Bloomberg: АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдам бўйича «Б режаси» йўқ
Оқ уй 2023 йил кузидан бери Киевга ёрдам беришни кечиктираётган республикачилардан ҳам, европалик ҳамкорлардан ҳам ҳафсаласи пир бўлган.
АҚШда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласи бўйича «Б режаси» йўқ, Конгресс томонидан блокланган 60 миллиард доллар бундан мустасно. Бу ҳақда 11 апрел, пайшанба куни Bloomberg агентлиги номи ошкор этилмаган америкалик расмийларга таяниб хабар берди. Оқ уй 2023 йил кузидан бери Киевга ёрдам беришни кечиктираётган республикачилардан ҳам, Жо Байден маъмуриятига кўра, Россия Федерациясининг музлатилган активларидан тушган фойдани Украинага ўтказиши керак бўлган европалик шериклардан ҳам ҳафсаласи пир бўлди, дея қайд этади агентлик суҳбатдошлари.
Бундан ташқари, Вашингтоннинг ишончи комилки, ЕИ давлатлари ўз захираларидан Киевга Patriot ҳаво мудофаа тизимларини етказиб беришни ташкил қилиши мумкин, бу зарурият Украина расмийлари томонидан бир неча бор таъкидланган.
2024 йил март ойида Киевга ташрифи чоғида АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Украинага ҳарбий ёрдам бериш тўғрисидаги қонун лойиҳаси икки томонлама қўллаб-қувватланишига ваъда берди ва бу масалада «Б режаси»ни муҳокама қилишдан бош тортди. Салливан республикачилар ва демократлар аниқ қачон келишувга эришишини айтмади.
АҚШ парламентида Украинага ёрдам бўйича тортишувлар
Икки йилдан буён Россия ҳужумига қарши курашиб келаётган Украинага ҳарбий ёрдам учун янги маблағ ажратилиши бўйича 2023 йил кузидан бери АҚШ Конгрессида бир қарорга кела олинмаяпти. 13 феврал куни АҚШ парламентининг демократлар назоратидаги юқори палатаси – Сенат Украина, Исроил ва Тайванга 95,3 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Киев бундан 60,06 миллиард доллар олиши керак.
Бироқ бу ҳужжат Республикачилар партияси вакиллари кўпчиликни ташкил қилувчи Вакиллар палатасидан ўтмаслиги мумкин. Конгресс қуйи палатаси спикери Майк Жонсон аллақачон қонун лойиҳаси ҳозирги кўринишида қабул қилинмаслигини айтди, чунки унда республикачилар таъкидлаётган АҚШ жанубий чегарасини ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш назарда тутилмаган.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам АҚШ Конгрессини Киевга 60 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини имкон қадар тезроқ тасдиқлашга чақирди. Қўшма Штатлар бундай ёрдамни қанча вақт кечиктирса, украиналиклар фронтда шунчалик кўп ҳалок бўлади, дея огоҳлантирди Столтенберг.