Ўзбекистон | 15:35 / 13.10.2023
12141
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон атмосферасини заҳарлаётган манбалар ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистон атмосферасини ифлослаётган асосий тармоқлар иссиқлик электр станциялари ва цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳар йили носоз автомобиллардан атмосферага 1,27 млн тонна заҳар ажралиб чиқади.

Фото: Kun.uz/Нуриддин Нурсаидов

Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунгача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдаги даражадан 1°C га ортган. Ўзбекистонда худди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°С га кўтарилган. Бу исишга таъсир кўрсатаётган омиллар ҳақида Экология вазирлиги Kun.uzʼга маълум қилди.

Вазирлик ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда саноат корхоналаридан атмосфера ҳавосига йиллик саноат ташламалари миқдори 2022 йилда 874 минг тоннани ташкил этди.

Ташламаларнинг 360,5 минг тоннаси – 40 фоизи нефт ва газ, 200 минг тоннаси – 22,8 фоизи энергетика, 185,5 минг тоннаси –21,2 фоизи металлургия, 25 минг тоннаси – 2,8 фоизи – қурилиш ва 103 минг тоннаси – 11,7 фоизи бошқа тармоқлар ҳисобига тўғри келади.

Иссиқлик электр станциялари ва цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар атмосферага асосий таъсир кўрсатувчи тармоқлар ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳозир 12 та ИЭС мавжуд бўлиб, улардан энг катталари кўмирга ихтисослашган “Ангрен” ва “Янги Ангрен” иссиқлик электр станцияларидир. Бундан ташқари, 36 та цемент ишлаб чиқарувчи корхона, 15 та нефт ва газни қайта ишлаш ҳамда 4 та металлургия саноати ҳам ишлаяпти.

Саноат корхоналаридан атмосферага ташланмаларни камайтириш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус дастур қабул қилинган. Унинг доирасида 2023 йилга белгиланган 145 та саноат корхоналарида 723 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини таъмирлаш ва янгиларига алмаштириш режаланган.

Шунингдек, транспортлардан атмосферага чиқадиган ташламалар ҳам кам эмас. Ҳозир республикада жисмоний шахсларга тегишли жами 3 268 480 та автотранспорт воситалари бўлиб, шундан 796 034 таси (24 фоиз) бензин, 71 088 таси (2 фоиз) дизел ва 2 401 348 таси (74 фоиз) газ ёқилғисида ҳаракатланишга мўлжалланган. Автотранспортларнинг 100 мингтаси носоз бўлиб, улардан атмосферага йилига ўртача 1,27 млн тонна ташлама чиқади.

Вазирлик буни камайтириш учун қилинаётган режалар ҳақида ҳам маълумот берди. Жумладан, ташламалар бўйича концепция доирасида жамоат транспортининг камида 50 фоизини газбаллон ёқилғи, электр ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш мақсад қилинган.

Бу жуда катта рақам ва агар ушбу кўрсаткичга эришилса, автомобиллардан ҳавога етказилаётган зарар кескин камаяди”, – дейди Экология вазирлиги атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш сиёсати бўлими бош мутахассиси Баҳром Эсонов. 

Мавзуга оид