Жаҳон | 20:11 / 26.10.2024
5100
2 дақиқада ўқилади

Microsoft раҳбарининг маоши 79 млн долларни ташкил этди

Корпорация раҳбари Сатя Наделла Директорлар кенгаши қўмитасидан ўзига тўланадиган маошни қисқартиришларини сўраган.

Фото: Getty Images

Microsoft корпорацияси 2024 молиявий йил якуни бўйича бош директор Сатя Наделлага тўланадиган мукофот пулини 30 миллион доллардан зиёдга оширди. Аввалроқ у ўз маошини камайтиришларини таклиф қилганди, деб хабар беради CNBC.

Microsoft ҳисоботларига кўра, корпорация раҳбарига тўланадиган маош тартиби ўзгарган: пул мукофоти улуши камайган, компенсация пакетининг қолган қисмини корпорация акциялари ташкил этган.

Тўланадиган маош миқдорини белгилайдиган Директорлар кенгаши қўмитаси Наделланинг 2023 йил июл ойида фош этилган ахборот хавфсизлигига боғлиқ можаро бўйича чора кўриш борасидаги илтимосини инобатга олган. Компания маълумотларига кўра, Хитой ва Россия ҳакерлари Microsoft почта серверларига киришга муваффақ бўлганди.

Microsoft бош директор ва Директорлар кенгаши томонидан ахборот хавфсизлиги бўйича назоратни кучайтиришга ваъда берган. Май ойида Наделла ходимларини хавфсизлик масалаларига устувор аҳамият қаратишга чақирганди.

Июнда компания ходимларнинг хавфсизликни таъминлаш борасидаги меҳнатларини инобатга олиб, уларга тўланадиган маошни оширишга қарор қилди. Натижада ўз маоши камайтирилишини сўраган Наделла 5,5 миллион доллар камроқ пул олди. Аввалига унга 10,66 миллион доллар тўланиши керак эди. Шунга қарамай, умумий мукофот пули 63 фоизга ошиб, 79,1 миллион долларни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Microsoft бош директори Сатя Наделла ўзига тегишли компания акцияларининг ярмини сотганди. Ўшанда Наделла икки кун ичида 1,7 миллион дона акциясидан 838 минг 584 донасини 285 миллион долларга сотган.

Мавзуга оид