Путин меҳнат мигрантлари Россия иқтисодиёти манфаатларига мос келиши кераклигини айтди
У меҳнат мигрантларини Россиядаги ҳаёт ва иш учун тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.
Меҳнат мигрантлари Россия иқтисодиёти манфаатларига мос келиши, мамлакат маданияти, анъаналари ва қонунларини ҳурмат қилиши керак. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин гапирди ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ҳам ҳурмат қилиниши кераклигини таъкидлади.
«Биз, энг аввало, Россия иқтисодиёти манфаатларига мос келадиган меҳнат ресурсларини жалб қилишимиз керак. Яъни бу одамлар тил, этник-маданий нуқтаи назардан тайёрланиши, урф-одатларимизни, қонунларимизни билиши ва ҳурмат қилиши керак. Биз эса МДҲ давлатлари ва Марказий Осиёдаги ҳамкасбларимиз билан биргаликда бу борада ҳамкорликда ишлаяпмиз», деди Путин Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш йиғилишида.
Унинг сўзларига кўра, Россия МДҲ мамлакатларида рус тилида ўқитадиган мактаблар очмоқда ва тадбирлар ўтказмоқда.
«Аммо бу шуни истисно этмайдики, келганларнинг ҳаммаси, яна такрор айтаман, Россия қонунларига риоя қилиши, маданий анъаналаримизни, халқларимиз анъаналарини ҳурмат қилиши керак. Лекин, албатта, цивилизациялашган давлат сифатида биз ҳам уларнинг ҳуқуқларини таъминлашимиз керак», деди Путин.
Унинг таъкидлашича, мигрантлар ҳуқуқлари масаласи «ўта долзарб».
«Бу ерда этномаданий мувозанатни сақлаш керак деган фикрга қўшиламан. Албатта, бу соҳада содир бўлаётган ҳамма нарса, биринчи навбатда, иқтисодиёт манфаатлари, ишчилар етишмаслиги билан боғлиқ. Лекин, албатта, бу одамларни тайёрлаш керак», деди президент.
Шу билан бирга, у, биринчи навбатда, барча соҳаларда Россия фуқароларининг манфаатларини биринчи ўринга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Мавзуга оид
21:50 / 17.11.2024
Берлинда Россия мухолифати томонидан уюштирилган урушга қарши марш бўлиб ўтди
14:56 / 17.11.2024
Ижросини 11 йил кутган “ҳукм”: 18 ёшли чечен қизни зўрлаб ўлдирган россиялик зобит тақдири ҳақида
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024