Жаҳон | 13:01 / 22.11.2023
2899
2 дақиқада ўқилади

Европарламент Киевда офис очиш масаласини муҳокама қилмоқда

Брюссел ва Страсбург Киевда Европарламент офисини яратиш ҳақидаги қарорни ҳали тасдиқламади, бироқ бу масала анчадан бери кўриб чиқилмоқда, дея хабар берди DW манбалари.

Фото: Ukrainian Presidentia/Zuma/IMAGO

Европарламент ва Украина томони Киевда Европарламент офисини очиш масаласини фаол муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда 21 ноябр, сешанба куни DW’га жараёнга яқин манбалар маълум қилди. Уларнинг маълумотларига кўра, бу масала аввалроқ ишлаб чиқилган ва муҳокамалар давом этмоқда, бироқ ҳозирча аниқ келишувга эришилмаган. 

DW суҳбатдошларидан бири таъкидлаганидек, бу масала раислар конференциясида ҳал қилиниши керак. Унинг навбатдаги йиғилиши 23 ноябр, пайшанба куни бўлиб ўтади, бироқ шу куни қарор қабул қилинадими-йўқми, бу номаълум. 

Раислар конференцияси Европарламентнинг Европа Иттифоқининг бошқа институтлари, миллий парламентлари ва Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар билан алоқалари учун масъул сиёсий органидир. Раислар конференцияси Европа парламенти спикери ва сиёсий гуруҳлар раисларидан иборат. 

Европарламент Украинада офис очиш режаларини ҳали тасдиқламади 

Европарламент DW нашрига «ҳозирда» Киевда офис очиш нияти ҳақидаги маълумотни тасдиқлай олмаслигини билдирди. 

28 ноябр куни Олий рада спикери Руслан Стефанчук Брюсселга ташриф буюриб, Европарламент раиси Роберта Метсола билан учрашади. Улар парламентлараро ҳамкорлик меморандумини имзолаши кутилмоқда. 

Европарламентнинг Украинада Олий радани қўллаб-қувватлашни кучайтириш учун ваколатхонасини очиш ҳақидаги қарори ҳақида 21 ноябр куни кечқурун Euractiv ўз қўлига тушган ҳужжатга таяниб хабар берди. Ушбу ҳужжатга кўра, нашрнинг ёзишича, Киевда бўлиш Европарламент қўмиталарини нафақат Украинанинг ўзи, балки Шарқий ҳамкорлик мамлакатларидаги «жорий муаммолар ва жараёнлар ҳақида мунтазам маълумот» билан таъминлайди. Матнда тушунтирилишича, Украина президенти Володимир Зеленский 4 март куни Лвивга ташрифи чоғида Метсолага шундай ваколатхона яратиш илтимоси билан мурожаат қилган. Апрел ойининг охирида Стефанчук бу масалани яна кўтарди. 

Мавзуга оид