Спорт | 08:45 / 24.11.2016
16474
2 дақиқада ўқилади

Эркин кураш бўйича жаҳон чемпиони ўз қизини ўлдиришда айбланмоқда

Фото: Al Arabiya

1959 йилда эркин кураш бўйича жаҳон чемпиони бўлган мисрлик Магди Кабурия ўсмир қизлар орасида эркин кураш бўйича Миср ва Африка чемпиони бўлган 16 ёшли қизини ўлдиришда айбланмоқда. 

Al Arabiya маълумотларига кўра, машғулот вақтида ота ва қиз ўртасида низо чиққан, шундан кейин дарғазаб ота қизини калтаклаган. Улар уйга қайтаётганларида яна баҳслашиб қолишган. Отанинг жаҳли чиқишига қизининг ижтимоий тармоқлар билан ҳаддан ташқари қизиқиши ва ёмон ўқиши сабаб бўлган. 

Навбатдаги низодан кейин ота қизини ўлгунча дўппослаган.

Аввалроқ қизнинг ўлимига бахтсиз ҳодиса сабаб бўлган деб ҳисобланаётган эди. Қизни машина уриб кетгани маълум қилинган. Мусулмон одатларига кўра, қиз ўша куниёқ дафн этилган. Бироқ ушбу иш бўйича янги тафсилотлар пайдо бўлгани сабабли прокуратура қизнинг жасадини эксгумация қилишга кўрсатма берган.

Қотилликда гумон қилинаётган Кабурия 1959 йилда жаҳон чемпиони бўлган. У қизига 4 ёшиданоқ эркин кураш сирларини ўргата бошлаган. Иқтидорли қиз Миср ва Африка чемпионатида ғалаба қозонишидан ташқари, Грузияда сентябрда ўтган жаҳон чемпионатида бронза медални қўлга киритганди.

Мавзуга оид