Light | 23:46 / 15.02.2018
45400
7 дақиқада ўқилади

Фин мактабларини дунёдаги энг яхши мактабларга айлантирган 7 тамойил

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) маълумотларига кўра, фин мактаблари жаҳон таълим тизими рейтингида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бу скандинав мамлакатининг мактаб ўқувчилари энг юқори билим даражасини кўрсатишган, шунингдек улар сайёранинг энг кўп китоб ўқувчи болалари деб топилган, бундан ташқари, табиий фанлар бўйича - иккинчи ўрин ва математика бўйича бешинчи ўринни банд қилишган. Бироқ журналистларнинг фин мактабларига қизиқиши бир неча бошқа шароитларга боғлиқ - у ерлик ўқувчилар шундай юқори натижаларни кўрсатишига қарамай, мактабда рекорд даражада кам вақт ўтказишади.

Фото: Emaze

Финляндиядаги умумий ўрта таълим икки босқичли мактаб таълимини кўзда тутади:

— қуйи (alakoulu), 1-6 синфлар;

— юқори (yläkoulu), 7-9 синфлар.

10-синф қўшимча ҳисобланади. Мактаб ўқувчилари бу босқичда ўз баҳоларини яхшилаш ва бўлғуси касблари борасида бир қарорга келиш имконига эга бўлишади. Мактабни тугатгандан кейин ўсмирлар икки хил вариантдан бирини танлаш имконига эга бўлишади: профессионал коллежга ўқишга кириш ёки лицейда ўқишни давом эттириш (lukio).

Фин ўрта таълимининг 7 тамойили

1. Тенглик

1. Мактабларда. Финляндияда таълим "кучайтирилган" ёки "бўшроқ" мактаб деган тушунчалар йўқ. Ҳукумат пропорционал молиялаштиришни тажриба қилмоқда, барчага бирдек жиҳозларни етказиб беради, мактаб ўқувчиларига эса мактабга қабул қилинишда бир хил имконият берилади. Мамлакатда деярли барча мактаблар давлат тасарруфида, фақат 10 тача мактаб қисман давлатга қарашли. Уларнинг фарқи, қоидага кўра, ўқувчиларга бўлган юқори талабда ва албатта, ота-оналар томонидан рамзий тўловдадир. Бундай мактаблар асосан ўзига хос педагогик лабороториялар ҳисобланади.

2. Барча предметларда. Бошқача айтганда, маҳаллий мактабларда бир фан зиёнига иккинчи фан чуқурлаштириб ўтилмайди. Масалан, бу ерда санъат математика каби муҳим ва керакли фан ҳисобланади. Қайсидир маънода фин мактабларида тескари механизмни кузатиш мумкин, яъни тасвирий санъат, мусиқа, спортга мойиллиги бор ўқувчилар таълим олувчи синфлар бор. Уларга математика ва бошқа фанлар бўйича талаб у қадар қатъий бўлмайди.

3. Ота-оналарда. Финляндияда ўқитувчилар ўқувчиларнинг ота-оналари касби ҳақида маълумотга эга бўлишмайди. Ҳар ҳолда, зарурат туғилмаса, бундай масалалар кўтарилмайди. Мактаблар ва бошқа ўқув муассасаларида ота-оналарнинг иш жойига доир саволлар бериши тақиқланади.

4. Ўқувчиларда. Мактабларда ўқитувчиларнинг севимли ўқувчилари бўлмайди. Агар ўқитувчининг "чегарадан чиққани" сезилса, дарҳол у билан шартнома бузилади. Финляндия таълим вазирлиги тушунчаси бўйича ўқитувчи — бу муайян фандан сабоқ берувчи педагог, ундан ортиғи эмас.

