Спорт | 12:56 / 11.11.2019
35004
7 дақиқада ўқилади

Кун можароси. Ҳакам «Манчестер Сити»га нисбатан ноҳақлик қилдими?

Кеча бўлиб ўтган Англия чемпионатининг марказий ўйинида мезбонларнинг биринчи голи мунозараларга сабаб бўлди. Фабиньо ҳисобни очишидан бир неча сония аввал «Манчестер Сити» ҳужум қилаётган эди ва тўп жарима майдони ичида «Ливерпуль» ҳимоячиси Трент Александр-Арнолднинг қўлига тегди.

Бу ерда атайлаб қўл билан ўйналмагани ҳақида гапириш ноўрин, чунки биринчидан, Трентнинг қўли табиий ҳолатда бўлса-да, танасининг имкон қадар каттароқ йўналишни тўсиб туришга сабаб бўлганди. Иккинчидан, агар тўп ҳимоячининг қўлига тегмаганда, орқада турган Стерлингга бориб тушар ва «Манчестер Сити» ҳужумчиси жуда қулай имкониятга эга бўларди. Алоҳида олинганда бу – яққол пенальти.

Хўп, ҳакам хато қилдими?

Гап шундаки, тўп Трентнинг қўлига тегишидан олдин, «Манчестер Сити» футболчиси Бернарду Силванинг қўлига ҳам текканди. Ҳакам ҳар икки ҳолатни бир эпизод сифатида баҳолади ва «Ливерпуль» ҳимоячисининг қўлига теккан тўп аслида «Манчестер Сити» ҳужумчисининг қоида бузишидан воқеалар занжири асосида юзага келганди. Бу вазиятни ҳакам худди шундай баҳолади ва ҳатто VAR’га мурожаат қилишни лозим топмади ҳам. Табиийки, бу ерда бир нечта саволлар туғилади.

Хўш, унда ҳакам нега тўп Бернарду Силванинг қўлига текканини кўргач ўйинни дарҳол тўхтатмади?

Маълумки, янги қоидаларга асосан, агар тўп ҳужум қилаётган футболчининг қўлига тегса, қатъийроқ чора кўрилади. Яъни қўлнинг ҳолати, атайлаб ёки атайлаб эмаслиги, ўртадаги масофа, фарқи йўқ, тўп қўлга тегдими, тамом – қоида бузилиши ҳисобланади. Ҳакам катта эҳтимол билан Силванинг ҳолатини кўрган, лекин эпизод якунланишини кутган бўлиши мумкин. Агар «Манчестер Сити» гол урганида, ҳакам VAR’га мурожаат қилар ва голни бекор қилар эди. Эсингизда бўлса, «Ливерпуль»нинг «Олд Траффорд»да урган шундай голи ВАР ёрдами билан бекор қилинганди.

Ҳакам унда бу имконият борлиги учун ҳам, бемалол вазиятни қўйиб берди. Имкон қадар тўлиқ амин бўлиб, кейин қарор чиқаришни истади. Бу тушунарли.

Нега тўп Александр–Арнолднинг қўлига текканидан кейин VARга мурожаат қилинмади?

Юқорида айтилганидек, Майкл Оливер ҳар икки ҳолатни ҳам ўз кўзи билан кўргани аҳамият касб этди. VAR ҳакам учун техник ёрдам, қачонки, у вазиятни кўрмай қолса ёки қайтадан баҳолашни истаса, видеотакрордан сўрайди. (Фақат АПЛ ва бошқа лигалардаги фарқ шундаки, Англияда VAR орқали қарор чиқариш ва бош ҳакамга маълум қилиш видеоҳакамлар зиммасида, бошқа жойларда эса, бош ҳакамнинг ўзи вазиятни видеода кўриб сўнгги қарорни чиқаради). Оливер вазиятни кўрган экан, техник ёрдамга эҳтиёж сезмади. Бу ерда гап тўпнинг ҳимоячига теккан ёки тегмагани эмас, ундан олдинги эпизод, Силванинг вазиятида эди.

