Қорақалпоғистонда ўқувчиларга сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари берилаётгани аниқланди
Кегейли туманидаги айрим мактабларда олиб борилган ўрганиш давомида ўқувчиларга чириган олма берилаётгани маълум бўлган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги тегишли қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими жорий этилганди.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси топшириғига кўра Кегейли туманидаги мактабларда Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори талаблари ўрганилган. Бу ҳақда Жўқорғи Кенгеси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Кегейли туманидаги 1-, 8-, 19- ҳамда 55-сонли мактабларда ўтказилган ўрганиш ишлари давомида қатор камчиликлар аниқланган. Хусусан, болаларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори камлиги, иссиқ чой билан таъминлаш ускуналари тўлиқ ўрнатилмагани кузатилган.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати талаб даражасида эмаслиги, ўқувчиларга чириган ҳолатдаги мевалар берилаётгани маълум бўлган. Таъкидланишича, мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари махсус транспортларда эмас, йўловчи ташувчи машиналар орқали етказиб берилган. Айрим мактабларда эса кунлик озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини текшириб олувчи комиссия тузилмаган.
“Ўқувчиларни овқатлантириш талабларига риоя қилинаётганлик ҳолати бўйича республикадаги барча мактабларда ўрганиш ишлари олиб борилади. Бу борада масъулиятсиз бўлган мактаб директорларига қатъий жазо чоралари кўрилади”, — дейилади Жўқорғи Кенгес хабарида.
Мавзуга оид
10:30 / 10.11.2024
Қорақалпоғистонда содир бўлган ЙТҲда пиёда вафот этди
18:32 / 28.10.2024
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига янги ўринбосар тайинланди
21:17 / 25.10.2024
Қўнғирот–Бейнеу йўлининг 240 километрлик қисми фойдаланишга топширилди
12:10 / 25.10.2024