Финландия ва Россия чегарасига 55 нафар Frontex чегарачиси етиб келди
Frontex’нинг Финландия шарқидаги миссияси январ ойи охиригача режалаштирилган, бироқ у узайтирилиши мумкин. Бу Европа Иттифоқининг ташқи чегаралари хавфсизлигини мустаҳкамлаш зарурати билан боғлиқ.
Европа чегара ва қирғоқни қўриқлаш агентлиги - Frontex’нинг 55 нафар ходими Финландия чегара хизматини қўллаб-қувватлаш учун Финландия-Россия чегараси ҳудудига етиб келди. Уларнинг аксариятининг вазифаси чегарани кузатиш бўлади, деди Frontex вакили Петр Свиталский 7 декабр, пайшанба куни. Миссия ҳозирда январ ойининг охири билан чекланган, аммо бу сана «керак бўлса» ўзгартирилиши мумкин, деди у.
Свиталскийнинг сўзларига кўра, Frontex «мигрантлар ёрдамида босим қўллаш Кремл воситалардан бири эканлигини» билади, шунинг учун агентлик чегарадаги бундай ҳаракатлар Россия томонидан давом эттирилишини кутмоқда.
Айни пайтда, AFP агентлиги Финландия чегарачиларига таяниб, чегара ҳудудида ҳали ҳам «учинчи мамлакатлардан келган муҳожирларнинг катта гуруҳлари» борлигини билдирди. Финландия чегара хизмати ҳозирги вазият узоқ вақт давомида ижобий томонга ўзгармаслигини кутмоқда.
Frontex ЕИ чегараларида хавфсизликни кучайтириш зарурлигига ишора қилмоқда
Агентлик ноябр ойи охирида Финландия чегара зонасига Россия билан чегарадаги мавжуд вазиятга жавобан 50 га яқин зобит, шунингдек, патрул машиналари ва бошқа техникаларни жўнатиш қарорини эълон қилди. Шу тариқа, Frontex Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини ҳимоя қилиш, Европа Иттифоқи хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва трансчегаравий жиноятчиликни бостириш бўйича Joint Operation Terra 2023 фаолиятини кенгайтирмоқда. Илгари Европа агентлигининг жами 10 нафар ходими Финландия чегараларда ишлаган.
«Frontex’нинг Финландияни қўллаб-қувватлаши логистика доирасидан ташқарига чиқади ва Европа Иттифоқининг ўз аъзоларидан бирига таъсир қиладиган гибрид муаммоларни ҳал этишда бирлашган позицияни намойиш этади. Бу ҳамкорлик мураккаб чегара муаммоларини ҳал қилишда Европа бирлашган жабҳа сифатида туришини ва аниқ ҳаракатлар шаклида ёрдам беришини кўрсатади», - деди Frontex бош директори Ханс Лейтенс.
Финландия ва Россия чегарасидаги инқироз
Ноябр ойининг охирида Финландия Россия билан чегарасидаги охирги назорат пунктини икки ҳафтага ёпди ва шу орқали Россия билан қуруқликдаги чегарани бутунлай ёпди. Фақат «Вайниккала» темирйўл назорат пункти очиқ қолди. Декабр ойи ўрталарида Финландия чегарани қисман очишга ҳозирлик кўрмоқда, бироқ назорат пунктлари кейин яна ёпилиши мумкинлигини истисно этмаяпти.
Финландия расмийлари бу қарорни Россия чегараси орқали Яқин Шарқ ва Африкадан ноқонуний муҳожирлар оқими фонида қабул қилди. Ҳелсинки Москвани ушбу миграция инқирозини уюштирганликда гумон қилмоқда. Бутун шарқий чегарани ёпиш қарори «Финландия миллий хавфсизлигини Россиянинг гибрид операциясидан ҳимоя қилиш учун» қабул қилинди, деди бош вазир Петтери Орпо. Эстония ҳукумати ҳам чегарани ёпиш имконияти ўрганиб чиқилаётганини эълон қилди.
Финландия декабр ойи ўрталарида чегарани қисман очишга ҳозирлик кўрмоқда, бироқ назорат пунктлари кейин яна ёпилиши эҳтимолини истисно этмаяпти.
Мавзуга оид
21:50 / 17.11.2024
Берлинда Россия мухолифати томонидан уюштирилган урушга қарши марш бўлиб ўтди
14:56 / 17.11.2024
Ижросини 11 йил кутган “ҳукм”: 18 ёшли чечен қизни зўрлаб ўлдирган россиялик зобит тақдири ҳақида
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024