Жамият | 22:18 / 11.09.2018
88713
7 дақиқада ўқилади

Андижон-Тошкент сафари. Хорижлик сайёҳлар олдида уялтирган поездлар

Андижондан Тошкент томон бормоқчи бўлган йўловчилар асосан поезд ёки автомашинадан бирини танлайди. Автомобилда узоқ йўл юришнинг ўзига хос ижобий ва салбий томонлари бор. Автомобил ичида камида беш соат ҳаракатланмай ўтирасиз. Бироз ваҳимали Қамчиқ довонидан ўтиш керак. Бироқ поезддан кўра тезроқ манзилга етасиз ва сизни Тошкент шаҳридаги айтган манзилингизга олиб бориб қўйишади.

Поезд энди бошқача... Бутун дунёда энг кўп фойдаланиладиган жамоат транспорти шу бўлса керак. Аниқ жадвал асосида иш юритади. Йўл давомида бемалол вагон ичида ҳаракатланишингиз мумкин. Хавфсизлик чоралари мавжуд. Унинг қулайликлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Шунинг учун Ўзбекистонни кезиш учун келган чет эллик сайёҳлар ҳам кўпроқ поездни танлайди.

Нархларга тўхталамиз. Тошкентга таксида кетмоқчи бўлсангиз, «питак»да бугунги нархлар - 40 минг сўмдан 60 минггача. Дейлик, «Нексия»да кетиш - 40-50 минг сўм, «Ласетти» - 60 минг сўм.

Темир йўл транспортида эса Андижондан Тошкентгача бўлган нархлар қуйидагича: Econom - 58 000 сўм, Business класс - 89 000 сўм ва VIP класс - 168 000 сўм.

Куни кеча айнан ушбу йўналиш бўйича йўлда поезд вагонларида йўловчиларга яратилган шарт-шароитларни кузатдик.

Чипта олиш

Ҳаммаси яхши. Чиптахона кун давомида узлуксиз ишлайди. Нақд пул ёки пластик карточка орқали муаммосиз чипта сотиб олиш мумкин.

Биз кеч соат тўққизларда бориб, 61-сонли йўналишдаги поезднинг эрталабки соат 06:20да йўлга чиқувчи - «Еconom», халқ тили билан айтганда «умумий» вагонига 58 минг сўмга кетишга ва қайтишга 17:24даги поездга чипта сотиб олдик. Кассадаги ходим: «Қайтишга «плацкарт»да келасиз» деб қолди.

Вокзал  ва йўлга чиқиш

Андижон вокзалига эрта тонг соат 5:20ларга келдик. Йўловчилар аста-секин ўтиш йўлагини тўлдираётганди.

Вокзал биносида ходимлар муомаласи ёмон эмас. Шароитлар ҳам. Юкингизни олиб бориш учун аравалар ҳам бисёр.

Лентадан юкни ўтказгач, ҳужжатларни текширтириб, поездга чиқишга тайёр бўлиб олдик. Вокзал радиосидан ўзига хос товушда «Андижон-Тошкент поезди биринчи йўлга келди. Йўловчилар чиқишлари мумкин» деган эълондан сўнг ҳамма вагонлар сари юрди. Йўловчилар сони камдек. Чунки, эшелонда 7та вагон бор эди. Вагон кузатувчиси (проводник) чиптани олиб, жойимни кўрсатиб берди.

Тўғриси, мана шу темир йўл чипталарини ўқиб тушуниш учун алоҳида курсни тугатиш керак, чоғи. Қайсидир қисми лотин тилида, қолгани кирил алифбоси билан рус тилида ёзилган. Чет элликлар ҳам кўриб тушунмаса керак. Айтиб қўяй, унинг номи «чипта» эмас - «йўл ҳужжати».

