Жаҳон | 14:11 / 25.10.2023
16355
7 дақиқада ўқилади

Ғарб Россия ва Шимолий Корея иттифоқига қандай жавоб бериши мумкин?

Қўшма Штатлар Шимолий Кореяни Россияга Украина билан уруш учун қурол етказиб беришда айбламоқда. Мутахассисларнинг фикрича, Ғарбга нисбатан чуқур душманлик кайфияти узоқ вақт давомида Москва ва Пхенян ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради.

Фото: Владимир Смирнов / ТАСС

Вашингтон ўтган ҳафта Шимолий Корея Украина билан уруш учун Россияга ўқ-дори ва қурол-яроғ етказиб берганини даъво қилганидан кейин Жанубий Корея Қўшма Штатларга қўшилиб, Шимолий Кореяни қоралаб чиқди. Сеул Пхенянга қарши қўшимча чоралар имкониятини кўриб чиқмоқда, деди 21 октябр куни Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигининг юқори мартабали вакили.

Айни пайтда, таҳлилчиларнинг фикрича, Жанубий Корея Шимолий Корея ядро синовларини ўтказганидан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан бир неча бор кучайтирилган мисли кўрилмаган халқаро санкцияларга қарамай, қийинчиликларга дош бера олган шимолий қўшниси устидан озгина таъсир кучига эга.

Кузатувчиларга кўра, 2006 йил октябр ойида КХДР томонидан амалга оширилган биринчи ядровий портлашдан буён глобал геосиёсий вазият кескин ўзгарди ва Ғарб билан қарама-қаршиликни давом эттирган Пхенян энди Россия ва Хитой билан яқин иттифоққа кирган. Ва бу иттифоқлар Шимолий Кореяга кўплаб санкцияларни четлаб ўтиш, ҳарбий салоҳиятини ошириш ва Шимоли-Шарқий Осиёда ўзининг геосиёсий амбицияларини амалга оширишга ҳаракат қилиш имконини беради.

Жанубий Корея Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ўзаро ҳарбий таъминотни қоралади

Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги 21 октябр куни ўз баёнотида Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишига тўхталиб: «Бу икки давлат ўртасидаги ҳар қандай ўзаро таъминот (ҳарбий соҳада) БМТ Хавфсизлик кенгаши қоидалари, резолюцияларини очиқдан-очиқ бузиш ва Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликка таҳдид ҳисобланади», дея маълум қилди.

Бу фикр АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби Вашингтонда журналистларга Пхенян Москвага 1000 контейнер ҳарбий юк етказиб бергани ҳақида айтганидан кейин янгради. 

АҚШ расмийларига кўра, контейнерлар Шимолий Корея кемаси бортига Ражин портида жойлаштирилиб, сўнгра Россиянинг Приморск ўлкаси Дунай қишлоғидаги портга олиб кетилган. Бундан ташқари, Кирби сўзларига кўра, сунъий йўлдошлар юк портдан Россиянинг Украина билан чегарасидан тахминан 290 км узоқликда жойлашган Тихорецк шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига йўл олганини аниқлаган. 

Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (Center for Strategic and International Studies) томонидан таҳлил қилинган худди шундай космик суратлар Шимолий Кореянинг Россия билан чегараси орқали ўтаётган контейнер ташувчи поездлар сони кескин ошганини кўрсатди. 

Москва ҳам, Пхенян ҳам КХДР Россияга қурол етказиб бераётгани ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 17 октябр куни бундай таъминотлар ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини яна бир бор таъкидлади. 

Москва ва Пхеняннинг Ғарб ҳаракатларидан норозилиги 

Троя университети Сеул кампусида халқаро муносабатлар бўйича профессор Дэн Пинкстоннинг айтишича, потенциал ўзаро келишувлар Россия ва Шимолий Корея учун ёнилғи, озиқ-овқат ва ҳарбий технология бўйича ҳарбий фойда келтириши мумкин бўлса-да, иккала давлат ҳам икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва Ғарбга «муаммо келтириб чиқариш» имкониятига эга.

«Бу икки давлат ҳам Ғарбдан чуқур норозилик ҳиссига эга ва халқаро тартибни ўзгартириш истагида, - дейди профессор. - Бу рўйхатга бошқа ўйинчиларни ҳам қўшишингиз мумкин, масалан, Хитой ва Эрон. Уларнинг шикоятлари бир-бирига тўғри келмайди, лекин бу мамлакатларнинг барчаси Ғарбдан норози».

Гарчи, Пинкстонга кўра, бу янги «антидемократик иттифоқ»ни ташкил этувчи давлатларнинг ҳеч бири бир-бирига тўлиқ ишонмаса ҳам, улар ўз манфаатларига хизмат қилар экан, ҳамкорлик қилишда давом этади. Россия ва Шимолий Корея мисолида бундай ҳамкорлик жуда узоқ давом этиши мумкин: «Бу икки давлат ҳозиргидан бутунлай бошқача хавфсизлик архитектурасига эга бўлишни хоҳлайди. Россия етакчиси Владимир Путин НАТО ва Европа Иттифоқини йўқ қилмоқчи, Шимолий Корея эса 1953 йил июл ойида Корея урушини тугатган сулҳ битимини бекор этмоқчи ва эҳтимол Корея яриморолининг жанубий ярмини назорат қилиш ниятида».

Булар оппортунистик ҳаракат қиладиган сиёсий ўйинчилардир, чунки уларда мавжуд глобал геосиёсий вазиятдан фойдаланиш имкониятлари бор, деб тушунтирди Пинкстон. Шу билан бирга, унинг фикрича, Шимолий Корея учун қудратли давлат - Россия билан иттифоқчиликни мустаҳкамлаш обрў-эътиборнинг маълум бир кўриниши бўлиб, у маълум даражада Ким Чен Ин бошидан кечирган хўрлик туйғусидан халос қилади. 

Профессор фикрича, бу иттифоқнинг хавфли томони шундаки, Пхенянга нисбатан АҚШ ёки Жанубий Корея томонидан жорий қилинган навбатдаги санкциялар Ким режимини заифлаштириши эҳтимолдан йироқ эмас. Ва Россия аллақачон БМТ Хавфсизлик кенгашидаги вето ҳуқуқидан фойдаланиб, КХДРга БМТ томонидан босимнинг кучайишига рози бўлмаслигини маълум қилган. 

Шимолий Кореянинг ўзига хос маҳорати Москва учун фойдали бўладими? 

Катта миқдордаги криптовалюталарни ўғирлаш, дипломатик ниқоб остида гиёҳванд моддалар контрабандаси ва бошқа айёр ҳаракатлар орқали ҳакерлик ҳужумларидан фойдаланиш билан шу қадар узоқ вақт давомида умумий санкциялар остида моҳирона омон қолишга муваффақ бўлган Шимолий Корея Россияга ядро ва ракета технологиялари эвазига ўзининг баъзи ҳийлаларини ўргатишга тайёр, деган тахминлар ҳам билдирилган. 

Данкук университети халқаро ҳуқуқ профессори Пак Чжун Воннинг айтишича, Шимолий Корея «провокацион позицияни эгаллашда давом этиши ва қулай халқаро вазиятдан ўз мақсадлари учун тўлиқ фойдаланиши» эҳтимоли бор. 

Унинг сўзларига кўра, АҚШ сиёсатининг ҳозирда «фалаж» ҳолатида экани Пхенян эътиборидан четда қолмайди. Шимолий Корея, дея қўшимча қилиб ўтди Пак, Украина ва Яқин Шарқ ҳозир дунё эътиборини тортаётганидан ҳам хабардор. Россия БМТ Хавфсизлик кенгашида КХДР билан дўст экани ҳисобга олинса, унга қарши қўшимча санкциялар кўлами ва таъсири чекланиши мумкин. 

«Буларнинг барчаси Шимол учун яхши ва мен умид қиламанки, Пхенян келаси йилги АҚШ сайловларига қадар бу ноаниқликдан фойдаланишда давом этади, - дейди Пак. - Американинг янги президенти ким бўлишини билганимиздагина вазият барқарорлашиши мумкин». 

Мавзуга оид