Жаҳон | 20:53 / 16.12.2024
1906
2 дақиқада ўқилади

Эстония ортидан Литва ҳам Гуржистонга қарши санкцияларини кенгайтирди

Литва Гуржистондаги намойишларнинг бостирилишига масъул 17 нафар шахсга санкция қўллади — рўйхатдан мамлакат бош вазири Ираклий Кобахидзе ҳам ўрин олган.

Фото: Anadolu Agency

Литва ҳам Эстония ҳукумати ортидан Гуржистон раҳбариятига қарши санкцияларни кенгайтирди. Бунга мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари куч билан бостирилаётгани сабаб бўлди.

Литва ТИВ баёнотига кўра, санкциялар Гуржистондаги намойишларнинг бостирилишига масъул 17 нафар шахсга нисбатан қўлланган. Хусусан, «қора рўйхат»дан мамлакат бош вазири Ираклий Кобахидзе ҳам ўрин олган. У ва рўйхатдаги бошқа шахсларнинг Литвага кириши тақиқланди.

Эстония ўз навбатида Гуржистоннинг 14 нафар сиёсатчисига қарши санкциялар жорий этганди. Таллин ва Вилнюс расмийлари ЕИнинг бошқа давлатларини ҳам шу каби йўл тутишга чақирди.

Тбилиси жавоб санкцияларини қўллашни режалаштирмаяпти. «Гуржистон ҳукумати Литва ва Эстония ҳукуматларининг қарорларига қарши чиқиш имконияти ҳамда ҳуқуқига эга. Аммо Литва ва Эстония халқига ҳурмат туфайли бу каби қадамни ташлашни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз», — дейилади Гуржистон ҳукуматининг баёнотида.

28 ноябр куни Гуржистон ҳукуматининг 2028 йил охирига қадар Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокаралар ўтказмасликка оид қарорига қарши норозиликлар намойишлари бошланган. 5 декабрда Украина президенти Володимир Зеленский Гуржистоннинг амалдаги ҳукуматини айрим вакилларига қарши санкциялар жорий этилишини эълон қилди — Киев уларни Тбилисидаги норозилик акцияси иштирокчиларини куч билан тарқатишда алоқадор деб ҳисобламоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 14 декабр куни Гуржистонда сайловчилар коллегияси собиқ футболчи ва депутат Михаил Кавелашвилини мамлакатнинг янги президенти этиб сайлаганди. Ундан олдин эса Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили мамлакатда янги парламент сайловлари белгиланмагунга қадар ўз ваколатларини топшириш ниятида эмаслигини маълум қилган. Давлат раҳбарининг фикрича, бугунги кунда Гуржистонда фақат у легитим ҳокимиятга эга. У бўлажак сайлов жараёнини «президентлик сайловларига пародия ва шармандалик» дея таърифлаган. 

Мавзуга оид