Жаҳон | 07:21 / 13.12.2024
2516
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага 500 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратади

АҚШнинг Украинага ажратадиган 500 миллион долларлик янги ёрдам пакетига HIMARS ўқ-дорилари, учувчисиз учоқлар, зирҳли техника ва бошқа қуроллар киради.

Фото: AFP

АҚШ Украинага 500 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини ўтказади, деди мамлакат давлат котиби Энтони Блинкен 12 декабр, пайшанба куни эълон қилган баёнотида. «Қўшма Штатлар Россиянинг давом этаётган ҳужумларидан ҳимояланаётган украиналик ҳамкорларимизга зудлик билан зарур бўлган яна бир муҳим қурол ва жиҳозлар тўпламини тақдим этмоқда», деди Блинкен. Аниқлик киритилишича, ёрдам АҚШнинг ҳарбий захиралари ҳисобидан ажратилади.

Вашингтон Киевга Россия агрессиясини қайтариш учун HIMARS ЯЎРТ ўқ-дорилари, артиллерия ўқ-дорилари, учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли техника ва кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий ҳужумлардан ҳимоя қилиш ускуналарини топширади.

Трамп: Украинадаги урушни тугатиш устувор вазифа бўлади

Украинадаги уруш имкон қадар тезроқ тўхтатилиши керак, бу АҚШ ташқи сиёсатининг устувор йўналишига айланади. Бу ҳақда АҚШ сайланган президенти Доналд Трамп 11 декабр куни чоп этилган Франциянинг Paris Match журналига берган интервюсида айтиб ўтди. Суҳбат 7 декабр куни Парижда ўтказилди, у ерга Трамп Нотр-Дам соборининг реставрациядан сўнг очилишига келган. Суҳбатнинг асосий қисми ушбу воқеа, АҚШ-Франция муносабатлари, миграция ва Яқин Шарқдаги можароларга қаратилди.

Доналд Трамп Украина ҳақида гапирар экан, 2025 йил январида Оқ уй раҳбари лавозимига киришганидан сўнг Украинадаги урушни тугатишни ташқи сиёсатининг устувор йўналишига айлантириш ниятида эканини айтди. «Менимча, биз Россия билан Украина муаммосини ҳал қилишимиз керак», деб тушунтирди у. Яқин Шарқ ҳам «катта устувор масала» бўлса-да, у ердаги вазият Украинадагига қараганда «мураккаб эмас», деди Доналд Трамп.

У Украинада ҳалок бўлган «юз минглаб аскарлар» ҳақида гапирди. Бу уруш ҳам, Яқин Шарқдаги можаро ҳам «тезда» ҳал қилиниши керак, чунки «кўп одамлар ҳалок бўлмоқда». Трамп Париждаги уч томонлама музокараларни «президент Зеленский билан яхши учрашув» деб атади.

Доналд Трамп, шунингдек, Башар Асад режими қулагандан кейин АҚШ Сурия ишларига аралашмайди, деган ваъдасини такрорлади. «Сурия ўзини ўзи боқишга мажбур бўлади», деди республикачи.

Мавзуга оид