Ўзбекистон | 15:36 / 01.12.2023
7997
2 дақиқада ўқилади

Мустақил изланувчиликка ҳужжат топширишда тил сертификати талаб қилинмайдиган бўлди 

Олий таълимдан кейинги таълимнинг танловлар ўтказилмайдиган шакллари – мустақил изланувчилик, яъни фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаларига даъвогарлар учун тил сертификати талаб қилинмайдиган бўлди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Kun.uz’га маълум қилди.

Олий таълимдан кейинги таълим институтларининг танловлар ўтказилмайдиган шаклларига (мустақил изланувчилик) ҳужжат топширишда талабгорлардан миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат талаб этилмаслиги белгиланди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш агентлигининг Олий таълимдан кейинги таълим институтлари мавжуд таълим ташкилотларига 2023 йил 28 ноябрда жўнатган хати эълон қилинди. Ҳужжат ҳақиқийлигини вазирлик матбуот хизмати Kun.uz’га тасдиқлади.

Бунда таянч докторантура, докторантура, мақсадли таянч докторантура ва мақсадли докторантура учун танловлар ўтказилади ва белгиланган тартибдаги тил сертификати талаб қилинади. Фақатгина танловлар ўтказилмайдиган шакллар (мустақил изланувчилик – фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаларига даъвогарлар учун тил сертификати талаб қилинмайди.

Маълумот учун, президентнинг 2021 йилдаги тегишли қарорида олий таълимдан кейинги таълимга ҳужжат топшириш учун филологик йўналишларда C1, нофилологик йўналишлар учун эса камида Б2 даражадаги чет тилини билиш сертификати талаб қилиниши белгилаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, сал олдинроқ олий таълимдан кейинги таълим шаклларида ўқиш истаги борлар Kun.uz'га мурожаат қилиб, Б1 даража сертификати бор талабгорларни шартли равишда қабул қилинишини сўрашганди. Вазирлик вакили бу бўйича докторантура йўналишлари учун қабулда тил сертификатини табақалаштириш таклифи кўриб чиқилаётганини маълум қилганди.

Мавзуга оид