Ўзбекистон | 17:21 / 29.10.2024
3166
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда Ўзбекистон 5,5 млрд долларгача ташқи қарз олиши мумкин

Кейинги йилда жалб қилинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд доллар бўлиши кутиляпти. Шундан 3 млрд доллар давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун, қолган қисми эса инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади. ИМВ 2024 йил якунида давлат қарзи ЯИМга нисбатан 35,5 фоиз, 2025–2027 йилларда 36,7-37 фоиз оралиғида шаклланишини прогноз қиляпти. 

Фото: Getty images

2025 йилда Ўзбекистон номидан ва кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд доллар миқдорида бўлади. Бу ҳақда 2025–2027 йиллар учун ишлаб чиқилган Бюджетнома лойиҳасида келтириб ўтилган.

5,5 млрд доллардан 3 млрд доллари давлат бюджети тақчиллигини молиялаштиришга, қолган қисми эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилади.

«Ўрта муддатда консолидациялашган бюджет тақчиллиги бўйича киритилган бюджет қоидасига амал қилиш орқали бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинадиган ташқи қарзлар ошишининг олдини олиш, бунда ташқи қарзларни, асосан, юқори самарали инвестиция лойиҳаларига жалб қилиш орқали давлат қарзининг ЯИМга нисбатан ўсиш суръатини секинлаштириш чоралари кўрилади», дейилади қонун лойиҳасида.

Давлат қарзи 2024 йил 1 июл ҳолатига 37 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 33,2 фоизни ташкил қилган. Шундан:

  • давлат ташқи қарзи – 30,9 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 27,7 фоиз;
  • давлат ички қарзи – 6,1 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 5,5 фоиз.

ИМВ 2024 йил якунида давлат қарзи ЯИМга нисбатан 35,5 фоиз, 2025–2027 йилларда 36,7-37 фоиз оралиғида шаклланиши прогноз қилябди.

Мавзуга оид