Жаҳон | 11:56
14129
7 дақиқада ўқилади

Авиация тарихидаги ғалати ҳалокат: учувчи нега самолётни тоғга олиб бориб урганди?

2015 йилда кутилмаган авиаҳалокат содир бўлади. Бортида 150 киши бўлган А-320 самолёти Франциядаги тоғга бориб урилади ва барча ҳалок бўлади. Текширувларда самолётни иккинчи учувчи тоғга олиб бориб ургани ойдинлашади.

Фото: Kun.uz

Фуқаро авиация тарихида жуда кўплаб ҳалокатлар юз берган. Уларнинг айримлари носозлик, учувчиларнинг тажрибасизлиги, эътиборсизлиги туфайли содир бўлган.

Бошқаларида эса табиий офатлар ёки бошқа омиллар ҳалокатга сабаб бўлган. Айрим ҳолларда йўловчи самолётлар чегарани бузиб ўтди баҳонаси билан «душман» давлат томонидан уриб туширилган.

2015 йилда Европада Германия авиакомпаниясига қарашли самолёт мутлақо кутилмаган сабаб билан ҳалокатга учрайди. Иккинчи учувчи А-320 самолётини тоғга олиб бориб уради.

Ҳалокат

2015 йил 24 март куни соат 10:00 да Германиянинг Germanwings авиакомпаниясига қарашли А-320 самолёти Барселона-Дюсселдорф қатновини амалга ошириш учун ҳавога кўтарилади.

Бу авиакомпания Lufthansa’нинг шуъба корхонаси бўлиб, асосан арзон парвозларни амалга оширади.

Самолётни икки учувчи бошқараётган эди. Экипаж командири Патрик Зондҳаймер 14 йиллик тажрибага эга, маҳоратли учувчи эди.

Иккинчи учувчи, 27 ёшли Андрес Лубиц ҳам етти йиллик тажрибага эга бўлган ва қарийб минг соат парвоз қилганди. Улардан ташқари, самолётда 4 нафар борт кузатувчиси ва 144 нафар йўловчи бор эди.

Барселона ва Дюсселдорф орасидаги парвоз вақти қарийб икки соат бўлиб, самолёт 11:55 да манзилга етиши керак эди. А-320 парвозни бошлаганидан сўнг 11 600 метр баландликка кўтарилади ва соатига 800 км тезликда уча бошлайди.

GermanWings авиакомпаниясининг А-320 самолёти

Соат 10:31 да самолёт Франциянинг Тулон шаҳри яқинидан учиб ўтади. Шундан сўнг бирданига А-320 нинг тезлиги пасаяди ва самолёт пастлай бошлайди.

Соат 10:41 да самолёт ер сатҳидан 2000 метр баландликда учаётганда радарлардан йўқолади. Бу пайтда у тоғга урилиб, парчаланиб кетган ва самолётдаги барча ҳалок бўлганди.

Қутқарувчилар самолёт бўлакларини Франциянинг Юқори Прованс департаменти ҳудудидан, денгиз сатҳидан 1500 метр баландликдан топади.

Суриштирувлар ва ҳалокат сабаби

Ҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича суриштирувларни Франция ва Германия фуқаро авиация хавфсизлиги бюроси олиб боради.

Ҳалокат содир бўлган куннинг ўзида етти нафар мутахассис ва самолётни ишлаб чиқарган Airbus компанияси вакиллари самолёт қулаган жойга етиб боради.

Мутахассислар ҳодиса юз берган жойдан самолётдаги «қора қути»ни топишади. Ускуна шикастланганди, бироқ ундаги ёзувлар сақланиб қолганди.

Орадан икки кун ўтиб, 26 март куни ўтказилган матбуот анжуманида франциялик мутахассислар ҳалокат онгли равишда иккинчи учувчи томонидан амалга оширилганини маълум қилишади. Бу хабар ҳаммани ҳайрон қолдиради.

Ускунадаги овозлар эшитиб кўрилганда ҳодисалар қуйидагича содир бўлгани маълум бўлади:

Экипаж командири қисқа вақтга учувчилар кабинасини тарк этади. У ортга қайтганда кабина эшиги ичкаридан ёпиб олинганди. Командир ва борт кузатувчилари ҳарчанд уринишмасин, эшикни оча олишмайди.

