Ўзбекистон | 21:04 / 16.01.2025
1636
6 дақиқада ўқилади

16 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ишдан олинган Сирдарё вилояти ҳокими, Ўзбекистон автобозорини эгаллаган UzAuto Motors, Самарқанд–Бухоро пулли йўлини қурмоқчи бўлаётган турк компанияси ва «Ташаббусли бюджет»да ўзгаришлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди

Президент селектор йиғилишида Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев жиддий камчиликлар сабаб лавозимидан четлатилди. У 2022 йилдан буён мазкур лавозимда ишлаб келган.

Инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Сирдарё вилоятида инвестиция жалб қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бошқа соҳаларда самарасизлик кузатилган.

Шунингдек, республиканинг 16 та туман ва шаҳар ҳокимларига инвестиция ва экспорт масалалари бўйича ҳайфсан берилди.

Президент янги назорат тизимини жорий этишни буюрди. Бош вазир 42 млрд доллар хорижий инвестиция бўйича ойлик режаларни тасдиқлайди. Ҳокимлар эса ҳафтада икки кун инвестиция масалалари билан шуғулланиши шарт.

2024 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 6,5 фоизга ўсди

Ўтган йили Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 6,5 фоизга ўсиб, 115 млрд долларга етди. Хорижий инвестициялар 1,6 баробар кўпайиб, 34,9 млрд долларни ташкил қилди. Экспорт ҳажми илк бор 27 млрд долларга чиқди.

Инвестиция жалб қилишда 50 та туман 100 млн долларлик сармоя билан юқори натижа кўрсатган (бу 2023 йилдагидан 39 тага кўп). Давлатобод, Янги Наманган, Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманлари 300 млн доллардан кўп сармоя жалб қилди.

Бироқ Франция, Япония, Италия, Испания каби юқори салоҳиятли давлатлардан 100 млн доллар ҳам инвестиция кирмагани танқид қилинди. Шунингдек, айрим соҳаларда инвестиция ва грант олиб келишда режалар бажарилмаган.

UzAuto Motors Ўзбекистон автобозорининг 88 фоизини эгаллади

Ўтган йил Ўзбекистонда сотилган ҳар 100 автомобилдан 88 таси UzAuto Motors ҳиссасига тўғри келди. Ушбу рақамлар «Ўзавтосаноат» ҳисоботида келтирилган.

Жами 303 373 дона автомобил сотилган бўлиб, энг кўп харид қилинган моделлар Cobalt (127 240 дона), Damas (106 001 дона) ва Tracker (37 903 дона) бўлди. UzAuto Motors бозор улуши 87,9 фоизни ташкил этган. Қолган улушлар:

  • ADM Jizzakh – 7,5 фоиз;
  • BYD Uzbekistan Factory – 4,3 фоиз;
  • Jizzakh Auto, Asaka Motors, SamAuto – ҳар бири 0,1 фоиз.

Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистонга 1,27 млрд долларлик 74 525 дона енгил автомобил импорт қилинди, бу борадаги кўрсаткич 2023 йилга нисбатан миқдор бўйича 7 фоизга, қиймат бўйича 33 фоизга камайган.

«Ташаббусли бюджет»да ўзгаришлар

Сенат Кенгаши қарорига асосан, «Ташаббусли бюджет» жараёнида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Энди ҳар йили туман ва шаҳар бюджетидан 10 тадан кам бўлмаган, кўпи билан 30 та лойиҳа учун маблағ ажратилади.

Лойиҳаларга ажратиладиган маблағлар аҳоли сонидан келиб чиқиб тақсимланади. Лойиҳаларнинг максимал қиймати 1,5 млрд сўм этиб белгиланган бўлиб, умумий маблағ ҳажми 15 млрд сўмдан 45 млрд сўмгача бўлади.

Шунингдек, молиявий мустақил олий таълим муассасалари эндиликда ушбу дастурда иштирок эта олмайди. Автомобиллар, раҳбарлар учун мебел жиҳозлари ва жамоат хавфсизлиги учун жиҳозлар хариди тақиқланди.

Туркия компанияси Самарқанд–Бухоро пулли йўлини қуради

Туркиянинг “IC İçtaş İnşaat” компанияси Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ўтувчи янги тезюрар пулли автомобил йўли қурилишида иштирок этишни режалаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 1 млрд доллар бўлиб, унинг 2027–2030 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган.

15 январ куни компания ва Ўзбекистон Автомобил йўллари қўмитаси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Шунингдек, Туркия компанияси раҳбарияти бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров билан учрашиб, давлат-хусусий шериклиги асосидаги лойиҳаларни муҳокама қилди.

“IC İçtaş İnşaat” компанияси 55 йиллик тажрибага эга бўлиб, Туркияда ва бошқа давлатларда йирик йўллар, кўприклар ва аэропортларни қуришда қатнашган. Хусусан, компания Истанбулда денгиз устида 1,5 км узунликдаги “Ёвуз Султон Салим” кўприги ва Ветнамда янги аэропорт қурилишида иштирок этган.

Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик асосида пулли йўллар қуриш режаси илк бор 2018 йилда эълон қилинган. 2024 йил августидаги президент қарорига мувофиқ Самарқанд–Бухоро пулли йўлини қуриш тасдиқланган.

Ерлар тоифасини ўзгартириш тартиби такомиллаштирилди

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг тоифасини ўзгартириш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Энди янги ерлар тоифасини ўзгартириш жараёнлари аниқ муддатлар ва масъулларнинг жавобгарлиги асосида амалга оширилади.

Янги тартибга кўра, туман ҳокимликлари маълумотларни йиғиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоят ҳокимликларига тақдим этади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 15 иш куни ичида жойида ўрганиш ўтказиб, хулоса тақдим этади. Якуний қарор E-qaror тизими орқали қабул қилинади ва Yer hisobot тизимига киритилади.

Мавзуга оид