“Кўниколмай каравотдан тушиб кетган” — талабалар ётоқхонасидаги саргузаштлар
Йўқолган янги қозон, чиқиндига ташлаб юборилгани яширилган идиш-товоқлар, ҳар кунлик жанжаллар бу — талабалар ётоқхонасидаги одатий саргузаштлар. Kun.uz Тошкентдаги талабалар ётоқхонасидан бирида бўлиб, бугунги давр талабалари қандай яшаётгани билан қизиқди.
Каравотга кўниколмаган 1-курс талабаси
“Мен билан бирга битта хонада турган 1-курс талабаси каравотга кўника олмаган. Кунларнинг бирида у каравотнинг иккинчи қаватидан тушиб кетган. Тунда тез ёрдам чақириб, шифохонага боришга мажбур бўлганмиз”, — дея ётоқхонада эсдан чиқмайдиган воқеаларни ҳикоя қилади 4-босқич талабаси Неъматжон Араббоев. Йўқолган янги қозон
“Талабаларнинг ҳамма қизиқарли воқеалари ётоқхона ошхонасида бўлади. Кимнингдир овқати йўқолади, яна кимнингдир нони йўқолади. Бизда ҳам шунақаси биринчи ойдаёқ бўлган. Янги қозон олганмиз, туш вақтида овқат қилганмиз. Кўпроқ қилганимиз учун кечга ҳам овқат қолганди. Кеч тушди, аммо не кўз билан кўрайликки, қозон йўқ. Қанча изласак ҳам овқатниям, қозонниям шу куни топа олмаганмиз. Аммо икки кундан сўнг қозон ошхонада пайдо бўлиб қолган, унда шундай ёзув бор эди: “Овқат учун рози бўлинглар, катта раҳмат” деган”, — дейди 2-босқич талабаси Дилшод Шавқиддинов.
Куйган дазмол
“Эрталабдан кийимимни дазмол қилишга тушгандим. Унинг тагига қарамаганман. Мендан олдин дазмолдан фойдаланган одам унинг тагини куйдириб қўйган экан. Оппоқ кофтамга дазмолни босишим билан уни қоп-қора қилиб қўйганман. Ўша куни ўтириб, роса йиғлаганман”, — дея талабаликни шундай воқеа билан бошлаган 1-босқич талабаси Сурайёхон Пўлатхонова.
Очилган сир
“Ётоқхонамизда тозаликка оид қоида бор: овқатланилгандан сўнг идиш-товоқларни ювиб, жойига солиб қўйиш керак. Мен навбатчилик вақтимда билмасдан шу идиш-товоқларни чиқиндига ташлаб юборганман. Бу ҳақида хонадошларимга айтмагандим. Эртаси куни овқат қилган вақтимизда уларга қўшилиб, идиш-товоқларни бирга излаганмиз. Кейинроқ янги идишларни сотиб олганмиз. Хонадошлар, агар мени кўраётган бўлсангиз, сизлардан узр сўрайман”, — дея кулиб эслайди Дилшод Шавқиддинов.
Харажатлар
Kun.uz билан суҳбатлашган ётоқхонада яшаётган талабалар бир ойда 1,5 млн сўмдан 3-4 млн сўмгача харажат қилишини айтди. 1–2-курс талабаларининг харажатлари асосан ота-оналар томонидан қопланади. Юқори курс талабалари эса ўқишдан ташқари ишлар орқали ўз харажатларини қоплашга ҳаракат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, талабалар суҳбатда ётоқхонадаги шароитлар, тез-тез содир бўлиб турадиган ҳолатлар, ётоқхона ва ижара уйлардаги фарқлар ҳақида гапириб берди.
Суҳбатни Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Гавҳар Зиёдуллаева тайёрлади
Оператор ва монтаж усталари : Зияддин Мамматжонов, Шоҳрузбек Абдурайимов
Мавзуга оид
13:58 / 31.10.2024
Ўзбекистонда кўпроқ қайси давлат фуқаролари таҳсил олаётгани маълум қилинди
16:57 / 25.10.2024
Талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича давра суҳбатлари ўтказилмоқда
15:21 / 25.09.2024
Муаммолар оғушидаги “олтин давр”: талабаларнинг ўқишга вақти борми ўзи?
15:23 / 21.09.2024