Полша Украина учун G7 кафолатларига қўшилди
Варшава Украина урушда ғалаба қозониши учун қўлидан келган барча ишни қилади, деди Полша бош вазири Доналд Туск Киевда, у Полша хавфсизлиги ҳам «хавф остида» эканини таъкидлади.
Полша НАТОнинг Вилнюсдаги саммитида қабул қилинган Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича G7 декларациясига қўшилди, деди Полша бош вазири Доналд Туск 22 январ, душанба куни Киевга ташрифи чоғида. «Ушбу декларация демократик мамлакатларни Украинани қўллаб-қувватлашга сафарбар қилишга қаратилган», — дея X ижтимоий тармоғида Тускнинг сўзларидан иқтибос келтиради унинг идораси.
Украина президенти Володимир Зеленский билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида нутқ сўзлаган Доналд Туск Полша Украина билан молиявий ва ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини ва Россия бошлаган урушда «Украинанинг ғалаба қозониш имкониятларини ошириш» учун қўлидан келган барча ишни қилишини айтди. «Бу курашда Полша миллати ва Полша давлати хавфсизлиги ҳам хавф остида», деди у.
Ўз навбатида, Зеленский Туск билан Украина ва Полша ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг барча жиҳатлари бўйича «жуда самарали» музокаралар олиб борганини айтди. «Полшанинг янги мудофаа пакети мавжуд. Биз бундай доимий ёрдамни қадрлаймиз. Украина эҳтиёжлари учун қурол-яроғ сотиб олишнинг кенг кўламли бўлиши бўйича ўзаро ҳамкорлигимизнинг янги шакли мавжуд - бу Украина учун Полша кредити», - деб ёзган Украина президенти.
Полша ва Украина келишмовчиликларни бартараф этишга тайёр
Полша ва Украина раҳбарлари, шунингдек, икки давлат ўртасидаги барча баҳсли масалаларни, жумладан, Полша-Украина чегарасида сўнгги норозилик намойишлари билан боғлиқ келишмовчиликларни ҳам ҳал қилишга ваъда берди.
«Биз бош вазир билан барча муҳим масалаларни ҳукумат даражасида ҳал этиш мумкинлигини муҳокама қилдик ва бу борадаги ишлар яқин орада бошланади», — деди Володимир Зеленский. Доналд Тускнинг сўзларига кўра, Полша ва Украина юклар транзитига тўсқинлик қилаётган чегара масалалари бўйича умумий нуқтайи назарга эга.
Киев ва Варшава ўртасидаги муносабатлар сўнгги пайтларда Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Полша орқали экспорт қилиш бўйича келишмовчиликлар, шунингдек, полшалик юк ташувчиларнинг Украина юк ташуви учун урушдан олдин Европа Иттифоқига кириши учун зарур бўлган мажбурий рухсатномалар бекор қилинишига қарши норозиликлари туфайли ёмонлашган эди.
Туск Киевга 22 январ куни эрталаб етиб келди, бу унинг Полша бош вазири лавозимига қайтганидан кейин Украинага илк сафари.
Мавзуга оид
19:41
Россия колоннаси Купянскка ёриб кирган, аммо Украина уни яксон қилганини айтмоқда. Нималар маълум?
14:34
Полшада ЙТҲда жабрланган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилди
10:11
Германия Украинада ҳалок бўлган 10 фуқароси ҳақида маълумотга эга
09:31