Жаҳон | 16:13 / 13.01.2024
4380
2 дақиқада ўқилади

Лондон Киевга ҳарбий ёрдамни 2,9 млрд еврогача оширяпти

Британия бош вазири Риши Сунак Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув олдидан: «Британиянинг Украинани қўллаб-қувватлаши тўхтаб қолмайди», деди.

Фото: Ludovic Marin/AFP

Келгуси молиявий йилда Британия Украинага ҳарбий ёрдамни 2,5 миллиард фунт стерлинггача (2,9 миллиард еврогача) оширади. Бу ҳақда Британия бош вазири Риши Сунак 12 январ, жума куни Киевга ташрифи олдидан айтиб ўтди. «Британиянинг Украинани қўллаб-қувватлаши тўхтаб қолмайди», деб ваъда қилди Британия ҳукумати раҳбари, у шу куни Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди.

Сунак Киевда икки томонлама хавфсизлик кафолатлари бўйича янги шартнома имзолади. Шунингдек, у Россия ҳаво ҳужумлари оқибатларини бартараф этаётган қутқарувчилар билан учрашди ва 20 миллион еврога яқин гуманитар ёрдам ва Украина энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлашга ёрдам беришини эълон қилди.

Украина учун янги ёрдам пакети узоқ масофали ракеталар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва артиллерия снарядларини ўз ичига олади. 200 миллион фунт стерлингдан ортиқ маблағ разведка ва ҳужумкор учувчисиз учиш қурилмалари ҳамда узоқ масофага учувчи денгиз дронларини сотиб олишга сарфланади.

Британиянинг Украинага ҳарбий ёрдами 

Британия томони маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Британия Киевга 4,6 миллиард фунт стерлинг (5,4 миллиард евро) миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатган. Бундан ташқари, 2014 йилдан бери 52 минг украиналик ҳарбий хизматчи Британияда малака оширди.

2023 йил декабр ойида Британия ва Норвегия Украинанинг денгиз салоҳиятини мустаҳкамлаш учун яратилган «Денгиз салоҳияти коалицияси»ни ишга туширганини эълон қилди.

Мавзуга оид