Байрутдаги портлаш қурбонлари хотирасига ўтган намойишда 84 киши жабрланди
Байрутда 2020 йил 4 августда юз берган вайронкор портлаш қурбонлари хотирасига ўтган намойишда полиция билан тўқнашувлар юз берди. Бунинг оқибатида 84 киши жабрланган.
Маълумотларга кўра, намойиш дастлаб осойишта ўтган. Одамлар ҳалок бўлган яқинларининг фотосуратларини қўлларида ушлаб Байрут кўчалари бўйлаб юриб боришган. Бироқ кечга яқин парламент ва Молия вазирлиги бинолари ёнида намойишчиларнинг полиция билан тўқнашувлари бошланган. Одамлар портлаш бўйича олиб борилган терговнинг натижаларидан норозилик билдиришган.
Намойишчилар полициячиларга тошлар улоқтиришган, улар эса бунга жавобан сувпуркагичлар қўллашган. Тўқнашувлар 3 соатга яқин давом этган.
Ички хавфсизлик кучлари бошқармасида таъкидланишича, намойишчилар парламент биносини эгаллаб олишга уринишган.
Ливан пойтахти Байрут портида юз берган портлаш 200 дан кўпроқ кишининг ҳаётига зомин бўлган, минглаб одамлар жабрланган. Портлаш 4 мингга яқин бинонинг буткул ёки қисман вайрон бўлишига олиб келган. 300 мингдан кўпроқ киши бошпанасиз қолган. Портлашдан кўрилган зарар 15 млрд долларга баҳоланган.
Портлаш шу қадар кучли бўлганки, сейсмик станция буни 3,3 магнитудали зилзила сифатида қайд этган, унинг овози 250 километр масофада, Кипрда ҳам эшитилган.
Расмий версияга кўра, портлашга портдаги омборлардан бирида 2014 йилдан бери сақланган 2,7 минг тоннадан кўпроқ аммиак селитрасининг пайвандлаш ишлари давомида алангаланиши сабаб бўлган.
Мавзуга оид
23:26 / 06.11.2024
Бошқирдистонда кўмир ортилган 22 та вагон релсдан чиқиб кетди
10:30 / 01.11.2024
Гуржистон мухолифати янги норозилик намойиши ҳақида маълум қилди
14:50 / 28.10.2024
Исроил Байрут жанубига 12 та зарба берди
14:30 / 28.10.2024