматлар учун пул сарфламайди.

Таҳлилчилар хулосасига кўра, меҳнат муҳожирлари сарф-харажатларини қисқартиришга интилмоқда, кўп қисми оиласини моддий қўллаб-қувватлашга асосий эътиборини қаратади.

Руминияда қайта президентлик сайловлари

Руминия Конституциявий суди 24 ноябрда ўтган президентлик сайловларининг биринчи тури натижаларини бекор қилди. Сабаб сифатида Россия билан боғлиқ TikTok ботлари орқали россияпараст номзод Кэлин Жоржескунинг фаол қўллаб-қувватлангани кўрсатилди. Қарорга кўра, феврал ёки март ойларида янги сайловлар ўтказилади.

Жоржеску сайловларда кутилмаганда етакчи бўлиб чиқди, гарчи унинг номзоди аввалига етакчилар қаторидан жой олмаганди. Руминия махсус хизматлари 25 минг бот-аккаунт Жоржескунинг сайловолди ташвиқотини амалга оширганини маълум қилди. Жоржескунинг ғалабаси Россия таъсирига боғлиқ деб топилди.

Руминия жамоатчилиги ва сиёсий партиялар янги сайловга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Янги номзодлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Хусусан, иккинчи ўринни олган Елена Ласкони европапараст сиёсатчи сифатида ҳукумат учун жиддий рақиб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Айрим кузатувчилар Руминия демократиясининг заифлигига ишора қилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатда аксилевропа кайфиятлари кучаяётгани ва миллий, изоляционистик қарашлар тобора кенг тарқалаётгани қайд этилди. Янги сайловларда шу каби кайфиятлар янада ошиши мумкин.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани