Британиялик изқувар Малайзияга қарашли самолётни топганини таъкидламоқда
Британиялик изқувар Ян Уилсон Daily Star нашрига берган интервьюсида 4 йил аввал сирли равишда йўқолиб қолган, Малайзияга қарашли Boeing 777-200 самолётини топганини маълум қилди.
Уилсоннинг айтишича, у Google Maps хариталарини кўздан кечираётиб, Камбожанинг бориш қийин бўлган ҳудудида йўловчи самолётига ўхшаш объектни топган.
Изқувар бу объект 2014 йил 8 март куни Куала-Лумпурдан Пекинга парвоз вақтида йўқолиб қолган самолёт эканига шубҳа қилмаяпти.
Таъкидланишича, топилган объект самолётга жуда ўхшаш бўлиб, бироқ Boeing 777-200 самолёти каби 63 метр узунликка эмас, 70 метр узунликка эга. Уилсоннинг айтишича, бу фарқ самолётнинг дум қисми қулаш вақтида бўлакланиб кетгани билан тушунтирилади.
Изқувар суратдаги объект жунглилар устидан учиб ўтаётган самолёт бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни инкор этмоқда. Унинг айтишича, у бу тахминни Google Earth’нинг функцияларидан бирини қўллаб текшириб кўрган ва объект ер сиртида ётганини аниқлаган.
Уилсон объект аниқланган жойга бир ўзи бормоқчилигини айтмоқда, чунки самолётни қидириш билан шуғулланаётган қутқарувчилар унга ўхшаш ташаббускорларнинг тахминларини инобатга олишмаяпти.
Malaysia Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing 777-200 самолёти Куала-Лумпурдан Пекинга MH370 рейсини амалга ошириш вақтида бортида 227 йўловчи ва экипажнинг 12 аъзоси билан 2014 йил 8 мартга ўтар кечаси радарлар экранидан йўқолиб қолган. Самолёт Ҳинд океанининг жанубий қисмида фалокатга учрагани тахмин қилинади. Уч йиллик қутқарув амалиётига қарамай, самолёт бўлакларини аниқлашга муваффақ бўлинмаган.
Мавзуга оид
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
12:02 / 02.11.2024
Мюнхендан Шанхайга учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди
11:56 / 02.11.2024
Авиация тарихидаги ғалати ҳалокат: учувчи нега самолётни тоғга олиб бориб урганди?
10:10 / 29.10.2024