Жамият | 13:46 / 04.02.2018
28088
2 дақиқада ўқилади

Жамиятга энг катта зиён етказувчи компаниялар номи маълум қилинди

Фото: Business Insider

Эҳтимол, Walmart ва McDonald’s жамиятга зиён етказар, бироқ салбий таъсир даражаси бўйича Facebook уларнинг иккисини ҳам ортда қолдирди. Ҳар ҳолда, Honest Data тадқиқот компаниясининг сўровномасида 2000 нафар америкалик шундай жавоб берган.

Респондентлар рўйхатдаги компанияларнинг қай бири жамиятга максимал зиён етказишини танлашлари керак бўлган. Унда Marlboro, Walmart, Facebook, McDonald’s ва Coca-Cola каби компаниялар номи келтирилган. Marlboro 43 фоиз америкалик томонидан энг катта зиён келтирувчи компания деб топилди. Facebook 27 фоиз кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллади. Ундан кейинги ўринларда McDonald’s (21 фоиз) ва Walmart (18 фоиз) номи қайд этилган. Бундан ташқари, 36 фоиз иштирокчи "Юқорида қайд этилганларнинг ҳеч бири" пунктини танлаган.

Honest Data асосчиси Тэйвис МакГиннинг сўзларига кўра, у Facebook'га бундай муносабатдан мутлақо ажабаланмаган, зеро компанияга ўтган йилнинг ўзида қатор айбловлар билдирилди. Боз устига, сўнгги вақтларда одамлар ижтимоий тармоқларнинг психологик ҳолатга таъсири устида кўпроқ бош қотиришмоқда.

Бошқа бир сўровномада америкаликлар жамиятга энг ёмон таъсир кўрсатаётган технологик компанияларни танлашлари керак бўлган. Унда Facebook етакчилик қилмоқда, кейинги ўринда эса - Twitter. Google, Netflix ва LinkedIn анча орқада. Бироқ таъкидлаш жоизки, сўровномада иштирок этганларнинг 53 фоизи "Юқорида қайд этилганларнинг ҳеч бири" пунктини танлашган.

Табиийки, Марк Цукерберг бундай вазиятни эътибордан четда қолдирмади. Куни кеча у Facebook фойдаланувчилари ижтимоий тармоқда 50 милллион соат камроқ вақт ўтказишаётганини маълум қилди. Вирус роликларни камроқ кўрсатувчи янги алгоритмлар сабаб шундай натижага эришилган.

Мавзуга оид