Ўзбекистон | 12:51 / 14.12.2022
6138
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда пиёдани уриб юбориб, қочиб кетган ҳайдовчи ушланди

Ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳатлари олган пиёда воқеа жойида вафот этган.

Ангор туманида қоронғи кўчада Лада машинаси билан фуқарони уриб юборган ҳайдовчи унга ёрдам бермасдан қочиб кетган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 2022 йил 12 декабр куни соат 19:30 ларда содир бўлган.

Маълум қилинишича, Ангор туман ИИБга туманнинг Янгиобод маҳалласидан ўтувчи 4Н-1597 автомобил йўлининг 6-километрида номаълум шахснинг жасади ётгани ҳақида хабар берилган.

Шу куннинг ўзида ИИБ ходимлари воқеа жойига етиб бориб, ҳолатга ойдинлик киритиш ва мурданинг шахсини аниқлаш ишларини олиб борган.

Суд тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, 1976 йилда туғилган фуқаро номаълум транспорт воситаси томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида оғир тан жароҳати олиб, шу жойнинг ўзида вафот этган.

Олиб борилган тезкор чоралар натижасида пиёдани уриб кетиб, унга биринчи ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойидан қочиб кетган 56 ёшли ҳайдовчи аниқланган.

Ҳайдовчи «Лада» машинаси билан ҳаракатланаётиб ёритиш чироқлари бўлмаган қоронғи кўчада эътиборсизлик қилган ва йўлнинг қатнов қисмида маст ҳолда ётган пиёдани кўрмасдан босиб кетган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Ангор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми ҳамда 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид