Жаҳон | 12:27 / 09.04.2021
16442
4 дақиқада ўқилади

Кремль услубидаги карантин: Путинни коронавирусдан ҳимоя қилиш учун қандай чоралар кўрилди?

Коронавирус пандемияси бошланганидан буён Россия президенти Владимир Путинни ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилди. Хўш, Кремль услубидаги карантин харажатлари миқдори қанчани ташкил этади? BBC рус хизмати журналистлари ушбу масалада суриштирув ўтказди.  

Фото: ALEXEI DRUZHININ\TASS VIA GETTY IMAGES

Учувчилар, шифокорлар, Путиннинг меҳмонлари ва ҳайдовчилари карантинга олинган

Қайд этилишича, сўнгги бир йил ичида юзлаб одамлар Путин билан яқин алоқада бўлишдан олдин ўзини иҳоталаши талаб этилган. Баъзи одамлар эса Путин билан яқин алоқада бўладиганлар билан учрашганлари учун ўзларини изоляцияда сақлаши керак эди.

2020 йил 25 март куни Путин 1 апрелдан «ишланмайдиган ҳафта» бошланишини эълон қилади ва кўп ўтмай тўлиқ локдаун бошланади.

Шундай қилиб, Россия авиакомпаниясининг Путинга хизмат кўрсатувчи махсус гуруҳидаги 60 нафар шахс ва ҳукуматнинг юқори лавозимдаги мулозимлари 2020 йил 26 март куни Москва яқинидаги меҳмонхонада карантинга олинади.

Ўшандан бери юзлаб учувчилар, шифокорлар, Путиннинг меҳмонлари, ҳайдовчилари ва бошқа ходимлар президентни коронавирусдан ҳимоя қилиш учун Россиядаги ўнлаб меҳмонхоналарда карантинга олинган.

Яқинда Путин Россияда ишлаб чиқилган вакцина билан эмланди, аммо у қайси вакцина эканлиги ошкор қилинмади. Карантин меҳмонхоналарини жорий этиш амалиётини кейинги йилга қадар давом эттириш кутилмоқда.

Давлат бюджетидан қанча сарфланмоқда?

BBC рус хизмати ҳисоб-китобларига кўра, президент идорасининг муносиб ишлаши учун масъул бўлган Россия Федерацияси президенти администрацияси пандемияга қарши курашиш учун давлат бюджетидан 84 миллион доллар олган.

Шунингдек, Кремлнинг карантин дастури учун камида 12та меҳмонхонадан фойдаланилаётгани аниқланди.

Ушбу меҳмонхоналар Москвада, аннексия қилинган Қримда, 2014 йилги Олимпиада бўлиб ўтган ва Путиннинг севимли дам олиш масканларидан бири бўлмиш Сочи шаҳри яқинида жойлашган.

Рўйхатда хусусий меҳмонхоналарнинг йўқлиги ва барча меҳмонхоналар Россия Федерацияси президенти администрациясига қарашли экани таъкидланди.

Баъзи меҳмонхоналар 2022 йилнинг мартига қадар брон қилинган.

Меҳмонхоналарда қолаётганларнинг аксари Россия авиакомпанияси экипажидир.

Жамоа Путин, бош вазир Михаил Мишустин ва бошқа саккиз нафар вазирга хизмат кўрсатади.

Парад олдидан 200 киши карантинга олинган

BBC рус хизмати Путин ўтган йилнинг кўп қисмини Сочидаги уйида ўтказганини аниқлади.

Вазиятга яқин бўлган яна бир манбанинг таъкидлашича, Сочида ўнлаб учувчилар ва авиакомпания ходимлари карантинда қолган.

2020 йил 9 майдан 24 июнга кўчирилган Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани нишонлаш мақсадида ўтказилган ҳарбий парадда фахрийлар, таниқли шахслар Путин билан қўл бериб кўришганди.

Bloomberg хабарига кўра, Путин билан яқин алоқада бўлишдан олдин 200 киши, шу жумладан, 80-90 ёшли фахрийлар тадбирдан икки ҳафта олдин карантинга олинган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам маросим олдидан бир гуруҳ фахрийларнинг жуда яхши шароитларда карантинга кирганини тасдиқлаган ва бу тадбир фахрийларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги учун қилинганини таъкидлаганди.

Шунингдек, ТАСС ва РИА Новости давлат ахборот агентликлари 20 нафарга яқин журналист ҳам Москвадаги меҳмонхонада карантинга олинганини хабар қилганди.

Журналистлар бир кишилик хоналарда қолишган, бир-бирлари билан юзма-юз мулоқот қила олишмаган; чекишлари, спиртли ичимлик ичишларига рухсат берилмаган, ташқаридан келган пакетлар дезинфекция қилинган, кунда уч маҳал хоналарининг эшиги олдида қолдирилган идишларда овқатланишган. Журналистлар билан юзма-юз алоқада бўлганларнинг барчаси шахсий ҳимоя кийимида бўлган.

Путин билан учрашувдан олдин маҳаллий сиёсатчилар ҳам изоляцияда бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Шунингдек, Путиннинг ташрифи чоғида Саров шаҳрида унинг коронавирусга чалинишининг олдини олиш мақсадида Нижний Новгород области ҳокимияти томонидан 13 минг доллар сарфлангани ҳақида хабар берилган.

BBC рус хизмати Саров расмийларидан 20 киши фахрийлар учун қурилган меҳмонхонада турганини аниқлади. Путинни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари ва унга қилинган харажатлар тўғрисида сўралган бўлса-да, Кремль вакили Дмитрий Песков ушбу саволларга жавоб бермаган. 

Мавзуга оид