Жаҳон | 08:51 / 24.05.2022
6245
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ раҳбари глобал рецессия таҳдиди йўқлигини маълум қилди 

ХВЖ прогнозларига кўра, 2022 йилда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари фонида глобал иқтисодий ўсиш январь ойида кутилганидек 4,4 фоиз эмас, балки 3,6 фоизни ташкил қилади.

Фото: Picture Alliance

Дунё глобал инқироз ёқасида эмас. Бундай фикрни 23 май, душанба куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) раҳбари Кристалина Георгиева билдирди. ХВЖ кутаётган глобал иқтисодий ўсиш даражаси 3,6 фоизни ташкил этиши «рецессиядан узоқ», деди у.

Шу билан бирга, Георгиева дастлаб иқтисодиёти заифроқ бўлган баъзи давлатларда рецессия бошланиши мумкинлигини айтди. Бу коронавирус пандемияси туфайли юзага келган инқироздан ҳали чиқмаган мамлакатларга, шунингдек, Россиядан энергия ва озиқ-овқат импортига қаттиқ боғлиқ бўлган мамлакатларга тегишли, дея аниқлик киритди эксперт. ХВЖ раҳбарининг прогнозларига кўра, 2022 йил бир қатор инқирозлар туфайли қийин бўлади.

Аввалроқ Георгиева твиттерида Украинадаги уруш ва COVID-19 пандемияси кенг кўламли иқтисодий оқибатларга олиб келишини, жумладан, иқтисодий ўсишнинг пасайиши ва инфляциянинг ошишини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, иқлим инқирози каби узоқ муддатли муаммоларни ҳам унутмаслик керак, дея огоҳлантирди ХВЖ раҳбари.

Апрель ойида ХВЖ прогнозини эълон қилди, унга кўра, Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари фонида 2022 йилда глобал иқтисодий ўсиш 3,6 фоиз бўлиши керак. Таққослаш учун: январь ойида ташкилот экспертлари 4,4 фоизга ўсишни башорат қилган эди.

Мавзуга оид