5. Ҳақ-ҳуқуқлар тенгилигида. Финляндия мактабларида биринчи синфдан болаларга уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ўргатилади, ўқувчининг катта ёшли киши устидан шикоят қилиш ҳуқуқи ҳам шулар жумласидандир. Ўқитувчилар ўқувчини хақорат қилиш ёки унга нисбатан куч ишлатиш ҳуқуқига эга эмас. Шуниси қизиқки, у ерда барча ўқитувчилар келгусида муддатни узайтириш имкони билан фақат бир ўқув йилига шартнома тузишади. Бу пунктни бузиш кўпчилик учун карьеранинг тугашини англатади. Таъкидлаш жоизки, Финляндияда ўқитувчиларга ҳавас қиларли маош тўлашади (ёрдамчи - 2500 евродан бошлаб, фан ўқитувчисига - 5000 еврогача).

2. Йиғимлар

Мамлакатда таълимдан бошқа яна қуйидагилар бепул: тушликлар, экскурсиялар, музейлар ва дарсдан ташқари барча тадбирлар; болаларни уйларига ташувчи транспорт; дарсликлар, барча ўқув қуроллари, калькуляторлар ва ҳатто ноутбук-планшетлар. Ота-оналардан пул йиғиш ноқонуний ҳисобланади.

3. Индивидуаллик

Ҳар бир ўқувчи учун индивидуал таълим ва ривожланиш режаси тузилади. Бу режа бутун ўқиш жараёнига тегишли, бироқ энг қизиғи таълим жараёнида икки ноёб йўналишнинг мавжудлиги: бу "заиф" ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш (бизда буни репетиторлик дейишади) ва муайян тилни, математик кўникмаларни тушуниш, шунингдек баъзи болаларнинг асоциал хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келган ўқувчилар таълим жараёнига тузатишлар киритиш. Тузатиш таълими кичик гуруҳларда ёки индивидуал равишда ўтказилади.

Фото: Supercurioso

4. Амалийлик

Финлар шундай дейишади: "Биз ё ҳаётга тайёрлаймиз, ёки - имтиҳонларга. Биз биринчисини танлаймиз". Барча фин мактаблари деярли ҳамма имтиҳонлардан воз кечган, тестлар ва оралиқ назорат ишлари эса ўқитувчи хоҳишига қараб белгиланади. Фақат бир имтиҳон бундан мустасно - бу мактаб тугаллаганда топшириладиган имтиҳон, лекин унинг натижалари катта аҳамиятга эга эмас, ўқитувчилар бу баҳолар кетидан бировга ҳисобот беришмайди, ўқувчилар ҳам унга махсус тайёргарлик кўришмайди: деярли барча натижалар ижобий ҳисобланади.

5. Ишонч

Ўқитувчи ўз ўқувчиларини қай усулда ўқитиши назорат қилинмайди. Мамлакатда ягона таълим дастури амалда қўлланилади, бироқ у фақат тавсияларни ўз ичига олган, ўқитиш усуллари эса мактаб ишчисининг танловига боғлиқ. Ўқувчиларга келадиган бўлсак, улар ҳам ўзига хос эркинликка эга. Масалан, агар дарс вақтида ўқув фильми ёқилган бўлса-ю ўқувчи китоб ўқишни маъқул кўрса, унга ҳеч ким танбеҳ бера олмайди. Мактаб ўқувчиси ўзи учун нима фойдали эканини танлаш ҳуқуқига эга.

6. Кўнгиллилик

Финляндия мактабларида хоҳлаган одам ўқийди. Педагогдан фақат ўз фанига қизиқтириш талаб қилинади, лекин болада ўқишга умуман қизиқиш бўлмаса, уни амалий жиҳатдан фойдали бўлган осонроқ касбга йўналтиришади ва "2"лар билан қийнаб ўтиришмайди.

Фото: Titchr

7. Мустақиллик

Финларнинг фикрича, мактаб болани энг асосийси — мустақил муваффақиятли ҳаётга ўргатиши керак. Шу боис бу ерда фикр юритиш ва билим олишга ўргатишади. Мактабларда маълумотномалардан фойдаланиш, қўшимча материални излаб топиш, барча билим манбаларини қўллай олишни билиш ижобий қабул қилинади. Бундан ташқари, педагоглар ўқувчиларнинг можароларига аралашишмайди. Асосий сабаб — ўқувчиларни муаммоларни мустақил ҳал қилишга ўргатиш.

Мавзуга оид