Спорт | 13:49 / 10.05.2018
7867
11 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб, таништирув: Нигерия

Tribuna.Uz ўз анъанасини давом эттирган ҳолда ЖЧ-2018 иштирокчилари билан таништиришда давом этади. Бугунги кун қаҳрамонлари — Нигерия терма жамоаси

НИГЕРИЯ
Мустақиллиги: 1 октябрь, 1960 йил
Пойтахти: Абуджа
Бошқарув шакли: Федератив президентлик республикаси
Аҳолиси: 186 миллион (2016) киши. (дунёда 7-ўрин)
Валюта: Нейра

НИГЕРИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ.

Фото: Wikiwand

Лақаби – «Супербургутлар»
Либоси – яшил
Конфедерация – КАФ
Федерация – Нигерия футбол ассоциацияси
Африка чемпиони – 1980, 1994
Жаҳон чемпионати – 1/8 финал (1994, 1998, 2014)
Терма жамоа таркибида энг кўп иштирок этган – Винсент Эньяма  (101)
Энг кўп гол киритган – Решиди Йекини (37)
Илк ўйин – 1949 йил. 8 октябрь. Сьерра-Льоне – 2:0
Энг йирик ғалаба – 1959 йил. 28 ноябрь. Дагомея – 10:1
Энг йирик мағлубият – 1955 йил. 1 июнь. Олтин Қирғоқ – 0:7

Ўтган асрнинг иккинчи ярмигача Нигерия терма жамоаси нафақат жаҳон, Африка миқёсида ҳам етакчи саналмасди. Ҳатто Африка Миллатлар кубогининг илк саккиз турнирида атиги бир маротаба асосий босқич ўйинларида ўйнаш имкониятини қўлга киритган, ўшанда ҳам гуруҳ босқичидан нарёғига ўта олмаганди. 1976 ва 1978 йилларда «яшил бургутлар»нинг парвози бошлани ва улар кетма-кет икки маротаба ўша турнирнинг ярим финалида ўйнаш бахтига муяссар бўлдилар. 1980 йилда эса Нигерия терма жамоаси ўз майдонида ўтказилган мусобақада илк бор Африка чемпионига айланди. Буёғига терма жамоа мунтазам турнир совриндорига айланган бўлса-да, жаҳон ҳали Нигерияни «танимасди».

Камеруннинг Италиядаги «тақдимот маросими»дан сўнг Африка жамоаларидан ҳайиқа бошлашди. АҚШда ўтган 15-жаҳон чемпионатида ўша натижаларнинг тасодиф эмаслигини ва қитъа футболи ривожланишнинг тўғри йўлида дадил қадам ташлаётганини ўз ўйинлари билан исботлай олди.

Нигерия гуруҳда Аргентина, Болгария ва Греция терма жамоалари билан беллашди. Стоичков-у Костадиновлари билан ўзининг энг яхши даврларини бошдан кечираётган Болгария биринчи турда 3:0 ҳисобида тор-мор этилди. Кейин эса греклар дарвозасига жавобсиз икки гол йўлланди ва Нигерия гуруҳда пешқадам бўлиб олди. Чунки, Аргентина кутилмаганда болгарларга имкониятни бой берган ва сўнгги турда худди турт йил олдингидагидек Марадона ва шерикларининг тақдири Африка вакилининг қўлида қолганди. Сўнгги турда Аргентина 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди, бу натижа ҳам Нигериянинг гуруҳ пешқадамлигидан тушира олмади. Гуруҳдан олтитадан очко туплаган Болгария, Аргентина ва Нигерия кейинги босқичга йўл олди, чунки АҚШ – 94 24 жамоа иштирок этган энг сўнгги турнир ҳисобланади, яъни яхши кўрсаткич қайд этган тўртта учинчи ўрин соҳиблари ҳам плей-оффда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритишарди. Нигерияни эса нимчоракда Италия кутиб турарди.

Ўша ўйин кўпчиликнинг ёдидан чиқмаса керак. Нигерия биринчи таймда ҳисобни очди, бунинг устига 75-дақиқада италияликларнинг етакчи футболчиларидан бири Зола майдондан четлатилганди. Афсуски, Нигерия камерунлик қўшнилари натижасини такрорлай олишмади. 88-дақиқада Роберто Бажжо ҳисобни тенглаштирди, қўшимча вақтда эса унинг ўзи пеналтидан ғалаба тўпини киритди.

