Ўзбекистон | 11:20 / 01.07.2017
44865
2 дақиқада ўқилади

30 июнь - Ўзбекистонда Ёшлар куни деб эълон қилинди

Фото: ЎзА

"Юртимизда байрамлар кўп, лекин ёшларга бағишланган алоҳида байрам йўқ. Бугун шу масалани ҳам ҳал этадиган вақт келди, - деди Ўзбекистон Президенти "Камолот" қурултойида.

"Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь санасини мамлакатимизда Ёшлар куни деб эълон қилсак, қандай бўлади?, - дея таклиф билдирди Шавкат Мирзиёев.

"Ҳақиқатан ҳам, биз, ота-оналар, устоз ва мураббийлар сизларни, бутун Ўзбекистон ёшларини Ватанимиз, жамиятимизнинг ҳал қилувчи кучи деб биламиз ва сизлар ҳамиша халқимизнинг мана шундай юксак ишончига муносиб бўласиз, деб ишонамиз.

Сизларга яхши маълум, ҳозирги вақтда юртимизда “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган шиор кенг тарқалиб, ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Лекин Ўзбекистонимизнинг мана шундай ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишдек масъулиятли вазифани ким ўз зиммасига олади?

Албатта, фақат замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган сиз, азиз ёшларимиз майдонга дадил чиқиб, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган вазифаларни ҳал этишга қодирсиз.

Мана шундай улуғ мақсадга эришиш йўлида, Ўзбекистон ёшлар иттифоқини том маънода мамлакатимиздаги барча ёшларнинг таянчи ва суянчига айлантириш йўлида сизларга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, бахт ва омад ёр бўлишини тилаб қоламан", - дея сўзларига якун ясади Президент.

Мавзуга оид