Жаҳон | 18:48 / 16.09.2023
9678
2 дақиқада ўқилади

Назарбоевнинг собиқ қудаси 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

Қайрат Бўронбоев ўзганинг мулкини ноқонуний ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш, жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштириш моддалари бўйича айбдор деб топилди.

Фото: Tengrinews

Остона суди жиноий ишлар бўйича апелляция коллегияси Қайрат Бўронбоев ва жиноий иш бўйича бошқа айбланувчиларга нисбатан ҳукм эълон қилди.

Tengrinews хабарига кўра, Қайрат Бўронбоев Жиноят кодексининг ўзганинг мулкини ноқонуний ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш, жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштириш моддалари бўйича айбдор деб топилди ва 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шу билан бирга унинг мол-мулки мусодара қилинадиган бўлди.

2022 йил март ойида Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги Қайрат Бўронбоевни квазидавлат секторида катта ҳажмдаги маблағларни ўғирлаганликда гумонлаб, тергов бошлаган эди. 17 март куни Остона суди унинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Бўронбоев устидан суд жараёни 2022 йил 30 декабрда бошланди. Бўронбоевдан ташқари унинг ишончли вакили Роман Наханов, «КазМунайГаз» собиқ бошқарувчи директори Ибулла Серди (қидирувга берилган) ва «QazaqGaz» бошқаруви раисининг собиқ ўринбосари Жонузоқ Тойирга ҳам айбловлар қўйилди.

31 март куни суд Қайрат Бўронбоевни 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Кейинроқ, Остона суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 29 июндаги қарори билан Қайрат Бўронбоев ва унинг иши бўйича бошқа айбланувчиларга нисбатан чиқарилган ҳукм бекор қилинди.

Остона суди жиноий ишлар бўйича апелляция комиссиясида ишни кўриб чиқиш чоғида Қайрат Бўронбоев ўз айбига иқрор бўлди.

14 сентябр куни Молиявий мониторинг агентлиги Қайрат Бўронбоев ўз ихтиёри билан давлатга 90 миллиард тенгелик мулкни қайтарганини маълум қилди. Шунингдек, у Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 30 миллиард тенге ўтказиб берди.

Қайрат Бўронбоев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ қудаси ҳисобланади. Унинг қизи Назарбоевнинг набираси Ойсултонга турмушга чиққан. 2020 йил август ойида Ойсултон Лондонда вафот этган. Унинг ўлимига гиёҳвандлик сабаб бўлган.

Мавзуга оид