Жаҳон | 11:55 / 15.07.2024
3110
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Украина ҳамкорларига ёрдам учун миннатдорчилик билдирди

Украина президенти АҚШга сафари якунларини сарҳисоб қилди. У Киевга ёрдам бергани учун шерикларига миннатдорчилик билдирди ва янги қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида эълон қилди.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШга ташрифи натижаларига кўра Киевга янги ёрдам ажратилишини кутаётганини айтди. Хусусан, у 14 июл, якшанба куни ижтимоий тармоқларида эълон қилинган мурожаатида «янги Patriot тизимлари ва бошқа ўнлаб ҳаво мудофаа тизимлари бўйича қарорлар қабул қилинмоқда», деб таъкидлади.

Зеленский Киевга Россия тажовузини қайтаришда ёрдам беришда давом этаётган давлатларга миннатдорчилик билдирди ва Украинанинг Полша, Люксембург ва Руминия билан имзолаган янги хавфсизлик келишувларини эслатди. Бундан ташқари, у Чехия, Словения ва Ирландия билан янги шунга ўхшаш келишувлар ҳақида эълон қилди. 

Украина давлати раҳбари Вашингтонда бўлиб ўтган НАТО саммитида имзоланган Украина бўйича шартномани ҳам ижобий баҳолади. «Ҳаммаси аскарларимизни қуроллантириш, Украинада ва у билан бирга мудофаа компаниялари ишлаши ва тикланишимизни қўллаб-қувватлаш ҳақида», деди у. 

Ниҳоят, Зеленский АҚШга ташрифи чоғида маҳаллий губернаторлар билан учрашганини ва шу боис энди маҳаллий ҳокимиятлар даражасида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Украина минтақалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказишини айтди. «Соғлиқни сақлаш, бошпана, мудофаа саноати ва бошқалар. Қўшма Штатлар барча даражаларда ёрдам беришга тайёр», — дея хулоса қилди Зеленский. 

Украина президенти Доналд Трампга суиқасдга яна бир бор изоҳ берди. У буни «фақат қоралаш мумкин бўлган даҳшатли жиноят» деб атади ва бу «демократияга глобал таҳдидлар қанчалик жиддий эканини» кўрсатади, деди. «Ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай жойда зўравонлик ҳеч қачон ғалаба қозонмаслиги керак. Ишончим комилки, Америка бу синовдан ўтади. Жаноб Трампга тезроқ тузалиб кетишини тилайман. Бундан жабрланган барчага куч тилайман. Барча ёвуз ниятлар барбод бўлсин», - дейди Зеленский. 

Украина бўйича янги шартнома 

11 июл куни 24 давлат, шунингдек, Европа Иттифоқи Украина бўйича келишув тузилганини эълон қилди. Европа комиссияси веб-сайтида тушунтирилганидек, унинг мақсади Украина кенг қамровли хавфсизлик эҳтиёжларини қондириш учун жамоавий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва тезлаштиришдир. 

«Ушбу шартнома билан биз Украина ўз эркинлиги, мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бугун муваффақиятли ҳимоя қилиш ва келажакда тажовузкорлик ҳаракатлари олдини олишини таъминлаш бўйича доимий ният ҳамда мажбуриятларимизни эълон қиламиз», - дея таъкидлади келишувни имзолаган давлатлар, жумладан Германия, Франция ва Испания ҳамда бошқа қатор Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек, Япония, Канада ва АҚШ. 

Шартномани имзолаган давлатлар, шу қаторда, Россиянинг Украинага янги ҳужуми содир бўлган тақдирда, Киевни ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишда қўллаб-қувватлаш чораларини аниқлаш учун «юқори даражада» зудлик билан йиғилиш ўтказиш мажбуриятини олди. Буларга «тезкор ва барқарор хавфсизлик ёрдамини кўрсатиш», шунингдек, «Россияга иқтисодий ва бошқа харажатларни юклаш» киради. 

Мавзуга оид