Жаҳон | 08:22 / 18.04.2024
3530
3 дақиқада ўқилади

ЕИ давлатлари Эронга қарши янги санкциялар бўйича келишиб олди

Эронга қарши янги санкциялар «дрон ва ракеталар билан боғлиқ» бўлади. Европа Иттифоқи Эрон ва Исроилни максимал даражада вазминликка чақирди.

Фото: AP / Vahid Salemi

Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари Брюсселдаги саммитда Исроилга ҳужуми учун Эронга қарши санкцияларни кенгайтиришга келишиб олди. «Биз Эронга қарши қўшимча санкциялар жорий этишга қарор қилдик, бу биз юбормоқчи бўлган аниқ сигналдир», деди 18 апрел, пайшанбага ўтар кечаси Европа кенгаши раиси. Унинг таъкидлашича, Эрон халқаро изоляцияга тушиб қолиши керак.

«Европа кенгаши Эроннинг Исроилга ҳужумини қатъий ва сўзсиз қоралайди ҳамда Исроил халқи билан тўлиқ бирдамлигини, Исроилнинг минтақадаги хавфсизлиги ва барқарорлигига содиқлигини тасдиқлайди», дейилади йиғилишнинг биринчи куни якунида қабул қилинган декларацияда. Ҳужжатга кўра, чеклов чоралари «дрон ва ракеталарга ҳам тегишли» бўлади. Мишел ҳали янги санкциялар тафсилотларини аниқлаштирмади.

ЕИ Исроил ва Эронни максимал даражада вазминликка чақирди

Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчилари можаронинг барча томонларини максимал даражада вазминлик кўрсатишга чақирди. «Европа кенгаши Эрон ва унинг ишончли вакилларини ҳар қандай ҳужумларни тўхтатишга, шунингдек, барча томонларни максимал даражада вазминликка ва минтақадаги кескинликни кучайтирувчи ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишга чақиради», дейилади якуний баёнотда.

Аввалроқ Германия канцлери Олаф Шолц Исроилни Эронга жавобан оммавий ҳужумдан тийилишга, Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок вазминликка чақирган эди. 

Эроннинг Исроилга ҳужуми

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга ҳаводан катта ҳужум уюштирди. Исроил мудофаа кучлари маълумотларига кўра, 170 та дрон, 120 дан ортиқ баллистик ракеталар ва 30 дан ортиқ қанотли ракеталар мамлакатга ҳужум қилишга уринган, бироқ Исроил ва унинг иттифоқчилари уларнинг 99 фоизини, аксариятини - мамлакат ташқарисида уриб туширишга муваффақ бўлган. Фақат бир нечта ракета Исроил ҳудудига етиб борди, жанубдаги авиабазага тушиб, «кичик зарар» келтирди», дейилади ЦАҲАЛ хабарида.

Эрондан ташқари, Исроилга ҳужумлар Яман ҳусийчилари, шунингдек, Ироқ ҳудудидан эронпараст гуруҳлар томонидан амалга оширилган. 

10 апрел куни Теҳрон Исроилга Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирилган ҳужум учун жавоб қайтариш билан таҳдид қилган эди. Ҳужум оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди. Шундан сўнг Эроннинг олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий «сионистик режим жазоланишини» айтди. 

Мавзуга оид