Жамият | 17:45 / 27.01.2018
142845
6 дақиқада ўқилади

Олтин деб юрганинг мис чиқса... 

Фото: KUN.UZ

Мен Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевни фидойи, халқпарвар, одил раҳбар, етук сиёсатчи деб ўйлардим, аммо кечаги видеоселекторда у ўзига- ўзи баҳони қўйди. Ажабо, бир вилоят ҳокими - эл суйган Президентнинг вакили бутун бир Тошлоқ тумани аҳолисини ҳаромига чиқариб турса-я! Ўзи жаноб Ғаниев ҳароми деган сўзнинг маъноси ўзаро никоҳ қилинмаган эркак ва аёлдан туғилган болани англатишини билармикан? Шунча нарсани билган одам, наҳотки, шу сўзнинг маъносини билмаса? Билса, нега бир неча юз минглаб халққа туҳмат қилади?

Йигитнинг ғурури, орияти топталганидан кўра, унинг ўлгани афзал. Бутун туман ҳалқини куппа-кундуз куни, яна денг ХХI аср - шиддатли тараққиёт даврида Президентнинг вилоятдаги энг ишончли одами ҳақорат қилиб турса. Бош прокуратура, сенаторлар, депутатлар, маънавиятимиз дарғалари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддиларининг кўзлари қаерда, нега бир оғиз чурқ этмайдилар? Қани ватанпарвар, халқпарвар фидоийлар?! Ёшлар иттифоқи вакилларининг бу воқеага муносабатларини нега кўрмаяпмиз?! Халқнинг ғурури топталаётган паллада сичқоннинг инига кириб кетсак. Афсус... Афсус... Ундан кўра, вилоят ҳокими менинг кўкрагимга пичоқ урса қанийди! Шу гапларни эшитгандан кўра, мен Тошлоқ халқининг шаънини ҳимоя қилиб ўлганим яхши эди. Эҳ, Тошлоқ ҳокими, миллатнинг қаҳрамони бўлиб чиқадиган мажлисдан “жаноб ҳеч ким” бўлиб чиқишлик уят, шармандалик эмасми? Йигитнинг умри, жонини 5 миллион сўмга миннат қилган вилоят ҳокимининг гапи ҳақоратдан бошқа нарса эмас.

Президентимиз ҳар доим “менга садоқатли, фидоий кадрлар керак”, дейдилар. Аслида, инсоннинг садоқатли, фидойи эканлигини халққа бўлган муносабати ва ҳурматидан билса бўлади. Ўз туман халқини ҳақоратдан сақлаб қола олмаган туман ҳокими ўз мансабига лойиқмикан? Мен қатъий ва кескин “йўқ” дейман. Шу маънода вилоят ҳокими “Мард бўлсанг, шундай чиқиб кет, ҳоким бўлиб ўтирмасдан”, деганида эди минг марта ҳақ бўларди. Балки бу фикримга кўплар қўшилар.

Шу ерда озроқ лирик чекиниш қилсак. Мен умрим бино бўлиб онамни ҳеч кимга сўктирмаганман. Сўккан ҳолатлар бўлганида яхшилаб “ем”ини бериб қўйганман. Чунки менинг Онам, менга боғлиқ аёллар шаъни - ҳаётимнинг маъноси ва мазмуни. Шулар билан ҳаётим гўзал. Ширин жонимни бериб бўлсада мен уларни ҳимоя қилишим, асрашим, ҳар қандай ҳолатларда ҳам шаъни, ориятига доғ туширмаслигим шарт!

1994 йилда Бухоро вилоятида бир участка инспекторини туман ИИБ бошлиғи онасидан сўкканини гувоҳи бўлганман. Ўша пайтда агар ИИВ тизимида онадан сўкадиган бўлса, бир умр шу тизимда ишламайман деганман. Энг қизиғи, 1997 йилда Тошкент шаҳар ИИББга ишга таклиф тушганда, айнан шу сабаблар туфайли ишга ўтмаганман. Албатта, ундан кейин қанча сувлар оқиб ўтди. Бугунги кунда ИИВ тизимида бундай нохушликларга чек қўйилганига аминман, буни шу соҳада ишлаб юрган танишларим ҳам айтишади.

Бугун Президентимиз бошчилигида юртимизда ҳар бир соҳада ислоҳотлар шиддат билан олиб борилмоқда. Шулар қаторида маънавият ва маърифат йўналишларида ҳам. Давлат раҳбари миллатнинг ғурурини, шаъни ва қадр- қимматини кўтараётган муҳим бир паллада ўз томонидан қўйилган бир вакил ойболта кўтариб, чопаман деб қаршилик қилиб турса! Камига Фиръавнга ўхшаб (кечаги мақолада яхши ўхшатиш бўлибди - мақола муаллифига ва бошқа блогерларга ҳам раҳмат, ўзларини халқпарвар эканликларини кўрсатишди) “Ҳажга бормайсанлар”, деб буйруқ берса. Ажабо, ҳурматли Президентимиз Ҳаж зиёратига борувчилар сонини кўпайтириб турган бир пайтда сиз “Ҳажга бормайсанлар” дейсиз, давлат раҳбари халқни бошларига кўтараётган бир паллада сиз бутун Тошлоқ тумани аҳолисини “Ҳаромилар” дейсиз! Сизнинг бунга қанчали ҳақингиз бор? Билмасангиз билиб қўйинг, жаноб Ғаниев! Сизнинг бунга ҲЕЧ ҚАНДАЙ ҲАҚИНГИЗ ЙЎҚ! Шу икки гапингиз билан Президент сиёсатига қарши чиқаётганингизни наҳотки тушунмайсиз?

Шу ўринда вилоят ва туман ҳокимларига бир илтимосим бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган сиёсатини тўғри талқин қилинглар. Ўқинг, изланинг, керак бўлса, билмаганингизни сўраб билиб олинг. Ақл ўргатмоқчи эмасман, лекин сиз авлиё ёхуд пайғамбар ҳам эмассиз. Вилоят ёки туман халқига раҳбарликни зиммангизга олдингизми дипломатия, сиёсат, иқтисод, психология, ер илми, савдо, маркетинг, ислом дини-ю тарих, фалсафа, керак бўлса, юморни билишингиз шарт. Шундагина Президентимизга ҳақиқий сафдош ва садоқатли бўла оласиз! 

Хулоса қилиб айтганда, жаноб Шуҳрат Ғаниев, шундай ҳақоратли гапларни айтгандан кейин вилоят ҳокими вазифасида қолиш, тўғрироғи, қолмаслик масаласини бир ўйлаб кўрсангиз яхши бўларди. Мард бўлсангиз... у ёғини ўзингиз тушунарсиз!

Раҳматулла Султонов

Мавзуга оид