Жаҳон | 01:26 / 03.10.2023
7551
2 дақиқада ўқилади

Миср президенти учинчи муддатга сайланишга қарор қилди

Абдулфаттоҳ ас-Сисий қайта сайланса, 2019 йилда қабул қилинган конституциявий тузатишлар туфайли камида 2030 йилгача давлат раҳбари бўлиб қолади.

Фото: Al Arabiya

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий декабр ойида бўлиб ўтадиган сайловда давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйишини айтди.

«Ас-Сисий декабрга белгиланган президентлик сайловида учинчи муддатга ўз номзодини қўйишини тасдиқлади», дейилади Al-Arabiya хабарида.

Ўз навбатида, президент тарафдорлари Ал-Жиза шаҳридаги Қоҳира университети кампуси яқинида уни қўллаб-қувватлаш учун намойиш ўтказишди.

Миср президентлигига номзодлар октябрь ойининг охирида, кейин эса 9 ноябрдан 29 ноябрга қадар сайловолди ташвиқоти учун номзодларини тақдим этадилар.

Мисрда президентлик сайлови 10-12 декабр кунларига белгиланган. Экспертларнинг кўпчилиги амалдаги президент ғалаба қозонишини кутмоқда. Агар у қайта сайланса, 2019 йилда қабул қилинган конституциявий тузатишлар туфайли камида 2030 йилгача давлат раҳбари бўлиб ишлайди. Ўзгариш президентлик муддатини 6 йилгача оширишни назарда тутади.

Миср сайлов комиссиясининг билдиришича, сайлов натижалари 23 декабрда, иккинчи тур ўтказилган тақдирда эса келаси йилнинг 16 январидан кечиктирмай эълон қилинади.

Ас-Сисий 2014 йилда Миср президенти бўлди ва 2018 йилда қайта сайланди. Иккала сайловда ҳам у 97 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

Мавзуга оид