«Супербургутлар», уларни шундай деб аташади, ўша чемпионатда барчада илиқ таассурот қолдирди. Асосийси камерунликлардан фарқли равишда Нигерия бир нечта юлдуз футболчиларни ҳам дунёга кўз-кўз қила олганди. Жамоанинг бир нечта футболчилари ўз совуққонликлари ва ақлли футбол кўрсатишлари билан нафақат айнан шу терма жамоа, алоҳида футболчи сифатида ҳам кучли эканликларини исботлай олишганди. Шундай бўлди ҳам, Олисе, Финиди, Окоча, Амунике, Йекини, Амокачи каби футболчилар бутун Европа бўйлаб сочилиб кетишди ва ўзларини клуб миқёсида ҳам кўрсата бошлашди.

1994 йил мамлакат учун футбол йили бўлганди, айнан ўша йили Нигерия тарихида иккинчи бор Африка кубогини ҳам ўзиники қилиб олди. Эсингизда бўлса, ўша ғалаба туфайли нигерияликлар Хиросима ўйинлари ғолибига айланган юртдошларимизга қарши Афроосиё кубоги учун икки марта майдонга тушишганди. Терма жамоанинг ўша йиллардаги бош мураббий, нидерландиялик Клеменс Вестерхоф мамлакатнинг ҳамма даврлар учун энг буюк тренер сифатида эътироф этилди.

АҚШ стадионлари нигерияликлар учун жуда ҳам омадли эканлиги икки йил ўтиб ўз тасдиғини топди. Буниси энди ҳақиқий сенсация эди. Нигерия олимпиада ўйинлари ғолиби бўлди. Нванкво Кану эса дунё футболининг янги суперюлдузи сифатида тилга олина бошланди.

ЖЧ-98 олдидан Нигерия терма жамоаси ҳатто чемпионликка даъвогарлар сифатида тилга олина бошланди. Доимо «қовун тушириб» қўядиган футбол қироли Пеленинг Нигериянинг чемпион бўлиши ҳақидаги башорати ўшанда ҳеч кимнинг ҳайратига мушарраф бўлмаганди. Нигерия ҳақиқатдан ҳам кучли эди. Мураббий эса ЖЧ бўйича ўзига хос мутахассис Бора Милутинович эди.

Гуруҳда Нигерия барча ишончларни оқлади. Испанияга қарши кечган илк ўйин турнирни безаган энг чиройли ўйинлардан бири эди. Африкаликлар икки марта ҳисобда орқада борганликларига қарамасдан, 3:2 ҳисобида ғалаба қозондилар. Айниқса ўйиннинг 78-дақиқасида Олисенинг жарима зарбасидан киритган ҳал қилувчи голи жуда чиройли чиққанди. Кейинги турда болгарлар 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратилди. Шундай ҳолат юзага келдики, Испания – Болгария ўйини қайси ҳисобда якунланишидан қатъий назар, гуруҳнинг бошқа бир аъзоси, икки учрашувни ҳам дуранг билан якунлаган Парагвай терма жамоаси агар Нигерия устидан ғалаба қозонса, кейинги босқич масаласини ҳал қилган бўларди. Бу сафар ҳам барча масалани икки турда ҳал қилган Нигерия терма жамоаси ўша учрашувга кучсизлантирилган таркибни туширди ва 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради.

Бу Бора Милутиновичнинг катта хатоси эди. Бу тақлид мусобақаларда одатда бир нафасда турнир йўли босиб ўтилиши ва жамоа ўйиндан ўйинга сайқаллашиб бориши керак. Айнан етакчилардаги ўша танаффус Данияга қарши кечган нимчорак финалда салбий таъсир ўтказди. Албатта бунда европаликларинг ўйинга танлаган тўғри тактикаларининг ҳам улуши бор, хуллас Дания «супербургутлар»га умуман ҳеч қандай имконият қолдирмади, ҳисоб – 1:4, Дания фойдасига.
Кейинги турнирлар Нигерия у қадар ёрқин порламади.

АРГЕНТИНАДАН АЖРАЛМАЙ

Фото: Guliver/GettyImage


Аммо бир қизиқ жиҳатга эътибор бериш лозим. Юқорида Нигериянинг илк порлаган мундиали Аргентина терма жамоаси билан боғлиқ бўлгани, бу икки терма жамоа бир гуруҳдан жой олгани ҳақида эсладик. Қизиғи, кейинги мундиалларда ҳам Нигериянинг йўллари Аргентина билан кесишмай қолмаяпти.