Аввалроқ учувчилар кабинасига террорчилар кириб самолётни гаровга олиш ҳолатлари тез-тез юз беравергани учун авиасозлар халқаро авиация бошқармаси талаби билан эшик бўйича хавфсизлик чораларини кучайтирганди.

Шу сабабли учувчилар кабинаси эшиги ичкаридан ёпиб олинса уни ташқаридан мутлақо очиб бўлмасди. Эшикни фақат ичкаридан очиш мумкин эди.

Экипаж командири ва борт кузатувчилари эшикни очиш учун беҳуда уринаётган пайтда иккинчи учувчи Андрес Лубиц самолётни пастлатиб, парвозни тўғри тоғларга қараб йўналтиради.

Самолёт Алп тоғларининг Францияга тегишли қисмида, Дин-ле-Бен ва Барселоннет шаҳарлари оралиғидаги тоғга бориб урилади.

Дастлабки суриштирув натижалари эълон қилингандан сўнг Марсел полицияси ҳалокатни «қасддан содир этилган» деб малакалайди.

2016 йил 13 март куни ҳодиса юзасидан сўнгги ҳал қилувчи ҳисоботлар эълон қилинади. Унга кўра, иккинчи учувчи Андрес Лубиц самолётни қасддан ҳалокатга учратган ва у бу ишда айбдор.

Аниқланишича, Андрес Лубиц ҳалокат содир этишидан аввал тушкунликка тушган ҳолда юрган ва унда руҳий муаммолар бўлган. Суриштирувлар давомида у ҳалокатдан тўрт ой олдин, 2014 йил декабр ойида бир нечта шифокорга кўрингани маълум бўлади.

Бироқ шифокорларнинг биронтаси авиакомпанияни учувчининг руҳиятида ўзгаришлар борлиги ва у даволаниши кераклиги ҳақида огоҳлантирмаган.

Ўшандан сўнг шу ҳалокат бўйича ишлаган мутахассислар халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига парвоздан аввал учувчиларнинг соғлигини ва руҳий ҳолатини текширувдан ўтказиш кераклиги бўйича тавсия беради.

Ҳалокатда энг кўп Германия фуқаролари – 66 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси ва Испания фуқаролари – 51 киши ҳалок бўлади.

Ўша куни самолёт бортида жами 19 давлат, шу жумладан уч нафар Қозоғистон фуқаролари бор эди. Ҳалок бўлганлар орасида Германиядаги гимназиялардан бирининг 16 нафар ўқувчиси ва икки нафар ўқитувчиси ҳам бўлган.

Шунингдек, қурбонлар орасида таниқли немис опера қўшиқчиси 33 ёшли Мария Раднер ва яна бир таниқли опера қўшиқчиси Олег Брижак ҳам бўлган.

Ҳалокатдан сўнг...

Ҳалокатдан сўнг Airbus концерни акциялари 2 фоизга, Germanwings авиакомпанияси акциялари эса 2,5 фоизга арзонлашади.

Дунёнинг аксарият давлатларида авиакомпаниялар томонидан парвоз чоғида учувчилар кабинасида ҳар доим камида икки киши бўлиши қоидаси жорий этилади.

Мабодо самолётни икки учувчи бошқарса улардан бирининг учувчилар кабинасини тарк этиши тақиқланади.

Germanwings авиакомпанияси ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат юзасидан Барселона-Дюсселдорф-Барселона йўналишларининг рақамларини ўзгартиради.

Ҳалокатдан сўнг бир неча ой ўтиб, Germanwings авиакомпанияси ҳар бир ўлган одам учун 25 минг евро, яна қўшимчасига қурбонларнинг яқин қариндошларига 10 минг евродан берилишини эълон қилади.

Ҳалок бўлганларнинг яқинлари бунга рози бўлишмайди. Улар авиакомпания товон пули миқдорини 100 минг еврога ошириши кераклигини талаб қилиб чиқишади.

Аввалига авиакомпания бу талабларга рози бўлмайди. Бироз вақт ўтиб товон пули миқдорини ҳар бир ўлган одам учун 50 минг еврога кўтаради. Яқин қариндошларга бериладиган 10 минг евро тўлов ўзгаришсиз қолади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид