Жаҳон | 10:14 / 21.11.2023
8136
4 дақиқада ўқилади

Финландия Россия билан чегарани бутунлай ёпмоқчи

Финландия ОАВ хабар беришича, расмийлар 22 ноябрга ўтар кечаси Россия билан чегарадаги қолган 4 та назорат-ўтказиш пунктини ёпиш ниятида. Тез орада қарор қабул қилиниши мумкин.

Фото: Vesa Moilanen/dpa/Lehtikuva/picture alliance

Финландия 22 ноябрга ўтар кечаси муҳожирларнинг кескин оқими туфайли Россия билан чегарани бутунлай ёпиш ниятида. Бу ҳақда 20 ноябр, душанба куни Iltalehti фин нашри ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги ўз манбаларига таяниб хабар берди. Нашр суҳбатдошларининг таъкидлашича, Ҳелсинкидаги ҳукумат бундай қарорни душанба куниёқ қабул қилиши мумкин, бироқ кейинроқ IltaLehti бу содир бўлмаслиги ҳақида хабар олган.

Дастлабки 5 та назорат пункти ўтган ҳафта ёпилди

18 ноябрга ўтар кечаси Финландия Россия билан чегарадаги 9 та чегара пунктидан 4 тасини ёпди. 18 февралгача чегаранинг жануби-шарқий қисмидаги «Иматра», «Ниирала», «Нуйямаа» ва «Ваалимаа»назорат-ўтказиш пунктлари иши тўхтатилди. 19 ноябр куни бешинчи «Вартиус» назорат-ўтказиш пункти вақтинча ёпилди. Бундан олдин Финландия ҳукумати «Вартиус»даги чегарачиларга ёрдам бериш учун қуролли кучларни юборган.

Финландия расмийлари Россия билан чегарани ёпиш қарорини учинчи давлатлардан Россия ҳудуди орқали келаётган ноқонуний муҳожирлар оқимининг кескин ошгани билан оқламоқда. Ҳелсинки Россия томонини оқимни уюштирганликда айблаб, бу 2015 йилда ҳам содир бўлганига ишора қилди. Финландия президенти Саули Ниинистёнинг сўзларига кўра, мамлакат «Россиядан келадиган бундай ёмон нарсаларга» тайёр эди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги барча айбловларни рад этди.

Мигрантлар Финландия томон йўл олишга мажбурланган

Yle маълумотларига кўра, «Вартиус» чегара ўтиш жойида Финландияга келган баъзи бошпана изловчилар ўз хоҳишига қарши Россиядан «чегаранинг нариги томонига сурилган». Чегарани кесиб ўтганлар Россияни тарк этишдан бош тортган, бироқ чегарачилар уларни «Россия чегара постидан Финландия томон итариб юборган», кейин эса уларнинг ортидан дарвозани ёпган, шу сабабли Россия ҳудудига қайтиш имконсиз бўлиб қолган, деди «Вартиус» чегара пости бошлиғи Йоуко Киннунен. Унинг сўзларига кўра, мигрантлар 20 кишидан иборат кичик гуруҳларда олиб келинган.

Чегара пункти ёпилганидан кейин яна 20 нафар бошпана изловчи назорат пунктига велосипедда етиб келган. Финландия чегарачиларига кўра, одамларни Финландияга олиб кетишга тўғри келган, чунки рус чегарачилари уларни қайтариб қабул қилмаган. Улар асосан Сомали фуқаролари бўлган.

Сўнгги кунларда Ироқ, Сурия, Яман ва бошқа Яқин Шарқ давлатларининг юзлаб фуқаролари Финландияга бориш учун Россия чегарасини кесиб ўтди, деб ёзади YLE News. Август ойидан бери бошпана учун ариза берувчилар сони ортиб бормоқда, бироқ уларнинг аксариятида Финландияга кириш учун керакли ҳужжатлар йўқ. Финляндия чегара қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари Маркку Ҳассиненнинг айтишича, расмийлар буни «аниқ ташкил этилган» деб ҳисоблайди, чунки «у ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин эмас». «Бу миллий хавфсизликка жиддий таҳдид бўлиб, шарқий чегара ҳудудидаги ҳукуматлар фаолиятига оғир юк бўлиб тушмоқда», деди Ҳассинен.

Мавзуга оид