Жаҳон | 07:41 / 18.01.2024
17301
3 дақиқада ўқилади

Politico: Хитой вакили Зеленский билан Давосда учрашишдан бош тортди

Украина президенти, ўз навбатида, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян билан учрашув унинг давлат раҳбари мақомига мос келмаслигини айтди. 

Фото: Fabrice Coffrini/AFP

Хитой делегацияси Украина томонининг бундай музокараларни ташкил этиш истагига қарамай, Швейцарияга ташрифи чоғида Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашмади. Бу ҳақда Politico онлайн-нашри 17 январ, чоршанба куни номи ошкор этилмаган америкалик манбаларга таяниб ёзди

«Пекин Киевнинг Швейцарияга ташрифи чоғида қайсидир вақтда учрашув ўтказиш ҳақидаги илтимосини рад этди», — дея иқтибос келтиради нашр америкалик юқори мартабали мулозимдан. Анонимлик шарти билан гаплашган яна бир расмийнинг тушунтиришича, Россия Пекинни Киев билан дипломатик алоқаларни тўхтатишга чақирганидан кейин Хитой Украина вакиллари билан ҳар қандай учрашувдан бош тортган. 

Шу билан бирга, Украина расмийларидан бири Politico’нинг изоҳ бериш ҳақидаги сўровига жавобан, ХХР вакиллари билан учрашув Украина делегациясининг жадвалида йўқлигини ва Киев Пекиндан бундай учрашувни сўрамаганини айтди. Хитой делегацияси сўровга жавоб бермади. 

Зеленский Ли билан Швейцарияда учрашиши мумкинлиги ҳақида 

Брюссел Хитойни Украина президенти Володимир Зеленский билан тўғридан тўғри алоқани тиклашга чақириб, унинг Хитой бош вазири Ли Цян билан Давосдаги учрашуви ижобий қадам бўлиши мумкинлигига ишонади, деб ёзади Politico Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийсига таяниб.

Ўз навбатида, Володимир Зеленский Давосда Ли билан учрашиш нияти йўқлигини, чунки у давлат раҳбари эмаслигини айтди. «Хитойнинг бош вазири бор - бизнинг бош вазиримиз у билан учрашади. Мен Хитой раҳбари билан учрашишни истардим. Билишимча, Си Жинпинг қарор қабул қилади, Украинада эса мен қарор қабул қиламан. Менга ҳеч қандай мулоқот керак эмас, менга бу қарорларни қабул қиладиган етакчиларнинг муҳим қарорлари керак», — дея Зеленскийнинг Давосдаги якуний матбуот анжуманидаги баёнотидан иқтибос келтиради Украинанинг Strana.ua онлайн-нашри.

Давосда Украина бўйича конференция 

14 январ куни Давосда 83 давлат ва халқаро ташкилотлар иштирокида бўлиб ўтган Украинадаги вазиятни тинч йўл билан тартибга солиш бўйича конференция бошланишидан олдин, Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Хитой ҳам тинчлик музокараларига қўшилиши ва Зеленский Давосда Хитой бош вазири Ли билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлиши кераклигига ишора қилди, деб эслатади Politico. 

Пекиннинг бундай учрашувни ўтказишдан бош тортиши, журналистларга кўра, «Хитой Россиянинг Украинадаги кенг кўламли урушига чек қўйиш ниятида эмаслигидан далолатдир: «бунинг ўрнига, у Россия томонига ўтиб, ғарб босими ва санкцияларига қарамай, Москвани ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун материаллар билан таъминлади». 

Мавзуга оид