Шундан сўнг жойимни топиб ўтирдим. Вагон 70 фоизга тўлган. Бўш жойлар Марғилон, Қўқон ва Попдан чиқадиганларга сотилган бўлса керак деган фикрга келдим. Поезд аниқ чиптада кўрсатилган вақтда жойидан қўзғалиб, йўлга чиқди.

Қулайликлар

Вагонда 54та ўриндиқ. Ўртада йўлак ва икки томонда иккита жуфт ўриндиқли жойлар. Якка ўриндиққа эга бўлдим. Суянчиғини ўзингизга мос қилиб олиш имконияти бор экан. Уяли алоқа воситасини «зарядка» қилиб олиш учун ўртада бир жуфт мослама борлиги қувонтирди.

Олдингиздаги курси орқасидаги мосламалардан овқатланиш учун фойдаланса бўлади. Оёқ қўйгич ҳам бор.

Йўлак тепасида икки тарафли телевизорларда қизиқарли фильмларни қўйиб беришар экан.

Камчиликлар

Қулайликлар ҳақида шулар. Энди кўриниб турган баъзи камчиликлар ҳақида. Тўғриси, муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Таҳририятимизга келган мурожаатларда поездда тозалик ва ҳожатхонадаги санитария ҳолати ёмонлиги ҳақида ёзишган эди.

Ҳақиқатда, ҳар қандай хонадон, ташкилот, муассаса ва жамоат жойларида кишилар кўп фойдаланадиган жойлардан бири бу – ҳожатхона. Поездда ҳам шу масала жуда долзарб. 

Афсуски, биз ичида 6 соат бўлганимиз поезд бу жиҳатдан мақтана олмайди. Ҳожатхонада тозаликка эътибор қаратилмас экан. Суратларда ҳам кўришингиз мумкин. Кирсангиз фақат таъбингиз хира бўлади. Ҳожатхона ва қўл артиш учун қоғози учун иккита мослама ўрнатилган бўлиб, иккаласи ҳам бўм-бўш эди. Қўл ювадиган жой ҳам тозаликдан узоқ. Совун дегани жуда эскириб кетган.  Оддийгина лекин муҳим муаммо. Чунки, эрталаб вокзалда хорижлик сайёҳлар гуруҳи ҳам вагонга чиқаётганини кўргандим. Юртимизга келаётган чет элликлар табиатимиз, урф-одатларимиз, қадимий биноларимиз келиб томоша қилишга арзишини айтиб, лекин йўл ва ҳожатхоналар талаб даражасида эмаслигига бежиз урғу беришмайди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ мана шу жиҳатга эътибор қаратса яхши бўлар эди.  Ҳамроҳим Ҳабибулло ота зиёли инсон экан. У киши уч кун олдин Қўқонга келишда ҳам вагон ҳожатхонаси ифлослиги учун бир гуруҳ германиялик туристлар олдида хижолат чекканини айтиб берди.  

Вагонга чиқиб ўтирганимиздан ярим соатлар ўтиб, вагон кузатувчиси тақсимчага қўйиб бир марталик стаканчаларда кофе келтирди. Хоҳлаганлар ичди. Кейин 2 минг сўмдан йиғиб олинди.

«Нега пуллик?», деган саволга, «Кофе пуллик, чой бепул», дея жавоб қайтарди. Лекин, чой келтирмади-ку, яна бир марта пуллик кофе келтириб тарқатди. Бирор жойда поездда қайси хизматлар пуллик ёки бепуллиги ҳақида маълумот йўқ экан.

Вагон-ошхонадаги шароитлар алоҳида мавзу...

Тошкентда ишларни битказиб, кечки рейсда плацкарт вагон орқали Андижонга қайтдим. Қайтган вагонимда эса бирорта электр розеткаси ишламаслиги билан ёдда қолди.

Қолгани, яна ўша муаммолар...

Мақолам чўзилиб кетди. Кейинги гал водийдан Тошкентга автомашинада бориб-келиш қандай кечиши ҳақида ёзмоқчиман...

Йўловчи Элмурод Эрматов

Мавзуга оид