15 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Автобус йўлакларидан юрганлик учун жарима, ҳокимнинг ўғлини жазодан озод этган ибратли судя, ёлғон хабар тарқатган блогерларга 7,5 млн сўм жарима ва Шавкат Мирзиёевнинг Абу-Дабидаги учрашувлари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Автобус йўлакларидан юрганлик учун жарима белгиланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йўналишли транспорт воситалари учун ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш тартибини бузган ҳайдовчилар учун жавобгарлик киритилишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Қонун лойиҳаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 128-7-моддани қўшишни кўзда тутади.
Бунда тезкор ва махсус хизмат транспортлари учун, шунингдек, йўналишли транспорт ҳаракатига халақит бермаслик шарти билан йўловчи тушириш ёки чиқариш каби ҳолатларда қоидадан истиснолар белгиланган.
Маъмурий жарималар миқдори бевосита ҳуқуқбузарликларнинг жойи ва ҳолатларига боғлиқ. Дастлаб БҲМнинг 3 баравари (1,125 млн сўм), такрор ҳолатларда эса 5 баравари (1,875 млн сўм) миқдорида жарима таклиф этилган.
Жарималар миқдорини белгилашда халқаро тажрибалар ўрганилган.
Ҳокимнинг ўғлини қамоқдан озод қилган судя «Ибратли судя» деб топилди
Судялар олий кенгаши 2024 йил якунлари бўйича алоҳида фаоллик кўрсатган 18 нафар судяни «Ибратли судя» мукофоти билан тақдирлади. Улар орасида Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судяси Авазбек Иномов ҳам бор. У электр энергиясини ўғирлаган Поп тумани ҳокимининг ўғли Ғулом Султоновни апелляцияда озодликка чиқаргани билан танилган.
Султонов ҳоким Аъзамжон Султоновнинг ўғли бўлиб, 200 млн сўмдан ошиқ электр энергиясини ўғирлаганликда айбланиб, 2,5 йилга қамалган эди.
Авазбек Иномов раислик қилган апелляция суди уни қамоқдан озод қилган, аммо бу қарор жамоатчилик танқидларига учради. Тафтиш инстанцияси апелляция ажримини бекор қилиб, биринчи ҳукмни ўз кучида қолдирди ва Султонов қайта қамалди.
Судланган собиқ ҳоким касаба уюшмаси раиси бўлди
Андижон туманининг собиқ ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Андижон вилояти кенгаши раиси лавозимига тайинланди. Тайинлов 2024 йил 18 декабр куни кенгашнинг йил якунларига бағишланган йиғилишида эълон қилинган.
Эгамбердиев 2021-2022 йилларда Андижон тумани ҳокими сифатида фаолият юритган. У фуқароларга пойгакдан жой ажратиш билан танилган ва давлат хизматчиси этикасига зид ҳаракатлари туфайли лавозимидан озод қилинган. 2023 йилда мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани учун судланган ва 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган эди.
Суд қарорига кўра, Эгамбердиев шартли равишда муддатидан илгари озод қилинган. У тайинловга қадар касаба уюшмалари тизимида ишлаган. Маълумот учун, касаба уюшмалари нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади.
Ёлғон хабар тарқатганларга 7,5 млн сўмдан жарима
Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида жойлашган Оқдарё сув омбори ҳақида ёлғон хабар тарқатган икки фуқаро жаримага тортилди. Улар омборда сув сатҳи ошгани ва ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида нотўғри маълумот тарқатган. Аслида сув омборида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилган, ҳеч қандай носозлик аниқланмаган.
Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, омбор ва унинг инфратузилмалари барқарор ишламоқда. Ёлғон хабар тарқатган икки шахс – 1988 йилда туғилган Ж.Ҳ. ва 1989 йилда туғилган М.П. – 10 январ куни таъмир ишларини тасвирга олиб, видеони нотўғри мазмунда тарқатган.
Суд уларга БҲМнинг 20 баравари, яъни 7,5 млн сўмдан жарима жазоси тайинлади.
Мирзиёев Абу-Дабида чиқиш қилди
Президент Шавкат Мирзиёев 14 январ куни Бирлашган Араб Амирликларидаги «Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги»да нутқ сўзлади. У иқлим ўзгаришини юмшатиш ва глобал хавфсизликни таъминлаш учун энергия манбаларини диверсификация қилиш ва углеводород улушини камайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Мирзиёев Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадини – экологик барқарорлик ва ресурс тежамкор “яшил” ривожланиш моделини қайд этди. У яқин келажакда 9,6 гигаватт энергия қувватлари ишга туширилиб, қайта тикланувчи энергия улушини 2030 йилга қадар 54 фоизга етказиш режаси ҳақида гапирди. Ҳозир бу борада Ўзбекистонда 26 млрд долларлик 50 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Мирзиёев, шунингдек, Марказий Осиёни “тоза энергия” марказига айлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Йирик энергетика лойиҳалари муҳокама қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларида БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Учрашувда Masdar, TAQA ва Etihad Water & Electricity каби етакчи компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Мулоқотда шамол электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини қуриш, нефт-кимё ва сув таъминоти соҳасидаги лойиҳалар муҳокама қилинди.
AMEA Power компанияси билан ҳамкорлик алоқалари муваффақиятли ривожланаётгани таъкидланди.
Шунингдек, геномика йўналишида М42 компанияси ва озиқ-овқат саноати ҳамда маиший кимё соҳаларида IFFCO Group билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Мирзиёевнинг ташрифи давомида Ўзбекистон ва БАА ўртасида стратегик шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор амалий чоралар муҳокама қилинди.
Мавзуга оид
20:45 / 14.01.2025
14 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
22:20 / 13.01.2025
13 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:58 / 10.01.2025
10 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:32 / 09.01.2025