Жаҳон | 23:45 / 27.03.2017
10378
2 дақиқада ўқилади

Фидель Кастронинг синглиси ҳаётдан кўз юмди

Куба инқилоби тарихий етакчиси Фидель Кастронинг синглиси Агустина Кастро Рус 78 ёшида Ҳаванада ҳаётдан кўз юмди. Майамида испан тилида чоп этилувчи El Nuevo Herald газетасида хабар берилишича, у якшанба куни сон соҳасининг синиши бўйича амалга оширилган жарроҳлик операцияси асоратларидан кейин вафот этган. Бу ҳақида Агустинанинг синглиси Хуанита Кастро маълум қилган.

Манбага кўра, Агустина Кастро Рус сўнгги йилларда Альцгеймер касаллигидан азият чеккан. У ҳеч қачон Кубанинг сиёсий ҳаётига аралашмаган ва ҳеч қандай давлат лавозимларини эгалламаган. Фидель Кастронинг синглиси машҳур пианиночи Сильвио Родригес Карденасга (2009 йилда ҳаётдан кўз юмган) турмушга чиққан. Жуфтликнинг уч фарзанди бор: қизи - Кубада,  ўғиллари эса Флоридада яшайди.  

Марҳуманинг ўлими олдидаги истагига кўра, унинг жасади ёқиб юборилган. 

Бугунги кунда Фидель Кастро оиласидан уч киши ҳаёт: 85 ёшли укаси, Куба Давлат кенгаши ва Вазирлар кенгаши раиси Рауль Кастро, 82 ёшли Энма ва 83 ёшли Хуанита. Фидель Кастро ва унинг акаси - ўтган йили, синглиси Анхела - 2012 йилда кўз юмган.

Мавзуга оид