Жаҳон | 22:10 / 31.12.2019
8708
3 дақиқада ўқилади

Карлос Гон Ливанга қонуний йўл билан келгани маълум қилинди

Фото: Eugene Hoshiko, File / AP

Renault - Nissan - Mitsubishi автомобилсозлик альянсининг собиқ раҳбари Карлос Гон Байрутга қонуний йўл билан келган. Бу ҳақда Ливан умумий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи маълум қилди.  

"Карлос Гон Ливанга қандай келгани тўғрисидаги тахминлар боис биз Ливаннинг ушбу фуқароси Байрутга қонуний асосларда келганини ва уни таъқиб қилиш учун ҳеч қандай зарурат йўқлигини тасдиқлаймиз", - дейилади баёнотда.

Аввалроқ Ливаннинг MTV телеканали Франция, Бразилия ва Ливан фуқаролигига эга бўлган Гонни Япония аэропортидан мусиқа асбоблари қутисига яшириб олиб чиқиб кетишгани, сўнгра уни хусусий самолётда Туркиядан Ливанга олиб келишгани ҳақида хабар қилганди. 

NHK телеканалининг хабарига кўра эса, у Япониядан бошқа исм-шариф билан чиқиб кетган. 

Ўз навбатида, Франция ташқи ишлар вазирлиги Карлос Гон Японияни тарк этиши тўғрисида француз ҳукуматини хабардор қилмаганини билдирди.  

"Франция ҳукумати Гоннинг Японияни тарк этиши тўғрисида аввалдан хабардор қилинмаган. Франция ҳукумати Карлос Гоннинг Ливанга келганини матбуотдан билди", - дейилади баёнотда.

Сешанба куни Карлос Гон ОАВга берган интервьюсида “Мен одил судловдан эмас, балки адолатсизлик ва сиёсий таъқибдан қочмоқдаман”, деди.

Гон Япония суд-ҳуқуқ тизимини инсон ҳуқуқлари асосларига риоя қилмасликда айблади.

У ўтган йилнинг 19 ноябрида молиявий қонунчиликни бузишда айбланиб қўлга олинганди.

Тергов талқинига кўра, Гон 2010 йилдан 2018 йилга қадар бўлган вақт давомида Nissan директорлар кенгаши раиси сифатида олган мукофотлари ҳажмини яширган (80 миллион доллар) ва даромадининг катта қисмини декларация қилмаган бўлиши мумкин.

Гон 108 кунни қамоқда ўтказди, 2019 йилнинг 6 мартида эса 9 млн доллар миқдоридаги гаров пули эвазига озод қилинган ва уй қамоғига жўнатилган эди.

Аммо бир ой ўтиб у яна ҳибсга олинди - бу сафар унга Nissan концерни маблағларини қонунга хилоф равишда талон-торож қилганлик айблови қўйилди. Терговчиларнинг фикрича, у шахсий мақсадлари ва хусусий инвестицияларга сарфлаш орқали компанияга 1,85 млрд иен (21 млн доллар атрофида) зарар етказган бўлиши мумкин.

Унга Япониядан чиқиб кетиш тугул, Токиодаги квартирасини тарк этиш ва ҳаттоки рухсатсиз рафиқаси билан учрашиш ҳам тақиқлаб қўйилганди.

Гон устидан суд жараёни 2020 йил баҳорда бошланиши керак эди.

Мавзуга оид