2002 йилда ўтган чемпионатда нигерияликлар Аргентина, Швеция ва Англия билан бирга ўлим гуруҳидан жой олишди ва европаликлар гуруҳни муваффақиятлироқ якунлади. 
2010 йилда Африкада ўтган мундиалда яна эски дўстлар бир гуруҳда эди. Фақат бу сафар ўлим гуруҳи эмасди, Греция ва Жанубий Корея терма жамоалари нигерияликлар учун ўтса бўладиган рақиблар эди. Аммо бу сафар ҳам омад юришмади ва Нигерия сўнгги ўринни банд этди.
2014 йилда яна Аргентина. Нигерия бу сафар яхши ҳаракат қилди, Босния ва Эрон бизнинг жуфтликнинг олдига туша олишмади.
Қарангки, Россиядаги жаҳон чемпионатида ҳам Нигерия – Аргентина ўйинини аниқ томоша қиламиз. Жамоалар яна бир гуруҳдан ўрин олишган.   

ҲОЗИРГИ НИГЕРИЯ

Фото: Getty Images

Бугунги Нигерия терма жамоаси масалан, Мисрдаги Салоҳ каби, бутун дунёни ўзига қаратган, умуман эътибор бериш мумкин бўлган янги номларга эга эмасдек. Аммо таркибни яхшилаб таҳлил қилинса, ҳар чизиқда Европада катта тажрибага эга бўлган ва юқори савияли мусобақаларда иштирок этган футболчиларни учратиш мумкин. 

Мисол учун майдон марказида тўп сурадиган Вилфред Ндиди «Лестер»да муҳим футбочлилардан бирига айланиб улгурган ва қайсидир маънода Нголо Кантен билан ҳам солишитирилмоқда. Унинг шериги Жоэл Оби эса «Интер» тарбияланувчиси ҳисобланади ва ҳозирда «Торино» сафида тўп сурмоқда.

Виктор Мозес бир пайтлар ҳужумчи саналарди ва Нигерия терма жамоаси сафида ҳам кўпроқ олдинги сафда ҳаракат қилган. Лекин Антонио Конте уни ажойиб литералга айлантирди, «Челси»нинг чемпионлик мавсумида айниқса, Мозес АПЛда қайта кашф қилинганди. 

Унинг универсаллиги ҳам мураббийга қайсидир маънода қўл келади, сабаби, олдинги чизиқда Калечи Ихеаначо, Аҳмад Муса, Алекс Ивоби каби ёрқин футболчилар ҳам бор.

ЭЪТИБОР БЕРИШ ЛОЗИМ: Алекс ИВОБИ

Фото: Laurence Griffiths/Getty Images 

1996 йилда Нигерия таркибида олимпиада ғолиби бўлган ва кейинчалик терма жамоанинг етакчи футболчиларидан бири бўлган Жей Жей Окочани эсласангиз керак. Алекс унинг жияни бўлади.

Ўша олимпиададан уч ой олдин Лаосда таваллуб топган Ивоби 8 ёшида «Арсенал» академиясига қабул қилинади ва айниқса, ўтган мавсумдан бошлаб Арсен Венгернинг эътиборидаги футболчига айланди, лондонликлар сафида олтмишдан ортиқ ўйинда майдонга тушди.

Юқори техникага ва тезликка эга бўлган Алекс Ивоби Англиянинг барча ёшдаги терма жамоаларида ўйнаб чиқди. Аммо катталар таркибига қўшилмасдан олдин Окоча ва унинг дўсти, яна бир машҳур футболчи Нкванко Кану билан маслаҳатлашди. Собиқ юлдузлар қаҳрамонимизга Нигерияни танлашни маслаҳат беришди.

19 ёшидан Нигерия сафида дебют қилган футболчи 2017 йилнинг ноябрида Аргентина терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида икки гол муаллифи бўлганини таъкидлаш керак. Россия майдонларида ҳам, дастлабки босқичда Нигериянинг асосий рақиби айнан Аргентина бўлишини аввалги бўлимда айтиб бўлгандик.  

ЖЧ-2018

Фото:  EPA/Cristiane Mattos

Нигерияликлар мундиалдаги илк ўйинни 16 июнь куни Калининградда гуруҳдаги иккинчи ўрин учун асосий рақиб бўлиши мумкин бўлган Хорватияга қарши ўтказади. Айнан шу ўйиндаги натижа жамоаларнинг кейинги тақдирини ҳал қилишини тахмин қилиш мумкин. 22 июнь куни Исландияга қарши ўйин Волгограддаги стадионда ташкил этилади. Сўнгги турни Нигерия Санкт-Петербургда Аргентинага қарши ўтказади. Бу ўйин 26 июнь кунига белгиланган.

Қизиқ томони, агар Нигерия гуруҳдан чиқа олса, нимчорак финалда С гуруҳи ғолиблари, балки Франция ва Дания терма жамоаларидан бири билан куч синашиши мумкин. 1998 йилдаги жаҳон чемпионатида Дания қаҳрамонларимизни 1/8 финалдан чиқариб юборган бўлса, 2014 йилда Франция йўлга тўғаноқ бўлганди.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Мавзуга оид