АҚШ Марказий Осиё давлатларига нисбатан Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиши мумкин
Давлат котиблигига номзод Марко Рубио ушбу тузатишдан Марказий Осиё давлатларига босим ўтказиш учун фойдаланиш энди мантиқий эмас, деган фикрни билдирди.
Доналд Трамп бошчилигидаги янги маъмурият АҚШ томонидан Марказий Осиё республикалари билан муносабатларда Жексон-Вэник тузатиши сақланиб қолганини ўтмишнинг «бемаъни ёдгорлиги» деб ҳисоблайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиблигига номзод Марко Рубио Сенатдаги тингловда маълум қилди.
Сенатор Стив Дейнс тузатиш ҳақида Рубиога савол бериб, уни бекор қилишни ўз фракцияси мақсадларидан бири деб атади, чунки «Қозоғистон ва Ўзбекистон билан муносабатларни нормаллаштириш зарур».
Бунга жавобан Рубио ушбу тузатишни «ўтмишнинг бемаъни ёдгорлиги» деб атади ва ундан Марказий Осиё давлатларига босим ўтказиш учун фойдаланиш энди мантиқий эмас, деган фикрни билдирди.
«Баъзилар тузатишни инсон ҳуқуқлари соҳасида ён бериш ёки уларни [Марказий Осиё давлатларини] Россия билан эмас, балки биз билан қатъийроқ ҳаракат қилишга мажбурлаш учун босим дастаги сифатида сақлаб қолишни талаб қилмоқда», деди Рубио.
Рубио Қозоғистонни ҳам тилга олиб, республика бир неча йил аввал ЖСТ синовидан муваффақиятли ўтгани, бозор иқтисодиётига ўтганини тасдиқлаганини таъкидлади.
«Ўйлайманки, биз сиз билан бу масалада [тузатишни бекор қилиш] устида ишлаймиз, чунки бу ҳам муҳим деб ўйлайман», деди у Дейнсга.
Жексон-Вэник тузатиши 1974 йилда СССРга нисбатан қабул қилинган. Бу эркин эмиграцияга тўсқинлик қиладиган ва бошқа инсон ҳуқуқларини бузадиган давлатларга нисбатан савдо ва молиявий чекловларни назарда тутади. Бунга, хусусан, Қўшма Штатларга импорт қилинадиган товарларга бож ва йиғимларнинг оширилиши, шунингдек, давлат кредитлари ва кредит кафолатларини тақдим этишни тақиқлаш киради.
СССР парчаланганидан сўнг, тузатиш автоматик равишда барча МДҲ мамлакатларига тааллуқли бўлди. Кейинчалик, АҚШ баъзи давлатларни унинг таъсиридан чиқарди: Россия, Украина, Қирғизистон, Арманистон, Грузия, Латвия, Литва, Эстония. Бироқ, Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари - Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон - тузатиш чекловлари остида қолмоқда.
Мавзуга оид
20:58
«Оскар 2025» киномукофоти маросими ўтказилмаслиги мумкин
16:37
Маскнинг ёрдами — миллиардер Калифорниядаги ёнғин ҳудудларига Wi-Fi'дан бепул фойдаланиш имкониятини берди
09:52
Жо Байден хайрлашув нутқида: АҚШда олигархия шаклланмоқда
09:19