Ҳакам ўйинни давом эттирди ва «Ливерпуль» қарши ҳужумда гол урди. «Манчестер Сити» футболчилари фаол тарзда ҳакамга эътироз қила бошлашди. Ундан вазиятни видеода кўришни ва голни ҳисобламасдан, аксинча, мезбонлар дарвозасига пенальти белгилашни сўрай бошлашди. Майкл Оливер меҳмонларнинг талабларини қондирмади ва вазиятни қайтадан баҳолашни истамади. VAR’га мурожаат қилишни лозим топмади.

Менимча, бу ерда Оливер жуда тўғри қарорга келди. Тасаввур қилинг, агар у VAR’га мурожаат қилганида, Фабиньонинг голини бекор қилиши ва мезбонлар дарвозасига пенальти белгилаши шарт бўлиб қоларди. Чунки тўп ҳимоячининг қўлига теккан – бу юз фоизлик пенальти. Ёмон томони, VAR’га мурожаат қилинса, Бернарду Силванинг ҳам қўл билан ўйнаганини баҳолаш имконсиз бўлиб қоларди. Бу эса, мантиқан «Ливерпуль» учун ноҳақлик.

Бизга яхши маълумки, VAR’га 4 ҳолатда мурожаат қилинади.

1. Гол ёки гол эмаслигини аниқлаш учун;

2. Қизил карточкани аниқлаш учун;

3. Пенальтини аниқлаш учун;

4. Футболчини идентификация қилишдаги хатони аниқлаш учун.

Кўриб турганингиздек, тўп ҳужумчининг қўлига текканини аниқлаш бу ерда йўқ. Қачонки, ҳужумчи тўпни қўли билан ўйнаб, гол ургандагина, биринчи пунктга биноан кўриб чиқиш мумкин. Бернарду Силванинг қўлига тўп теккач, «Манчестер Сити» гол урмади. Шу билан тамом. Энди Силванинг қўлига теккан ҳолатга қайтиш учун «форточка» қолмади. Қоида бузган тараф гол ура олмагач, бу ерда VAR четга чиқади. Силванинг қўли учун энди видеотакрор ёрдамида жарима зарбаси белгилаш умуман имконсиз.

Аммо Трент Александр-Арнолднинг қўлига теккан тўп пенальтига сабаб бўлиши мумкин – учинчи пунктга кўра, бу эпизод учун видеоҳакамлар аралаша олади. «Манчестер Сити» футболчилари ҳакамлар VAR’ни сўрашганда биринчи пункт, яъни Фабиньонинг голи бўйича эмас, айнан пенальти вазиятига эди. Агар ҳакам «Манчестер Сити» талабини қондирганда, уларнинг фойдасига пенальти белгилашдан бошқа чораси қолмасди. Бу эса, эпизодлар ривожидаги мантиққа тамомила зид қарор эди.

Юқорида айтганимдек, «Ливерпуль»га нисбатан ноҳақлик бўлиб қоларди. Ҳакам тўп Силванинг ҳам қўлига текканини кўрди, унинг пенальти белгиламаганининг ҳам сабаби шу. Вазиятни бу қадар ривожланишига сабаб «Ливерпуль»нинг қарши ҳужуми ва оқибатда киритилган гол бўлди, холос. Агар ҳакам тўп Сильвага тегиши билан дарҳол ўйинни тўхтатиб, қоида бузилишини қайд этганда, ҳеч қандай эътироз бўлмасди ҳам. Бу ерда айб «Манчестер Сити» футболчиларининг ўзида – улар ҳакамга эътирозни бошлаб юборишди, диққатни жамлай олмадилар, гўё, барибир ҳозир ўйин тўхтаб, ҳакам VAR’га мурожаат қилишини кута бошладилар.

Голга сабаб ҳам шу бўлди, ҳакам хатоси эмас. «Манчестер Сити»нинг ўша белгиланмаган пенальтидан кўра, «Ливерпуль»нинг Фабиньонинг голига ҳаққи ўн баробар кўпроқ эди.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид