Ўзбекистон | 14:40 / 04.02.2021
11030
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилояти ҳокими Сенат аъзоси этиб сайланди

Бугун, 4 февраль куни, Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида халқ депутатлари Бухоро вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда бўшаб қолган ўринга Олий Мажлис Сенати аъзосини сайлаш масаласи кўриб чиқилди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, кун тартибидаги масала юзасидан маслаҳат кенгаши раиси Самойиддин Ҳусенов сўзга чиқди. У ўз чиқишида 51-“Халқобод” сайлов округидан вилоят кенгаши депутати, вилоят ҳокими Ботир Зарипов номзоди Сенат аъзолигига тавсия қилинганини айтди.

Шундан сўнг яширин овоз бериш йўли билан Олий Мажлис Сенати аъзосини сайлаш бўйича сайлов ўтказилди. Бухоро вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларининг овози билан Ботир Зарипов Сенат аъзоси этиб сайланди.

Ботир Зарипов 1969 йил 20 ноябрда Ғиждувон туманида туғилган. 1997 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. 

У 2015-2016 йилларда АТ “Агробанк” бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2016-2019 йилларда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимларида ишлаган. 2019 йил 4 апрелдан эса янгидан ташкил этилган “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси сифатида фаолият кўрсатган. 

Ботир Зарипов 2020 йил 7 ноябрда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 2021 йилнинг 22 январ куни Бухоро вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

Мавзуга оид