Ўзбекистон | 21:33 / 16.10.2019
87543
5 дақиқада ўқилади

Миришкор ҳокими яна диққат марказида. Ҳокимлик вазиятга изоҳ берди

Маккажўхори сўталарини рухсатсиз олаётган бобо ва набираларини қаттиқ койигани, бу жараёнда қўпол сўзлар ишлатгани ортидан тилга тушган Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов яна ижтимоий тармоқлар «қаҳрамони»га айланди. Шу кунларда интернетда айнан шу ҳокимга тегишли овоз ёзилгани айтилаётган аудио кенг тарқалмоқда. 42 сония давом этган аудиода шаҳрисабзча шевадаги овоз (маълумотларга кўра, Равшан Комилов шаҳрисабзлик) ўз қўл остидагиларни жуда қўпол сўзлар билан сўкади. Орада мушт туширгани, шапалоқ ургани ҳам эшитилиб туради.

Таъкидлаш керакки, аудиодаги асосий овоз Миришкор тумани ҳокими Равшан Комиловнинг овозига айнан ўхшаш. Тахминларга кўра, ҳоким ўз ходимларига берган топшириғи бажарилмаганидан ғазаб отига минган ва уларни онасини қайта-қайта тилга олиб бўралатиб сўккан.

Аудио қачон ёзилгани маълум эмас, сўзлар мазмуни пахта культивацияси мавсумига тўғри келади.

«Ҳаммаси аён кўриниб турибди»

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқовга мурожаат қилдик.

– Бу ҳолатни яширишнинг, хаспўшлашнинг ҳожати йўқ. Ҳаммаси аён кўриниб турибди. Ҳозир бу ҳолат прокуратура томонидан олдинги ҳолат билан қўшиб ўрганиш учун назоратга олинган. Расман ўз тасдиғини топса, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 баравари миқдорида жарима қўлланиши мумкин, – деди ҳокимнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси.

«Олти йил олдинги гаплар бу…»

Миришкор тумани ҳокимлиги матбуот котиби Файзулла Эшқуловнинг бу масала юзасидан изоҳи қуйидагича бўлди.

«Миришкор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати «Озодлик» радиоси ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган «Отахонни неваралари олдида маккажўхори учун ҳақоратлаган ҳоким фермерларни онасидан сўкди», «Сўконғич ҳоким тарихи» сарлавҳали аудиоёзувли хабарларни ўрганиб чиқди. Ушбу воқеалар аламзада одамлар томонидан бўрттирилган, олти йил олдинги воқеани гўёки бугун бўлгандек қилиб кўрсатишга уриниш ҳолатлари бор.

Бир нечта мисоллар келтирайлик. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Равшан Комилов 2014 йил 7 октябрда Чироқчи туманининг Пўстин қишлоғида истиқомат қилаётган 60 ёшли Мойли буванинг юбилей, келин тушириш ва невараларининг суннат тўйини бузмаган, фақат ўша даврнинг сиёсатидан келиб чиққан ҳолда пахта терими даврида тўй қилмаслик ҳақида огоҳлантириш берган.

2014 йилнинг 19 октябрида Чироқчи туман ҳокими бўлиб ишлаган Равшан Комилов Шаҳрисабз туман ҳокими Фахриддин Норовни иш кабинетидан ташқарига чиқариб урган, деган жумла асоссизлиги бўйича бир қатор фактлар тўпланди.

2018 йилнинг 18 июнида Миришкор туманида фермерлик қилган Шерали Давроновнинг яқин қариндошлари унинг ўз жонига суиқасд қилишини буғдой режасига ва мажлисда уриб ҳақорат қилинганига боғламаяпти.

Бугунги мақолага сабаб бўлган, «Озодлик» радиоси ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган, туман ҳокимининг фермерга бераётган танбеҳи билан боғлиқ воқеалар бундан роппа-роса олти йил аввал ёзиб олинган. Барчангизга маълумки, бундан беш-олти йил аввал пахта сиёсати йўлида ҳеч ким аяб ўтирилмаган. Ҳокимнинг фермерга танбеҳ бериш воқеаси олти йил аввал Чироқчи туманида содир бўлган. Аламзада кимсалар эса бу эски воқеаларни ижтимоий тармоқларда кўрсатиш орқали бугунги кунда иш ва одамларга муносабат услубини ўзгартирган ҳокимга қарши иш қилаётганлари сезилиб туради. 

Янгиланаётган Чироқчи (2013-2017) ва Миришкор туманларидаги бунёдкорлик ишларининг бошида турган, одамларнинг бошини қовуштирган, туманлар экспорти ҳақида қайғурган, бир неча йиллар давомида ғалла режаларини ортиғи билан бажарган, ўнлаб хайрия тадбирларининг фаол иштирокчиси бўлган, муҳими ватан равнақи учун хизмат қилаётган фуқаро ва раҳбар Равшан Комиловни обрўсизлантириш учун ҳаракат қилишяпти, деган хулосани келтириб чиқаради ушбу хабарлар.

Кечаги гапни бугунги гапга айлантирмайлик! 

Ҳоким ҳам сиз-у бизга ўхшаган кўнгли ва орзу ҳаваслари бор. Қўлимиздан келса, адолатли гапни айтайлик, бўлмаса сукут сақлайлик, ёлғон ва уйдирмалардан йироқлашайлик».

Интернетда тарқалган аудио бўйича ҳоким Равшан Комиловнинг ўзи ёки прокуратура ҳозирча вазият юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Бундан олдинроқ, Бош прокуратура маккажўхори билан боғлиқ аввалги воқеа бўйича текширув бошланганини хабар қилганди. Аммо бу текширув якунлари бўйича хулосалар эълон қилинмади. Ўшанда Равшан Комилов омма олдида узр сўраб чиққанди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид