Ўзбекистон | 11:46 / 01.04.2019
6595
3 дақиқада ўқилади

Фуқаролар йиғинлари томонидан жалб этилган ҳомийлик маблағлари нималарга сарфланиши белгиланди

Фото: Norma.uz

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган маблағларни ва ҳомийлик хайрияларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, жисмоний ва юридик шахслар ҳомийлик хайриялари шаклидаги ёрдамни қонун ҳужжатларига мувофиқ ихтиёрий ва беғараз амалга оширадилар.

“Ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ қонунга зид бўлган ҳар қандай фаолиятни ҳомийлик воситасида қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

Жалб этилган маблағларни ва ҳомийлик хайрияларини шакллантириш қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

фуқаролар йиғинининг мақсадларига мос келадиган вазифаларни ҳал этишга доир тадбирларни амалга ошириш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарорига асосан жалб этиладиган маблағлар;

ҳудуддаги жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

фуқаролар йиғинлари ва юридик шахслар ўртасида хайрия ёрдами кўрсатиш тўғрисида тузилган шартномаларга асосан тегишли ҳудудда ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва бошқача шаклда қўллаб-қувватлаш ифодаланадиган ихтиёрий беғараз ёрдамлар.

Фуқаролар йиғинлари томонидан жалб этилган маблағлар ва ҳомийлик хайриялари Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банкининг филиалларида очилган талаб қилиб олингунча депозит ҳисобрақамларида белгиланган тартибда жамланади.

Фуқаролар йиғинлари томонидан жалб этилган маблағлар ва ҳомийлик хайрияларидан фойдаланиш фуқаролар йиғини кенгашининг қарори асосида ушбу маблағлар ва ҳомийлик хайрияларининг мақсадидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида маблағлар жалб этиш ва улардан фойдаланиш фуқаролар йиғинлари ва юридик шахслар ўртасида хайрия ёрдами кўрсатиш тўғрисида тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

Жалб этилган маблағлар ва ҳомийлик хайрияларини бошқариш ҳамда тақсимлаш фуқаролар йиғини раиси томонидан амалга оширилади.

Жалб этилган маблағлар ва ҳомийлик хайриялари, агар бошқа мақсадларга қаратилган бўлмаса ёки хайрия ёрдами кўрсатиш тўғрисида тузилган шартномаларда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, қуйидаги мақсадларга сарфланади:

а) кам таъминланган ва эҳтиёжманд бўлган ёлғиз кексалар, ногиронлар, шунингдек, биринчи навбатдаги ҳаётий эҳтиёжини таъминлай олмайдиган кам даромадли, икки ва ундан ортиқ вояга етмаган болалари бор, боқувчиси ногирон ёки меҳнат қобилиятини вақтинча йўқотган, сурункали касални парвариш қилаётган оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун қуйидагича йўналтирилади:

уй ва квартираларни таъмирлаш;

қаттиқ ёқилғи (кўмир ва ўтин) маҳсулотлари билан таъминлаш;

ногиронларни реабилитация воситалари билан таъминлаш;

соғлигини тиклаш;

коммунал хизматлар ҳақини тўлаш;

никоҳ ва суннат тўйларини ўтказиш;

б) маҳаллада табиий, техноген ва экологик хусусиятли талафот кўрган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш;

в) маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария жиҳатдан тозалаш ҳамда коммунал хизматлар учун тўловларни амалга ошириш;

г) ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш.

Мавзуга оид