Жаҳон | 11:41 / 21.11.2022
20817
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги сайловлар: дастлабки натижалар эълон қилинди

Қозоғистон президентлиги учун сайловларда олдиндан тахмин қилинганидек амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаев катта устунлик билан ғалаба қозонди – сайлов участкаларидаги сўровлар шундай натижани кўрсатмоқда. Расмий натижалар тез орада эълон қилиниши кутилмоқда.

Фото: Getty Images

Якшанба куни «Очиқ жамият» халқаро минтақавий тадқиқотлар институти томонидан ўтказилган экзитполга кўра, Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат раҳбарлиги учун сайловларда 82,45 фоиздан ортиқ овозни қўлга киритган.

«Аманат» партияси Жамоатчилик сиёсати институти томонидан ўтказилган бошқа бир экзитпол эса Тўқаевга сайловда қатнашганларнинг 85,52 фоизи овоз берганини кўрсатмоқда.

Дастлабки расмий ҳисобларга кўра, сайловдаги давомат 69,43 фоизни ташкил этган, яъни 12 миллионлик сайловчилардан 8,3 миллиони овоз бериш учун участкаларга борган.

Сайловлар арафасида айрим таҳлилчилар сайловчиларнинг иштироки даражаси ғолибнинг шахсидан кам аҳамиятга эга бўлмаслигини таъкидлашганди – юқори давомат халқнинг ҳокимиятга ишончини англатарди.

Навбатдан ташқари президентлик сайловларини Тўқаевнинг ўзи тайинлади, таҳлилчилар фикрича, шу тариқа у ўз ҳокимиятини легитимлаштиришни мақсад қилган.

Давлат раҳбарлиги учун жами олти номзод кураш олиб борди. Тўқаевдан ташқари Президент ҳузуридаги Хотин-қизлар ишлари ва оилавий-демографик сиёсат бўйича миллий комиссия аъзоси, Профессионал ижтимоий ишчилар миллий альянсидан номзод Каракат Абден, Умуммиллий социал-демократик партияси (ОСДП) вакили Нурлан Ауесбаев, Қозоғистон фермерлар уюшмаси раиси, «Овул» партияси номзоди Жигули Дайрабаев, «Yntymaq» партияси раҳбари, «Аманат – Қозоғистон касаба уюшмалари ҳамдўстлиги» томонидан номзоди қўйилган иқтисодчи назарияшунос Мейрам Кажикен ҳамда ҳуқуқ фаоли, «Оилавий зўравонликсиз Қозоғистон» лойиҳаси раҳбари Салтанат Турсинбекова сайловда номзод сифатида иштирок этди. 

Бу рақибларнинг бирортаси бунга қадар катта сиёсатда кўзга ташланмаган ва сайлов кунига икки ой қолганидагина номзод сифатида рўйхатдан ўтган.

Уларнинг бирортаси 5 фоизлик чегарадан ўта олмади (бу чегарадан ўтганларга номзод сифатида рўйхатдан ўтишда тўланадиган гаров пули қайтариб берилади), «Ҳаммага қарши/против всех»га жами сайловчиларнинг 5 фоизидан кўпроқ қисми овоз берган.

Тўқаевни биринчилардан бўлиб мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев табриклади. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам Тўқаевга қўнғироқ қилиб, Қозоғистон президенти умумхалқ сайлови муваффақиятли ўтгани ва ундаги ишончли ғалаба билан табриклади.

Дастлабки натижалар эълон қилингач, Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ўзи ҳам чиқиш қилиб, фуқароларнинг фаровонлигини ошириш учун Қозоғистон иқтисодиётида жузъий ўзгаришлар рўй бериши, Қозоғистон сиёсий бошқарувнинг янги шаклига ўтиши - конституцион ислоҳот изчил ва аниқ амалга оширилишини, шунингдек, халқ сайловларда ишончини аниқ ифода этгани, энди уни оқлаш кераклигини айтиб ўтди.

Таҳлилчилар ҳисоблашича, Тўқаев ҳақиқий рақиблар пайдо бўлиши ёки мамлакатда норозилик кайфияти ўсишидан олдинроқ ўзининг ғалабасини таъминлаш мақсадида муддатидан олдинги сайловлар ўтказган.

Сайловлар куни ҳам норозилик акцияларисиз ўтмади. Фото: Getty Images

Тўқаев 2019 йилда Қозоғистон президенти бўлганди. Мамлакатни 28 йил давомида бошқариб келган Нурсултон Назарбоев ўшанда Тўқаевни муддатидан олдинги сайловларда қўллаган ва амалда ҳокимиятни унга ўтказган. Шу туфайли Тўқаевни кўпчилик шунчаки Назарбоев томонидан қўйилган одам ва унинг содиқ тарафдори деб ҳисобларди.

Аммо 2022 йил январида бутун мамлакатга тарқалган намойишлар ва 225 киши ўлимига сабаб тартибсизликлардан кейин янги президент собиқ раҳбарнинг яқин кишилари ва қариндошларини турли идоралар, жумладан махсус хизматлар ва давлат компанияларидаги муҳим лавозимлардан ҳайдай бошлади.

Мавзуга оид