Жамият | 12:49 / 19.01.2018
8272
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қанча бола боғчаларга қамраб олинмагани айтилди

Фото: Муқимжон Қодиров / ЎзА

Тошкент шаҳар ҳокимлигида навбатдаги брифинг ташкил қилинди. Тадбир Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 16 январдаги “Тошкент шаҳрида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 83-сонли қарорининг мазмун-моҳиятига бағишланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида жами 632 та мактабгача таълим муассасалари фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг 447 таси Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқарма тасарруфида, 185 таси хусусий фаолият юритаётган болалар боғчалари ҳисобланади. Уларда жами 122980 нафар бола тарбияланмоқда. Шундан, бош бошқарма тасарруфида бўлган болалар боғчаларида 114095 нафар, хусусий болалар боғчаларида 8885 нафар бола қамраб олинган.

Ҳозирда пойтахтда 3 ёшдан 6 ёшгача, яъни боғча ёшидаги болалар сони 190000 нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Кўриниб турибдики, бугунги кунда 69000 нафарга яқин болалар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган. Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорида айнан ушбу болаларни босқима-босқич мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш нуқтаи назаридан ёндашилган.

Мавзуга оид