Ўзбекистон | 10:26 / 23.07.2018
84180
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Коллежни битирган бола ариза ёзолмайди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Ядро физикаси институти залида Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашув ўтказди. 

“Вақт-соати келди. Ҳаётга илмнинг натижалари амалга оширилмагани учун ривожланишимизнинг ҳамма соҳаларида сифат даражаси пасайиб кетди. Илм бўлмагани учун. Мен сизларга бир рост гапни айтаман: коллежни тугатган бола ариза ёзолмайди! Бу гапим ҳақиқат! На кирилл алифбосида, на лотинда. 

Нима учун биз Мактабгача таълим вазирлигини туздик? Бир ярим мингдан кўпроқ мактабгача таълим муассасасини очмоқчимиз, бу тарихда бўлмаган, бир йилда битта ҳам очмаганмиз. Агар биз мактабгача таълимни ривожлантирмасак, қишлоқларда мактабга келаётган болаларнинг сифати, савияси ҳозирги талабга мутлақо жавоб бермайди. Мактабларда 10-11-синфларни очдик. Нима учун? Олийгоҳда сифат. Энди мактабгача таълим, мактаб ва олийгоҳ. 10 йил шу тизимни қилсак кўзи ёнган, эртанги кунга ишонган, билими бўлган, ҳеч кимдан қўрқмайдиган, жасур ва миллатимизнинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган одамлар пайдо бўлиши мумкин. 

Вилоятларга борганимизда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Иброҳим Юсупов, Ҳамид Олимжон, Зулфия каби ижодкорларга бағишланган катта-катта мактаблар очдик. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлардек ижодкорлар ўзидан-ўзи пайдо бўлмайди. Ҳеч қачон пайдо бўлмайди. Уни давлат тарбиялаши, саралаши, унга пул сарфлаши керак”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид